Ўзбекистон биринчи, Қозоғистон ва Туркманистондан сенсация - O‘zbekiston Qozog‘iston Tokio dunyo yangiliklar

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси

Сурат манбаси, official

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон

Токио Ёзги Олимпиадаси тугади. Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатларининг Ўйинлардаги иштироки, ютуқ ва ютқизиқлари яхшигина гап бўлганларидан бири бўлди.

Аввалига Тожикистон ва Қирғизистон Ўйинларни юз ниқобларисиз очиб берди.

Глобал коронавирус пандемияси фонида уларнинг очилиш маросимидаги қиёфаси катта шов-шув уйғотди.

Орада қозоғистонлик номдор эркин курашчи ҳиндистонлик рақибини тишлаб олди.

Ўзбекистонлик оғир атлетикачилар эса, устма-уст Олимпиада рекордларини янгилашди.

Оғир атлетикачиларининг бу каби ютуқлари ортидан, Ўзбекистон Токио Олимпиадасида рекорд ўрната олган ягона Марказий Осиё давлати бўлди.

Туркманистон мамлакат мустақиллиги тарихида биринчи бор бир Ёзги Олимпиада Ўйинларининг медалини қўлга киритди.

23 июль куни тантанали очилган Токио Олимпиадаси кеча, 8 август куни расман ёпилди.

Ўйинлар тарихида пешқадам минтақа давлати бўлиб келган Қозоғистон эса, бу йил илк бор олтинсиз қолди.

Токио Олимпиадасини фақат бронза медалларини билан якунлаб, озмунча таажжуб ва тушунмовчиликка сабаб бўлмади.

Тожикистон эса, ўз тарихида тўртинчи бор Ўйинларни бирор бир медалсиз тарк этди.

Ўзбекистон ва Токио Олимпиадаси

Ўзбекистон Токио Олимпиадасини олтин медаль билан бошлади. Биринчи бўлиб 19 ёшли таэквондочиси Улуғбек Рашитов Ўйинларнинг шоҳсупасига чиқди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Токио Олимпиадасини олтин медаль билан бошлади. Биринчи бўлиб 19 ёшли таэквондочиси Улуғбек Рашитов Ўйинларнинг шоҳсупасига чиқди

Ўзбекистон Токио Олимпиадасини жами 5 та - 3 та олтин ва 2 та бронза медали билан якунлади.

Жамоа ҳисобидаги сўнгги ва учинчи олтин медални энг оғир вазн тоифасида номдор боксчиси, амалдаги жаҳон чемпиони, Олимпия терма жамоаси байроқдори Баҳодир Жалолов келтирди.

Жамоа ҳисобидаги сўнгги ва учинчи олтин медални энг оғир вазн тоифасида номдор боксчиси Баҳодир Жалолов қўлга киритди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Жамоа ҳисобидаги сўнгги ва учинчи олтин медални энг оғир вазн тоифасида номдор боксчиси Баҳодир Жалолов қўлга киритди

Баҳодир кеча, Ўйинларнинг якуний кунида кечган финал жангида америкалик рақибини ҳам мағлубиятга учратди.

Ўзининг профессионал карьерасида илк бор Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпиони ва совриндорига айланди.

Бу ҳам Токио Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар қўлга киритган ягона медаль бўлди.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан ҳисобидаги медалларининг сифати бўйича Ўйинларни энг пешқадам мавқеъда якунлади.

Ўзбекистон ҳисобидаги иккинчи олтин медални оғир атлетикачиси Акбар Жўраев келтирди. У даст ва силтаб кўтариш бўйича Олимпиада рекордини янгилади

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳисобидаги иккинчи олтин медални оғир атлетикачиси Акбар Жўраев келтирди. У даст ва силтаб кўтариш бўйича Олимпиада рекордини янгилади
Муаттар Набиева Токиода Олимпиада рекордини янгилаган ўзбекистонлик биринчи оғир атлетикачи бўлди. Аммо ҳар икки машқда кўрсатган якуний натижасига кўра, Ўйинларнинг тўртинчи ўрни билан кифояланишга мажбур бўлди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Муаттар Набиева Токиода Олимпиада рекордини янгилаган ўзбекистонлик биринчи оғир атлетикачи бўлди. Аммо ҳар икки машқда кўрсатган якуний натижасига кўра, Ўйинларнинг тўртинчи ўрни билан кифояланди
Давлат Бобоновнинг бронза медали ўзбекистонлик дзюдочилар Токио Олимпиадасида олган ягона медаль бўлди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Давлат Бобоновнинг бронза медали ўзбекистонлик дзюдочилар Токио Олимпиадасида олган ягона медаль бўлди
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги иккинчи бронза медалини эркин курашчиси Бекзод Абдураҳмонов келтирди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги иккинчи бронза медалини эркин курашчиси Бекзод Абдураҳмонов келтирди
Турсуной Раҳимова эса, бир Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўз жангини ғалаба билан якунлаган илк ўзбекистонлик боксчи қиз бўлди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Турсуной Раҳимова эса, бир Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўз жангини ғалаба билан якунлаган илк ўзбекистонлик боксчи қизга айланди. Ўзбекистон Олимпия тарихига кирди

Бу жамоа Ўйинлар тарихида кўрсатган иккита энг яхши натижадан биттаси бўлди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон совриндор 86 жамоа ичидан 32-ўринни эгаллади.

Қолган бирор бир минтақа давлати Токио Олимпиадасининг олтин медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлмади.

Қирғизистон Олимпиадани иккита кумуш, битта бронза ва Туркманистон ягона кумуш медали билан якунлади.

Қозоғистон бор-йўғи саккизта бронза медали олди.

Минтақа матбуотида ҳали бунинг сабаблари яхшилаб ўрганилишига оид хабарларга ҳам йўл очди.

Тожикистон эса, Ўйинларнинг бирор бир совринли ўрнига кўтарила олмади.

Медаллар жадвали

Рио Паралимпиадаси медаллари

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистоннинг Токио Олимпиадасидаги иштироки кеча, Ўйинлар якуний кунининг ўзидаёқ мамлакат ичкарисида яхшигина таҳлилларга сабаб бўлмай қолмади.

Эришган натижаси қолган Марказий Осиё, Осиё, туркий, исломий ва дунёвий давлатларники билан қиёсланди.

Ҳисобидаги медалларининг сифати бўйича Марказий Осиё ва туркий мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллагани алоҳида қайд этилди.

Энг яхши натижа кўрсатган иккита МДҲ ва аксарият аҳолиси мусулмон иккита давлатдан бири бўлгани таъкидланди.

Осиёда бешинчи бўлгани, умумжамоа ҳисобида эса, дунёда 32-ўринни эгаллашга муваффақ бўлгани ҳам эътибордан четда қолмади.

Худди шу каби қиёсий таҳлил кеча, Токио Олимпиадасининг якуний кунида Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрларининг бош мавзуларидан бирига айланди, кибер фазода кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортган постлардан бирига айланди.

МДҲ давлатлари орасидан энг яхши натижани Россия Олимпия қўмитаси кўрсатди.

Улар Буюк Британия билан бирга медаллар жадвалида АҚШ, Хитой ва Япониядан кейин юқори тўртликка киришди.

Ўйинларни 20 та олтин, 28 та кумуш, 23 та бронза - жами 71 та медаль билан якунлашди.

Ўзбекистонлик ишқибозлар

Сурат манбаси, official

Токио Олимпиадасида Ўзбекистонни жами 71 спортчиси намоён этди.

Улар 17 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бугун, 9 август куни пойтахт Тошкентга қайтади.

Ўзбекистон президентининг 25 июнь кунги қарори билан Токио Олимпия ва Паралимпия Ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларининг:

  • олтин медаль учун - 200 000 АҚШ доллари;
  • кумуш медаль учун - 100 000 АҚШ доллари;
  • бронза медаль учун - 50 000 АҚШ доллари;

миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Харажатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши айтилган.

Бу мустақил Ўзбекистон тарихида совриндор олимпиячиларга ваъда қилинган энг кўп пул мукофотларидан бири бўлади.

Токио Олимпиадасининг тантанали ёпилиш маросими

Сурат манбаси, Reuters

XXXII Токио Ёзги Олимпиада Ўйинлари расман ўз поёнига етаркан, мезбонлик эстафетасини Франция пойтахти Париж қабул қилиб олди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek