Ўзбекистон ва қўлқоп: Расул Кушербаев ижро ҳокимиятининг бу хатти-ҳаракатини маъқулламаслигини билдирди - O'zbekiston, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Ўзбекистон ва қўлқоп: Расул Кушербаев ижро ҳокимиятининг бу хатти-ҳаракатини маъқулламаслигини билдирди - депутатнинг наздида, "Қонуний асосга эга бўлмай туриб қилинаётган бундай ишлар ё монополия, ёки лоббизмдан дарак беради".

Ўзбекистондаги етакчи kun.uz интернет нашри бу хусусда депутатнинг фикри билан ҳам қизиққан.

Транспорт вазирлигининг жамоат транспортларида қўлқопларни мажбурий қилиш қарори сўнгги кунларда кибер фазода энг қизғин баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бири бўлади.

Дастлаб қўлқопларнинг оддий одамларга қанчалик қимматга тушишига қаратилган муҳокамалар кейинчалик бу нега вазирликнинг қарори бўлгани, айнан ҳозир жорий этилаётгани, қанчалик қонуний экани, текин қўлқопларни ким етказиб бериши, харажатини ким кўтариши, фойдасини ким кўришига оид мавзуларга қадар ўсиб етган.

Орада Транспорт вазирлиги бу саволларга ойдинлик киритгандек бўлган, бу масалада "ўзбекистонлик эпидемиологлар ва хориж тажрибасини ўрганликлари"ни айтган.

Kun.uz интернет нашри билан суҳбатида мамлакат тиббиёт масъуллари ҳам, "жамоат транспортида қўлқоплардан фойдаланиш тартиби Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги, Махсус комиссия билан келишган ҳолда жорий этилгани"ни маълум қилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов "бу тартиб кейинчалик вилоятларда ҳам жорий этилиши мумкинлиги"ни қўшимча қилган.

Аммо, англашилишича, унинг нега айнан ҳозир - бугунга келиб жорий этилаётгани саволини жавобсиз қолдирган.

Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати жорий йилнинг 25 март куни расман қайд этилган.

Ҳозирга келиб, мамлакатда жами коронавирус ҳоллари расман 63 мингтадан ортган.

Мазкур рақамлар пневмония ҳолларини ҳалича ўз ичига олмаса-да, Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Аммо шу пайтгача коронавирус беморларининг 60 мингдан ортиқроғининг соғайгани айтилган.

Ўзбекистонлик масъул kun.uz билан суҳбатида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирусдан ҳимояланишда қўлқоплар иш бермаслигига оид хулосасига ҳам ўз муносабатини билдирган, "бу тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилгани, фойдали" эканини айтган.

Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, "суриштиришган. Вазирликнинг бу қарори Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган".

"Демак, буни тавсиявий характерга эга, деб айтсак тўғри бўлади. Унга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик йўқ", - деган депутат.

Расул Кушербаевга кўра, "ҳар бир ҳаракат ҳуқуқий асосга эга бўлиши керак. Ҳар хил вазирлик ўзи хоҳлаганича бунақа қоидаларни ишлаб чиқаверса, бу фуқаролар ҳуқуқига путур етказиши мумкин".

Депутатнинг наздида, "Қонуний асосга эга бўлмай туриб қилинаётган бундай ишлар ё монополия, ёки лоббизмдан дарак беради. Балки кимлардир фойда кўрмоқчи бўлаётган бўлиши ҳам мумкиндир".

Депутатнинг бу сўзларига масъул томонлар муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон, коронавирус ва қўлқоп

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 19 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида коронавирусдан сақланиш учун қўлқоп кийишни мажбурий қилди.

Қарор кучга кириши билан Тошкент шаҳри бекатлари ёни целлофан қўлқоплар чиқиндиси билан тўлиб-тошиб кетгани айтилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти қўлқоплар коронавирусдан ҳимоя қилмаслиги ва ҳатто инфекция юқтиришга сабабчи бўлиши мумкинлигини айтаётган бир вақтда вазирлик қарорни нимага асослаб қабул қилди?

Транспорт вазирлиги қўлқопларни жорий қилишдан мақсад Тошкент шаҳридаги йўловчиларнинг саломатлигини асраш эканлигини маълум қилди.

Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев матбуот анжуманида йўловчилар қўлқоплар учун пул бермаcлиги, улар транспорт корхоналарнинг ҳисобидан олиниши ва ҳар бир қўлқопнинг баҳоси 56 сўмдан эканлигини билдирди.

"Бунинг энг асосий сабаби - ҳар бир йўловчи бир кунда ўртача 20-30 дақиқани транспортда ўтказади. Шу даврда йўловчиларимизга чиптачилар, ҳайдовчилар ҳамда метродаги касса ва метро операторлари томонидан бепул бир марталик қўлқоплар тарқатилмоқда. Метро, автобус тутқичлари қўлқоплардан фойдаланган ҳолда ушланса, касалликни юқтириб олиш хавфи камаяди", деган Анвар Жўраев АОКАда ўтказилган брифингда.

Жўраев қўлқоплар касаллик юқтириш ҳавфини камайтириши илмий асосланган ёки асосланмагани борасида ҳеч нарса демаган.

Бу борада тадқиқот ўтказилгани ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус юқтиришнинг олдини олиш мақсадида қўлқоп тақиб юришни тавсия қилмаган. Қўлқоп тақиш аксинча инфекцияни юқтириб олиш эҳтимолини ошириши таъкидланган.

Би-би-сининг Транспорт вазирлиги қарори нимага асослангани, нима учун ЖСТ ташкилоти тавсиясига амал қилинмаётгани ҳақида савол бериш учун матбуот хизмати билан боғланишга қилган ҳаракатлари самара бермади.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев ушбу талабни жорий қилишда АҚШ ва Россия тажрибалари ўрганилганини маълум қилган.

Москва шаҳри маъмурияти 16 октябрдан транспорт воситаларига қўлқопсиз чиқишни тақиқлаган.

Бу борада Россиянинг Роспотребнадзор ташкилоти тадқиқот ўтказган.

Транспорт воситаларидаги 100 мингдан ортиқ намуна ўрганилганида вирус 0.13 фоиз ҳолатда аниқланган.

Анвар Жўраев айтган АҚШ тажрибасида эса жамоат транспортларида бир марталик қўлқоп кийиш тавсия қилинмаган. Қўлқопни фақат коронавирус юқтирган одамларнинг жойларини тозалаётганда кийиш тавсия қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса, нафақат тавсия қилмаган, балки бир марталик қўлқоплар инфекция юқтиришга сабабчи бўлиб қолиши мумкинлигини айтиб, маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларини йўриқномага амал қилишга чақирган.

Қўлқопларни жорий қилишда очиқ саволлар кўплигича қолмоқда.

Уларнинг нархи 56 сўмдан эканлиги ва пулни автокорхоналар тўлаши кераклиги айтилаётган бўлса-да, уларни тарқатиш ва ҳар куни чиқадиган 430 минг жуфтдан ортиқ бир марталик қўлқопларнинг йиғиб олиш харажатлари ниманинг эвазига қопланиши айтилмаган.

Шунингдек, ҳар кунда қўлқопни сотиб олиш учун сарфланадиган 24 миллион сўм харажатни корхоналар ниманинг эвазига қоплаши ҳам маълум эмас.

Анвар Жўраев берган маълумотларга таянилса, бир ойда бир марталик қўлқопларнинг сотиб олишнинг ўзига 722 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Улар чиқиндига айлангач, йиғиб олиб, йўқотиш харажатлари маълум эмас.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда кимдир қўлқоп ишлаб чиқариш ёки уни олиб келиш бизнесини йўлга қўйган бўлиши мумкинлиги, ушбу талаб шу бизнеснинг юриши учун учун ўйлаб топилган чора бўлиши мумкинлиги ҳақида даъволар янграган.

Масъуллардан бу шубҳаларга изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Транспорт вазирлигининг мажбурий қўлқоп борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Бунгача Махсус коммисия томонидан йўлларга дизенфекцион воситалар сепиш, жамоат жойлари ва ташкилотларга киришда одамларни махсус дизенфекцион йўлаклардан ўтказиш самарасиз, деб топилиб бекор қилинган.

Самарасиз восита учун давлат бюджети ва тадбиркорларнинг чўнтагидан қанча маблағ сарфлангани маълум қилинмаган. Шунингдек, кўрилган зарар миқдори ва жавобгар шахсларни аниқлаш бўйича текширув бошлангани ҳақида жамоатчиликка ҳеч нарса маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek