You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россиянинг ўзи ҳам Толибондан хавотирдами? Афғонистон ва хавфсизлик O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar
Хабарларга кўра, Россия Мозори Шарифдаги Бош консулхонасини вақтинчалик ёпган. Дипломатлари эса, Ўзбекистонга олиб келинган. Ўзбекистон томони ҳам расман тасдиқлаган мазкур хабар Толибон ҳайъатининг Москвага ташрифи берган ваъдаю кафолатлари ортидан олинмоқда. Хабар худди шуниси билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Мозори Шариф Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятининг маркази бўлади.
Шаҳардаги Россия Бош консулхонасидагиларнинг Ўзбекистонга "муваффақиятли тарзда" олиб келинганини кеча, 12 июль куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжановнинг ўзи расман тасдиқлаган.
Бу ҳақда вазирликнинг Telegram каналида хабар берилган.
Хабар "қатор оммавий ахборот воситалари томонидан Россиянинг Ҳайратон(Афғонистон)даги Консуллик муассасаси ходимларининг Термиз шаҳрига кўчирилгани тўғрисидаги мурожаатларига изоҳ" сифатида тақдим қилинган.
Аммо расмий изоҳдан аниқ қанча сондаги одамнинг, айнан қаерга, қачон ва не сабаб кўчирилгани тафсилотлари ноаён қолган.
Уларнинг қанча вақтгача Ўзбекистон ҳудудида бўлишлари масаласига ҳам ойдинлик киритилмаган.
Бундан аввал Россия президенти Афғонистон бўйича махсус вакилининг Ҳайратон шаҳарчасида вақтинча ишлаб турган консулликлари ходимларининг "ҳаётини хавф остига қўймаслик учун" Ўзбекистонга кўчирилганини айтганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Россиянинг Мозори Шариф шаҳридаги Бош консулхонаси ёпилаётгани ҳақида ўтган ҳафта Новости ахборот агентлиги хабар берган.
Агентлик ўз хабарида бунинг сабабини очиқламаган, аммо Бош консулхона "вазият аниқлангунга қадар" ёпилгани ҳақида ёзган.
Худди шу хабарнинг ўзида келтирилган иқтибосида эса, Россиянинг Афғонистондаги дипломатик ваколатхонаси пресс-атташеси Никита Ишенконинг "элчихона ишончли ҳимоялангани ва эвакуация қилиш режаси йўқ"лигини ҳам айтгани кўрилганди.
Ташриф ва кафолат?..
Мозори Шарифдаги Россия Бош консулхонасидагиларнинг Ўзбекистонга кўчирилганига оид хабар, бошқа томондан, Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг пойтахт Москвага ташрифидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатган.
Хабар худди шуниси билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Россия ҳукуматининг таклифи билан амалга ошган бу ташриф ортидан эълон қилган расмий билдиришномасида эса, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Толибон Афғонистон ҳудудидаги чет эл консулликлари ва дипломатик ваколатхоналарининг хавфсизлигини таъминлашга кафолат бергани айтилган.
Худди шу ташрифи чоғида толибларнинг Россия ҳукуматини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтиришгани ҳам расман маълум қилинганди.
Мозори Шариф шаҳрида яқин-яқингача жами 8 та - Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Германия консулхоналари фаолият юритиб келган.
Ўтган ой охирида сўнгги қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этаркан, Германия ўзининг Мозори Шарифдаги консуллигини ҳам буткул ёпгани хабар берилган.
Шу йил май ойида Толибон билан эришилган битимга мувофиқ, Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари мамлакатни тарк этишга киришишган.
Бунинг ортидан Толибон Афғонистоннинг айнан Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги барча туманларни ҳам босиб олган ва уларнинг барчаси ҳануз толиблар назорати остида қолаётгани айтилади.
Толибон бунинг ортидан Мозори Шариф шаҳрига ҳам яқинлашишга уринган, аммо уларнинг бу ҳаракати саноқли соатларнинг ўзида Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан йўққа чиқарилган.
Мозори Шариф ҳимоясига мамлакат Қуролли Кучларининг айнан Балх вилоятида жойлашган шимолдаги ҳарбий бўлинмаси томонидан қўшимча мадад кучлари ташланган ва шаҳар ҳануз уларнинг ҳимояси остида экани айтилади.
Аммо толибларнинг худди шу уриниши манзарасида Мозори Шарифдаги айрим консулхоналар ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатгани ва ходимлари пойтахт Кобулга кетишганига оид хабарлар ҳам олинган.
Мозори Шарифда ўз консулхонаси жойлашган Ўзбекистоннинг эса, орада кечган вақт давомида бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиққани ҳалича кўрилмаган.
Минтақадаги мухбирларимизга кўра, ҳозир шаҳардаги деярли барча консулхоналар фаолиятда, Кобулга кетган дипломатлар ҳам ортга қайтишган, аммо коронавирус чекловлари боис, ўз ишларини чекланган тартибда амалга оширишмоқда.
Толиблар ва Мозори Шариф
Атрофида ҳануз ҳозирликлари борлиги айтилса-да, Мозори Шариф Афғонистоннинг аксарият шимолий вилоятлари марказларидан фарқли тарзда ҳалича толибларнинг тўғридан-тўғри ҳужуми нишонига айланмаган.
Толибон шаҳарни илк ва сўнгги бор Афғонистонда ўзининг Исломий Амирлигини эълон қилган 90-йиллар бошларидагина босиб олишга муваффақ бўлган.
Аммо толибларнинг ўшанда Эроннинг Мозори Шарифдаги консулхонаси ўндан ортиқ ходимини ўлдиргани айтилган.
Мозори Шариф Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлади ва мамлакатнинг стратегик жиҳатдан энг муҳим шаҳарларидан бири саналади.
Шаҳар Афғонистоннинг шимолий дарвозаси сифатида кўриб келинади.
Афғонистон импортининг ярми ўтиши айтилувчи ва Шимолий Таъминот Тармоғининг энг муҳим узви сифатида кўрилувчи Ҳайратон кўприги ва порти ҳам айнан Мозори Шариф яқинида жойлашган.
Ҳайратон Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятида жойлашган Оқина билан бирга Афғонистоннинг ҳозирча Толибон қўлига ўтмаган бешта йирик портидан иккитаси ҳам бўлади.
Порт Афғонистоннинг энг йирик ва муҳим даромад манбаларидан бири экани айтилади.
Шу соатларда Афғонистондан олинаётган хабарларга кўра, мамлакат шимолидаги аксарият туманлар ҳам толиблар назорати остида бўлган бир вазиятда президент Муҳаммад Ашраф Ғани кутилмаган ташриф билан Мозори Шариф шаҳрига келган.
Кутилмаган мазкур ташрифдан асосий мақсад ҳам Мозори Шарифдан мавжуд вазият билан яқиндан танишиш экани айтилмоқда.
Президент матбуот хизматининг расман маълум қилишича, Муҳаммад Ашраф Ғани ўз ташрифи давомида маҳаллий сиёсий ва жиҳодий етакчилар билан ҳам учрашмоқчи.
Афғонистон президентининг аниқ неча кун Мозори Шарифда бўлиши маълум эмас, тафсилотлари расман очиқланмаган.
Балх катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этган 2014 йилга қадар мамлакатнинг нисбатан тинч ва обод вилоятларидан бири сифатида кўриб келинган.
Аммо бунинг ортидан Балхнинг ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан, вилоят Афғонистон тарихидаги энг қонли ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.
Толибларнинг сўнгги ютуқлари манзарасида Балхнинг собиқ қудратли ҳокими, Афғонистон шимолидаги катта таъсирга эга сиёсатчилардан бири бўлган генерал Атто Муҳаммад Нур маршал Абдулрашид Дўстумга ҳам уларга қарши бирлашиш таклифи билан чиққан.
Ўтган ой, четда даволаниб қайтиши билан ўзининг қуролли тарафдорлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари билан бирга Балхнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туманини толиблардан тозалаш учун қатор ҳарбий амалиётларга ҳам қул урган.
Аммо ҳалича бунга муваффақ бўлмаган.
Россия афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган ва толибларни ҳам ўз ичига олувчи афғонлараро мулоқотларга мезбонлик қилиб келаётган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.
Сўнгги йилларда Ғарб Россияни Толибон билан яқинлашишга уринишда ҳам расман ва ошкора айблагани кўрилган.
Россия толибларга "қурол-яроғ етказиб бераётгани"га оид даъволар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо расмий Москва буларнинг барчасини изчил равишда рад этиб келган.
Фақат ИШИДга қарши курашда Толибон билан манфаатлари "бир хил" эканини айтган.
Аммо АҚШнинг жанубий чегаралари яқинидаги узоқ йиллик ҳозирлиги қанчалик жиғига тегишини аввалбошдан яширмай келган.
Россия АҚШ ва Хитой билан бирга минтақадаги энг йирик геосиёсий ўйинчи ва ядровий қудратдан биттаси бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek