Ўзбекистон: Пойтахтдаги бетон тўсиқлар олиб ташланди, радар жойининг нархи қанча ва президент нега тиктокерлардан ранжиди? O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

  • Президент тиктокерлар ҳақида гапирди;
  • Радар жойларининг нархлари маълум бўлди;
  • Тошкентга киришдаги бетон тўсиқлар олиб ташланди;
  • Йил бошидан бери қанча одам йўлларда ҳалок бўлди?

Президент тиктокерлар ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларнинг ижтимоий тармоқлардаги айрим хатти-ҳаракатлари ўзини ранжитгани ҳақида гапирган.

Daryo.uz нашрининг президент сўзларидан иқтибос келтиришича, Мирзиёев ёшлар ўртасидаги жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар даражасидан ташвишда эканини билдирган.

30 июнь куни ёшлар билан учрашган президент Мирзиёев, шунингдек, ўз нутқида айрим тиктокерлар қўл урган амалларни ҳам танқидга тутган.

«Яқинда ижтимоий тармоқларда кўрсатилган хунук воқеалар, яъни жойлардаги Алишер Навоий, Амир Темур, Мотамсаро она ҳайкаллари ёнида айрим тарбиясиз ёшлар томонидан содир этилган номаъқул ҳаракатлар мени ниҳоятда ранжитди», дея давлат раҳбари сўзларини келтирган Daryo.uz нашри.

Ўтган йилнинг апрель ойида карантин вақтида «кўчада эплаб юргани»ни таъкидлаган блогер қизнинг Амир Темур хиёбонида олинган видеоси шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Шундан сўнг бошқа бир неча блогер ёшларнинг ҳам жамоат жойларида олган ўхшаш видеолари қўлма-қўл бўлган, уларнинг бари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича жазолангани хабар қилинган.

Бетон тўсиқларсиз шаҳар

Чоршанба куни Тошкент вилоятидан пойтахтга киришдаги бетон тўсиқлар олиб ташланган.

Daryo.uz нашрининг хабар беришича, машиналар «Эркин» пости орқали шаҳарга бемалол кириб келмоқда.

Бундан аввал 28 июндан 12 июлга қадар Тошкент шаҳрига автомобилда киришда чекловлар жорий этилиши хабар қилинган эди.

Душанба куни қатор маҳаллий нашрлар ушбу чекловлар бекор қилингани тўғрисида ёзган.

Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Ички ишлар вазирлиги бундай хабарларни билвосита рад этиб чиқиб, пойтахтга кириб-чиқиш тартибига доир ўзгаришлар бўйича расмий манбалар орқали маълум қилинишини билдирган.

Ҳозирча, Тошкент шаҳрига киришда чекловлар бор ёки йўқлиги борасида расмий изоҳ берилмаган.

Сотувдаги радар жойлари

Пойтахтда радар ўрнатиш учун жой нархлари 2 миллион сўмдан 36 миллион сўмга қадар баҳоланган.

E-auksion сайтида радар ўрнатиш учун жойлар илк бор сотувга чиқарилган.

Энг қиммат жойнинг бошланғич нархи 36,7 миллион сўм этиб белгиланган.

Шаҳар бўйлаб жами 70 дан зиёд радар ва камералар ўрнатиш учун мўлжалланган жойлар аукцион савдоларига қўйилган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида давлат томонидан назорат этиладиган соҳаларга тадбиркорларни жалб этишга қаратилган президент қарори қабул қилинган эди.

Қарор билан радар ва камералар ўрнатиладиган жойлар аукцион савдолари орқали мулк ҳуқуқи асосида тадбиркорларга бириктирилиши кўзда тутилган.

Тадбиркорлар радар тизими ишга туширилган вақтдан бир йил давомида қайд этилган қоидабузарликлар учун ундирилган жарималарнинг 50 фоизини олиши маълум қилинган.

Йўлларда йўқотилган умрлар

2021 йилнинг илк беш ойи давомида 770 инсон йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлган.

Gazeta.uz нашрининг ИИВ ЙҲХББ маълумотларига таяниб ёзишича, йил бошидан бери мамлакатда 2,960 та авария қайд этилган.

Уларнинг энг кўпи Фарғона вилоятида содир бўлган - 458 та.

Хабарда аварияларга асосий субъектив сабаб ўлароқ тезликни ошириш, объектив сабаб сифатида йўлларни режалаштиришдаги камчиликлар келтирилган.

Ўзбекистонда 2019 йилда йўлларда 2,094 инсон ҳалок бўлган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 1,962 нафарни ташкил этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek