Ўзбекистон: Google’нинг мустақиллик табриги ва давлат байроғига бўялган машиналарга нима бўлди? Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

  • Google Ўзбекистон мустақиллик кунига атаб логосини ўзгартирди;
  • Мустақиллик муносабати билан янги телеканал ишга тушди;
  • Давлат байроғига бўялган машиналар қўйиб юборилди;
  • Тошкент метросига янги поездлар келтирилди;

Мустақиллик "дудли"

Google қидирув тизими ўз логотипини Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган дудл билан вақтинча ўзгартирди.

1 сентябрь куни давомида қидирув тизимининг бош саҳифасини Ўзбекистоннинг ҳилпираётган байроғи "безаб туради".

Google вақти-вақти билан байрамлар, халқаро аҳамиятга эга хос саналар, таниқли шахсларнинг таваллуд кунлари муносабати билан ўз логосига вақтинча ўзгартириш киритиб туради.

Дудл аталмиш ушбу ҳаракатланувчи ўзига хос откриткалар кун бўйи тизимнинг бош саҳифасида "осиғлиқ" туради.

Байрам сабаб огоҳлантириш

Автомашиналарини мустақиллик байрами муносабати билан мамлакат байроғи рангларига монанд бўяб олган ҳайдовчилар жаримага тортилмади.

ЙҲХББнинг хабар беришича, Бухоро шаҳрида тўхтатилган ҳайдовчиларга шунчаки огоҳлантириш берилган.

ЙПХ ходимлари уларга бу борада мавжуд қоидалар бўйича тушунтириш берган.

"Ходимлар ҳайдовчиларни мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан табриклаб, оқ йўл тилашган", дейилади бошқарма хабарида.

Ренессанс ТВ ишга тушди

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ренессанс ТВ ўз ишини бошлаган.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси муассислигидаги янги телеканал 1 сентябрь куни соат 6:00 да тест режимида илк бор эфирга узатилган.

Ҳозирда республиканинг 70 фоиз ҳудудини қамраб олиши кутилган телеканал, кейинчалик, босқичма-босқич бутун мамлакат бўйлаб ўз медиа маҳсулотларини тақдим этиши хабар қилинган.

Маълум қилинишича, Ренессанс ТВнинг асосий мақсади ассоциацияга аъзо бўлган нодавлат телеканалларни ягона телевизион тармоққа бирлаштириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

"Ҳудудий нодавлат телеканалларнинг аксарияти сифатли, лицензияланган медиа-маҳсулотларни сотиб олиш имкониятига эга эмас.

Ренессанс ТВ эса, Ўзбекистон кинематография агентлиги, хусусий киностудиялар, тегишли ташкилотлар билан шартнома асосида турли медиа-маҳсулотлар, фильмлар ва сериалларни мазкур телевизион тармоқ орқали томошабинларга тақдим этади", дейилади ЎзEОАВМА хабарида.

Шунингдек, мамлакатдаги долзарб масалаларнинг етакчи экспертлар, тегишли мутасаддилар, таниқли журналист ва блогерлар иштирокидаги муҳокамасига бағишланган турли форматдаги кўрсатувлар эфирга узатилиши ҳам қўшимча қилинган.

Янги метропоездлар

31 август куни Тошкент метрополитени учун олиб келинган янги поездлар тақдимоти бўлиб ўтган.

"Ўзбекистон темир йўллари"нинг маълум қилишича, Россиядан олиб келинган ушбу 20 та метровагондан 5 та метропоезд таркиби шакллантирилган.

Хабарда метро вагонлари электр энергиясини 35 фоизгача тежаши, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи двигателининг қўлланилиши эксплуатацион харажатларни 40 фоизгача қисқартириши ҳақида сўз боради.

Шунингдек, йўловчилар вагонлараро ўтиб юриш имконига эга экани, кенгайтирилган эшиклар эса одамларнинг тасодифан қисилиб қолиши олдини олиши ҳам билдирилган.

"Ўзбекистон темир йўллари" шу йилнинг ўзида мазкур модификациядаги яна 20 та метровагон Россиядан келтирилишини маълум қилган.

Метро поездларини харид қилиш Россиянинг "ВЭБ.РФ" давлат корпорацияси ва унинг таркибидаги "Росексимбанк" гуруҳи томонидан молиялаштирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek