Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев вафот этди

Adib Xudoyberdi To'xtaboyev

Сурат манбаси, AOKA

"Сариқ девни миниб", "Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида" ва бошқа асарлари билан миллионлаб болаларнинг севимли адибига айланган Худойберди Тўхтабоев 89 ёшида пойтахт Тошкентда ҳаётдан кўз юмган.

Ўз замондошлари ва китобхонлари эътирофида адиб бетакрор қалам соҳиби эди.

Ёзувчининг ўлими сабаби, қачон ва қаерда дафн этилиши тафсилотлари шу соатларда маълум эмас.

Худойберди Тўхтабоев 1932 йил 17 декабрда Фарғона вилоятининг Катта Тагоб қишлоғида туғилган.

Меҳнат фаолиятини адиб Фарғонадаги мактаблардан бирида ўқитувчи сифатида бошлаган.

Сўнгра "Тошкент окшоми", "Совет Ўзбекистони", "Ёш гвардия", "Камалак" нашриётлари, "Гулистон", "Шарқ юлдузи", "Гулхан", "Ғунча", "Ёш куч" журналларида фаолият кўрсатди.

Журналистик фаолияти даврида Худойберди Тўхтабоев жамиятдаги иллатларни фош қилувчи юзлаб фельетонлари билан танилди.

Қалами бетакрор адиб

Adib Xudoyberdi To'xtaboyev

Сурат манбаси, AOKA

Бадиий ижодини 1958 йилда бошлаган ижодкор қисқа вақт орасида "Шошқалоқ", "Ёш гвардия", "Сир очилди", "Сеҳрли қалпоқча" номли китобларини нашр этди.

Худойберди Тўхтабоев, шунингдек, "Омонбой ва Давронбой", "Сариқ девни миниб", "Сариқ девнинг ўлими", "Беш болали йигитча", "Қасоскорнинг олтин боши", "Йиллар ва йўллар", "Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида", "Жаннати одамлар" каби романлари билан ҳам Ўзбекистон ва ҳам чет мамлакатларда миллионлаб китобхонларнинг юрагидан жой олди.

Севикли болалар ёзувчиси 1982 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими", 1991 йилда "Ўзбекистон халқ ёзувчиси" каби унвонлар билан тақдирланган.

Асарлари рус, инглиз, немис тилларига таржима қилиниб чет давлатларда чоп этилган.

Унинг "Қасоскорнинг олтин боши" романи миллий озодлик ҳаракати ҳақида Шўро даврида ёзилган саноқли асарлардан биридир.

Худойберди Тўхтабоевнинг саргузаштларга бой "Сариқ девни миниб" асари қаҳрамони Ҳошимжонни кўп китобхонлар замонавий Гарри Поттерга қиёслашади.

Охирги бир неча йиллар давомида асарлар чоп этмаган бўлса-да, Худойберди Тўхтабоев болалар тарбиясига оид жамоатчилик ва хайрия ишлари билан машғул эди.

Кўп мунаққидлар Худойберди Тўхтабоевни болалар онги ва фикр юритишини ҳар қандай адибдан яхшироқ илғай олган ажойиб ёзувчи сифатида тасвирлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати адибнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини изҳор этиб қолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek