Юрист Акмал Шаропов иши: ДХХ, «сохта» айблов ва гувоҳлар даъвоси – Ўзбекистон, Бухоро O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бухоро вилоят суди 19 февраль, жума куни инсон ҳуқуқлари фаоли Акмал Шароповнинг апелляция шикоятини кўриб чиқиши кутилмоқда. 35 ёшли ҳуқуқшунос Шаропов диний материалларни сақлаш ва улашишда айбланиб, ўтган ой 3 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Шароповнинг ўзи, унинг ҳамкасблари, оиласи ва ҳатто Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан Шароповга қарши гувоҳ сифатида тақдим қилинган шахс ҳам айблов сохта эканини айтишмоқда.

Тошкент давлат юридик институти битирувчиси Акмал Шаропов 2010 йилда Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бандларидаги ҳолатлар бўйича айбдор топилиб қамалган ва ўтган йил озодликка чиққанди.

Аммо қарийб 10 йиллик жазони ўтаб чиқишидан кўп ўтмай, унга қарши яна жиноий иш очилган.

У иккала жазо ҳам унга унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти туфайли берилган сиёсий жазо эканини таъкидлайди.

Тинтув ва телефонлар

Маҳбуснинг онаси Гулнора Шаропованинг айтишича, 2020 йил майида Бухородаги уйларига ДХХнинг бир нечта зобити бостириб келган ва тинтув ўтказган.

«Ҳаммаёқни титиб ташлашди, лекин ҳеч нарса топишмади. Уйга меҳмонлар келганди. Менинг телефоним, икки ўғлим - Акмал ва Аҳмаднинг телефонлари, ҳатто меҳмонларнинг телефонларини олиб кетишди. Сўнг прокуратурага чақириб, ўғлингиз Акмалга қарши ҳеч қандай жиноий иш йўқ, шунчаки сизларнинг уйларингизда ишлаган уч кишининг телефонидан нимадир чиқди, сизларнинг рақамларингиз уларнинг телефонида бор экан, деб айтишди,» - дейди маҳбуснинг онаси.

Телефонлар ниҳоят оилага қайтарилган, лекин Акмалнинг телефони экспертизага юборилгани билдирилган.

Октябрга келиб, унинг айтишича, Акмалга қарши жиноий иш очилгани маълум бўлган.

Ноябрда ўз Фейсбук саҳифасида чиқарган видео мурожаатида Акмал Шаропов ўзининг ҳуқуқшунослик фаолияти учун яна таъқибга учраётганини айтиб, халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраган.

2021 йил 14 январь куни Бухоро туман судида ўтган ишда Шаропов Жиноят кодексининг 244-1-моддасининг 3-қисми «г» бандида назарда тутилган, яъни «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» жиноятида айбдор деб топилиб, 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Қўшиқ

Маълум бўлишича, Акмал Шароповнинг телефонида ман этилган характерга эга диний қўшиқ сақлангани ва телеграм орқали бошқаларга юборилгани жиноий ишга асос бўлган.

Буни унинг ўзи ва ҳамкасблари кескин рад этиб, унинг телефонида бундай қўшиқ бўлмаганини айтишмоқда.

Прагада яшовчи инсон ҳуқуқлари фаоли ва Шароповнинг дўсти Абдусами Раҳмоновнинг Би-би-сига айтишича, «бу қўшиқни Шароповдан олдим» дея айтишлари учун бир неча кишига босим ўтказилиб сохта гувоҳлар тайёрланган.

«Қанақадир «Нашид» дейишди. Лекин телефонидаям бундай нарса бўлмаган, телеграмидан ҳам юборилмаган. Тўртта йигитга «кўрсатма берасан» деб босим ўтказилган. Улардан бири интернетга чиқиб «мени йўқ нарсаларга қўл қўйишга мажбур қилишди,» деб айтиб берди,» - дейди Раҳмонов.

Бухоролик фаол Самира Нуруллаеванинг Фейсбук саҳифасида чиққан видео мурожаатда судда гувоҳ сифатида қатнашаётган Жондулло Шодмонов ДХХ унга қаттиқ босим ўтказиб, ёлғон кўрсатмаларни ёзишга мажбур қилганини айтган.

«Йўқ нарсани манга уқтиришяпти. Босим бўлаверди, босим бўлаверди. Террористнинг тарафини олаяпсанми, санам қамалиб кетмоқчимисан, деб ёмонлашди. Шок ҳолатга тушдим. Охири айтган нарсаларини айтишим учун видеони қўйишди, гапира бошладим ўзим билмаган ҳолда. Шунақанги босим бўлдики, довдираб қолдим,» - дейди Акмал Шароповга қарши тайёрланилганини айтган гувоҳ.

Гувоҳнинг бу чиқиши суд ишига қанчалар таъсир қилгани ё қилмагани номаълум.

Ҳимоячи

Абдусами Раҳмоновнинг айтишича, Бухорода маҳаллий ҳокимиятлар томонидан тазйиққа учраётган фермерлар учун курашиши ортидан 2010-2020 йилларни турмада ўтказган Акмал қамоқдаги бошқа маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланган.

«У қамоқдаги ҳимоячилик фаолияти билан машҳур бўлгани учун қамоқдан чиққанидан кейин ҳам одамлар ўз шикоятлари билан унинг олдига келаверган, у уларнинг аризаларини ёзиб бериб, ёрдам бериб келаётганди,» - дейди у.

Би-би-си Бош прокуратурага мазкур иш бўйича мурожаат қилиб, Акмал Шароповга қарши жиноий ишга унинг ҳуқуқшунослик фаолияти қанчалар боғлиқ эканини сўради, аммо жавоб олмади.

Бош прокуратура матбуот хизмати судланувчи Шароповнинг апелляция шикоятига асосан

жиноят иши ҳозирда Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилаётганини билдирди.

Акмал Шароповга қарши ДХХ, прокуратура ва судлар тил бириктирганми? Бу савол очиқ қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek