Пандемия қандай қилиб мигрантлар ҳаётини асраб қолди - Россия ва Ўзбекистон, video, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-cи, Москва
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия ва Ўзбекистон: Пандемия қандай қилиб мигрантлар жонини асраб қолди. Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили Россиядан Марказий Осиёга 7000 га яқин муҳожирларнинг жасадлари юборилган.

Ўтган йиллардан фарқли, 2020-2021 йилги қиш мавсумидан Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари нисбатан талaфотларсиз, сафлари анчайин бутун ва соғ-омон чиқдилар.

Пандемия даврида мигрантларни ишсиз ва пулсиз қолдирган карантин чекловлари ўнлаб бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олди, мингга яқин ўзбекистонликнинг ҳаётини сақлаб қолди. Вазиятнинг бу жиҳатини Би-би-си Ўзбек хизмати таҳлил қилди.

Ҳар йили 7000 та «200-юк» кетарди

Тирикчилик учун Россияда ишлаш ҳамма мигрантларга ҳам омадли келавермайди.

Меҳнат муҳожирларининг бир фоизга яқини мусофирликда турли бахтсиз ҳодисаларнинг қурбони бўлишади.

11 миллионга яқин мигранти бор бу мамлакатда бир фоиз - минглаб инсонларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишини англатади.

Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили Россиядан Марказий Осиёга 7000 нафарга яқин муҳожирнинг жасади юборилади.

Фаолларнинг тахминларига кўра, ўзбекистонликлар Россиядаги мигрантларнинг энг катта қисми экани ҳисобга олинса, бу рақамнинг 10 фоизга яқини ўзбекистонликлар бўлиши эҳтимоли бор.

Расмий маълумотлар ва аниқ рақамларни топиш ҳозирча имконсиз. Муҳожирликда вафот этган чет эл фуқароларининг сони юзасидан статистик маълумотлар кўпда кенг матбуотга имконли эмас.

2019 йилга қадар Ўзбекистонда ҳам Россиядан бораётган «200-юк»ларнинг аниқ ҳисоби юритилмас эди.

Мамлакатда миграция муаммоларига ҳукумат даражасида эътибор қаратила бошлагач, бажарилган ишлар ҳисоботи ўлароқ айрим рақамлар кўрина бошлади.

Рақам йилдан йилга ошиши мумкин

Масалан, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги 2019 йилда 308 нафар, 2020 йилнинг 10 ойида 568 та ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг жасадлари ватанга қайтарилганини эълон қилди. Аммо бу рақамларни ҳам аниқ деб бўлмайди.

Йилдан йилга ўзбекистонликлар ҳукумат ёрдамидан хабардор бўлиб, мурожаат этиши ҳисобига расмий статистикада рақамлар ортиши мумкин.

Аммо ҳозирча Россияда дунёдан кўз юмган мигрантларнинг жасадлари уларнинг яқинлари томонидан мустақил равишда юборилиши ёки олиб кетилиши ҳали давом этмоқда.

Кузатувчилар бу кўрсаткич миграция агентлиги орқали юборилган «200-юк»лардан 2 баробар кўп бўлиши мумкинлигини тахминлашади, яъни бир йилда камида мингга яқин «200-юк» Ўзбекистонга кириб боради.

2020 йилда бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди. Уч асосий сабаб мигрантлар учун эҳтимолий кулфатларнинг олдини олмаганида.

1-сабаб: ҳужжатлардаги енгилликлар

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан Россия кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистон билан ҳам авиақатновларни тўхтатди.

Карантин чекловлари ишсизлик, иқтисодий тангликни юзага келтирди. Чорасиз мигрантлар ватанга қайта бошлашди.

Россия ҳукумати бу вақтда мамлакатда бўлиб турган меҳнат муҳожирларини дастаклаш (ва балки ушлаб қолиш ҳам) учун уларнинг миграция ҳужжатларида енгилликлар жорий қилди.

Россия Президентининг бир қатор фармонларига кўра, 2020 йилнинг 18 апрелидан 15 декабригача меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлар муддати 3 бора автоматик равишда узайтирилди.

Сўнгги янгиланиш декабрда эълон қилиниб, меҳнат мигрантларининг мамлакатда вақтинча бўлиб туриш муддати 2021 йил 15 июнгача этиб белгиланди.

Қатнов йўқ, автобуслар ёнмади

Ҳужжатлардаги бу енгиллик ўз-ўзидан муҳожирларни жуда катта талaфотлардан асраб қолди:

Миграция қайдининг узайтирилиши мамлакатдаги нолегал мигрантлар ҳар 3 ойда миграция варақасини янгилаш учун Қозоғистон чегарасига бориб-келишдан халос этди.

Бу, ўз навбатида, ҳар йили куздан баҳоргача 6 ойлаб давом этадиган кетма-кет йўл транспорт ҳодисаларини олдини олди.

Қиш мавсумида музлаган йўллардаги автоҳалокатлар, аёзли кунларда носоз эски автобусларда мигрантлар тўла автобусларнинг ёниб кетиши каби бахтсиз ҳодисалар кузатилмади.

Шунингдек, чегаралар ёпиқлиги боис, Ўзбекистонга ёки Россия автобус ёки енгил машиналарда 5 кунлаб йўл юришлар бўлмагани ҳам ўнлаб йўловчи муҳожирларнинг жонини сақлаб қолди.

Ҳужжатларга қараймиз: Россияда 2020 йилда ЙТҲ ўтган йилгига нисбатан камайган ва улар оқибатида қурбон бўлганлар сони 5% га қисқарган.

"Бу кўрсаткич йўлларда ҳаракатланаётган 900 дан ортиқ инсонларнинг ҳаёти сақланиб қолганини билдиради" - дейди РФ ИИВ биринчи ўринбосари Александр Горовой матбуот учун берилган видеобрифингда.

Масъуллар ҳам ЙТҲларнинг кескин пасайгани сабабини карантин чекловлари боис, йўлларда автомобиллар ҳаракати озайгани билан изоҳлашган.

2-сабаб: ишсизлик

Россияга 2020 йилда кириб келган чет элликлар сони коронавирус пандемияси туфайли кескин қисқарди, дея маълум қилди РФ ИИВ ўз ҳисоботида.

Россияда пандемия тарқалиши ҳавфи ортидан йирик қурилиш объектларида иш тўхтади, кафе-ошхоналар ёпилди, хизмат кўрсатиш соҳалари фаолияти тўхтатилди, кўплаб корхона-ташкилотлар уйдан ишлаш тизимига ўтди.

Натижада минглаб иш ўринлари қисқартирилди, корхоналар инқирозга учради, иш берувчилар ходимларига маош тўлай олмай қолишди.

Бу иқтисодий қийинчиликлар ишсиз ва пулсиз қолган мигрантларни ўз ватанларига қайтишга мажбур қилди.

Бунинг ортидан янги муаммолар юзага келди.

Биз юқорида келтирган соҳаларни энг кўп банд қилган ишчилари Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари эди. Улар кетгач, кўплаб қурилишларда иш тўхтади, корхоналарнинг фаолият кўлами кескин қисқарди.

Вагонларда ёниш кузатилмади

Бундан муҳожирлар иқтисодий зарар кўрган бўлиши мумкин, аммо улар олган энг катта фойда - ҳаётларининг омон қолганидир.

Ҳар йили совуқ тушиши билан вагончаларда яшаётган ўнлаб мигрантлар қўлбола иситгич мосламаларидан ўт чиқиши оқибатида тириклай ёниб кетиш, қор-музли кунларда қурилиш объектларида баландликдан йиқилиш, томларни қордан тозалаш вақтида сирпаниб тушиб кетиш, ис гази, иш жиҳозларини нотўғри қўллаш оқибатида қурбон бўлиш каби бахтсиз ҳодисалар хабарлари ҳар хафтада икки-уч бора кузатиларди.

Айниқса, мактабни битирибоқ муҳожирликка чиққан ишчи-мигрантларнинг техника хавфсизлигини билмаслиги ва электр ускуналарни қўллашда тажрибасизлиги ўлим ҳолларига олиб бормаса ҳам, кўп ҳолларда майиб-мажруҳ қилиши ҳам иш берувчилардан то ҳукумат даражасигача аён вазият эди.

Муҳожирларнинг бу йилги ишсизлиги Россияда бахтсиз ходисаларни камайишига сабаб бўлганини РФ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳисоботи ҳам тасдиқлайди.

"Россияда бу йил ёнғинлар, айниқса, техноген тури сони ва уларда жабрланганлар миқдори сезиларди даражада камайди" - дейилади ФВВ ҳисоботида.

Мигрантлар жинояти озайган

Аммо жиноятчилик кўрсатгичи ўзгармади. РФ ИИВ мамлакатда чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар қисқарганини маълум қилди.

Дмитрий Медведов эса миграция масалаларига бағишланган йиғилишда бу рақам 1,5 фоизга камайганини билдирди.

Миллатчилик, турли келишмовчиликлар оқибатида бир-бирини пичоқлаш, ўғирлик ёки жинсий зўравонликни бекитиш мақсадидаги қотилликлар оқибатида ҳам ўнлаб ўзбекистонликлар қурбон бўлар эди.

Бу борада сўнгги кўрсаткичлар ҳақида бирон-бир аниқ маълумот топишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

"Маъмурий қоидабузарликлар 2019 йилга нисбатан 23 фоизга қисқарди, бу пандемия давридаги миграция сиёсати билан боғлиқ" - таъкидлади Дмитрий Медведов.

Одам оз ерда муаммо ҳам оз - муҳожирларнинг сезиларли камайгани Россияда статистиканинг ҳам барча жиҳатларига ўз таъсирини ўтказди.

3-сабаб: карантин

Учинчи ва энг асосий сабаблардан бири - албатта, карантин чоралари.

Дунёда коронавирус тарқалганидан бери вирус тарқалиши ва қурбонлар сони жиҳатдан Россия энг юқори ўринларда турибди. Бугунга келиб мамлакат бўйича 4 миллиондан зиёд кишида COVID-19 қайд этилган.

"2020 йил якунига кўра, Россияда ўлим кўрсатгичи 2019 йилга қараганда 17,9 фоизга кўп. Жами ўлим ҳолларининг 31 фоизи коронавирус оқибатини ташкил қилади" - маълум қилди РФ ҳукумати раҳбар ўринбосари Татьяна Голикова.

Вице-премьер Голикова очиқлаган маълумотга кўра, 2020 йилда мамлакатда жами 2,124 млн киши ҳаётдан кўз юмган (ўтган йилгидан 323 минг кишига кўп).

Апрель ойидан декабрга қадар коронавирус аниқланган 160 291 киши вафот этган. Уларнинг 94 223 нафари айнан вирусдан ўлган.

Инсон ҳаёти учун шундай бир xавфли вазиятда мигрантларнинг катта қисми бу балодан четда сақланмоқда.

Улар карантин чекловлари сабаб чегаралар ёпилиши билан вирус юқтиришдан қўрқиб эмас, асосан Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли ўтган йили апрель ойиданоқ ватанларига қайта бошлашди.

Йўллар ёпиқлигига қарамай, юзлаб мигрантлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Ўзбекистонга қайтиш учун чегара атрофига боришиб, очиқ далаларда ойлаб қолиб кетдилар.

Уларнинг оғир шароити электрон ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда катта шов-шув бўлганидан сўнг, ҳукумат томонидан ватанга қайтариш чоралари кўрилди.

Фуқаро ўзини асраяпти, ватани-чи?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари маҳаллий матбуотга «коронавирус инфекцияси сабабли карантин жорий этилгандан буён хорижда қолиб кетган жами 400 мингдан зиёд ўзбекистонлик ватанга қайтарилди», дея маълумот беришган.

Шунингдек, марказий нашрларда 600 мингга яқин ўзбекистонликлар Россияга кета олишолмаётгани билдирилди.

Россияда ишлаган ва ишламоқчи бўлган жами 1 миллионга яқин ўзбекистонликлар балки ўзлари кўп ҳам эътибор қилмагани ҳолда, ватанда жон сақлашмоқда.

Айни пайтда эса Россияда расмий рақамларга кўра, 1 ярим миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.

Мамлакатда пандемия билан боғлиқ вазият тобора юмшаб бораётгани ҳисобга олинса, улар вирус ўчоғида қолиб ҳаётларини асраб қолишди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон фуқаролари-ку ўз кунларини кўришга, ўзларини асрашга, бу ҳаётда яшаб қолишга жон-жаҳдлари-ла ҳаракат қилишаяпти.

Ҳукуматида уларга ёрдам беришга, қўллашга, муҳожирликда бахтсиз ҳодисалардан асрашга имкони бор.

Бу - ўзбекистонликларни ватанида иш билан таъминлаб, Россияга ишлашга кетишига йўл қолдирмаслик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek