Ўзбекистон: Вазирликка тилла ручка керак эмас, Самарқандда ҳибслар, Туркиядан Ўзбекистон вилоятларига парвозлар кўпаймоқда - янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

  • Мудофаа вазирлиги тилла ручка сотиб оладими ёки йўқ?
  • Истанбулдан Урганчга илк парвоз;
  • Самарқандда қўлга олинган гуруҳ Сурияга кетмоқчи эдими?
  • Татаристон президенти Ўзбекистонга келади;

"Вазирлик дабдабага ўч эмас"

Мудофаа вазирлигининг ҳар бирининг бошланғич қиймати 15 миллион сўмдан бўлган икки тилла ручка сотиб олиш таклифи ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо берган.

Вазирликнинг қимматбаҳо ручкалар сотиб олиш таклифи 9 июнь куни Давлат харидлари порталига қўйилган.

Харид таклифида "премиум-классдаги тилла қопламали ручка" тавсифини кўриш мумкин.

Мазкур хабар ортидан Мудофаа вазирлиги жамоатчилик фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан бюджет маблағларини беҳуда сарфлашда танқидга тутилган.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров Kun.uz нашрига "танловга қўйилган ручканинг таърифи ва нархида англашилмовчилик бўлгани"ни маълум қилган.

"Яъни аслида тилла рангли ручкага буюртма берилган бўлган ва бу нотўғри тушунилиб, тилла қопланган ручкага буюртма бериб юборилган ва 15 миллион сўмлик нарх ҳам шунга монанд тахминан белгиланган", ёзади Kun.uz Зулфиқоровга иқтибосан.

Зулфиқоров, шунингдек, вазирлик дабдабага ўч эмаслигини ҳам таъкидлаган.

Ахборот хизмати раҳбари вазирлик халқаро муносабатлар доирасидаги тадбирларда фойдаланадиган тилла рангли ручкалар нархи "100 минг сўм" турмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Бироқ Мудофаа вазирлигининг 10 июнь куни эълон қилинган баёнотида айнан премиум-классдаги тилла қопламали ручкаларга буюртма берилгани бевосита инкор этилмаган.

Вазирлик муҳим халқаро ҳужжатларни имзолашда фойдаланиладиган канселярия жиҳозларини янгилашга эҳтиёж пайдо бўлганини маълум қилган.

Баёнотда Мудофаа вазирлиги нуфузини сақлаш мақсадида халқаро протокол тадбирларида таниқли фирмаларнинг канселярия ашёларидан фойдаланиш режалаштирилгани ҳақида сўз боради.

"Яъни халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси расмий вакиллари томонидан фойдаланиш учун қўлланиладиган ашёлар халқаро нуфузга лойиқ даражада бўлиши шарт, дея ҳисобланади", дейилади вазирлик муносабатида.

Бир вақтнинг ўзида вазирлик ручкалар учун кўрсатилган нарх якуний тўхтам эмаслиги, бундай маҳсулотларни етказиб берувчиларнинг барча таклифлари ўрганиб чиқилиб, танлов асосида якуний тўхтамга келинишини қўшимча қилган.

Туркиядан илк парвоз

11 июнь куни Туркиядан Урганчга илк парвоз амалга оширилган.

Шу куни эрта тонгда Истанбулдан йўлга чиққан йўловчи самолёти Урганч Халқаро аэропортига келиб қўнган.

Илк рейс аэропортда тантанали тарзда кутиб олинган.

Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси ушбу йўналишдаги парвозлар ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилишини хабар қилган.

Самарқандда ушланган гуруҳ

ИИБ ва ДХХ ходимлари Самарқанд шаҳрида террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга уринган шахсларни қўлга олгани ҳақида айтилмоқда.

Хабар қилинишича, 14 нафар шахс Сурия ва Яқин Шарқдаги террорчи ташкилотларга қўшилишни режалаштирган пайтда қўлга олинган.

Улар мазкур ташкилотлар таъсирига ижтимоий тармоқлар орқали тушиб қолгани билдирилади.

Расмий хабарларда мазкур ҳолатга оид бошқа тафсилотлар берилмаган.

Минниханов Ўзбекистонга келади

16-17 июнь кунлари Татаристон президенти Рустам Миннихановнинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Татаристон Республикасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарига кўра, Минниханов бошчилигидаги делегация таркибида Татаристондаги 25 дан зиёд компаниялар вакиллари ҳам бўлади.

Минниханов ташрифи давомида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказиши, шунингдек, мамлакатдаги татар диаспораси билан учрашажаги ҳам маълум қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek