Ўзбекистон: Президент Фарғонада ва “ТИВ ходими менга ҳам тегажоғлик қилсин” – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Ўзбекистон: Президент Фарғонада ва "ТИВ ходими менга ҳам тегажоғлик қилсин" - бу президентнинг жорий йилда учинчи бор вилоятларга сафар қилишидир. Таниқли жамоатчилик фаоли ва журналист Абу-Али Ниязматов нимадан шикоятда? bbcuzbek.com дайжести.

Фарғона сафари

Президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Фарғона вилоятига жўнаб кетган.

Сафар давомида у вилоятдаги қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, тўқимачалик корхоналари фаолияти билан танишиши ҳамда бунёдкорлик ишларини кўздан кечириши хабар қилинган.

Президент матбуот хизмати давлат раҳбари охирги бор вилоятга ўтган йили июнь ойида келганини эслатган.

Бу президентнинг жорий йилда учинчи бор вилоятларга сафар қилишидир.

Январь ойида Мирзиёев Жиззах ва Бухоро вилоятларида бўлган эди.

Жинсий тегажоғлик ва аккредитация

"Эҳтимол, менга зудлик билан ТИВ ходимаси жинсий тегажоғлик қилиши керак».

Таниқли жамоатчилик фаоли ва журналист Абу-Али Ниязматов Podrobno.uz нашри билан суҳбатда ана шу сўзларни тилга олган.

Журналистнинг иддаосига кўра, у 7 йил давомида Регнум ахборот агентлиги сифатида Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация ололмай келмоқда.

Ниязматов бу ҳолатга "погондаги мартабали мансабдорлар" арашлаган компанияларнинг Ўзбекистон орқали Афғонистонга нефть маҳсулотларининг эксклюзив транзити ҳақида ёзган мақоласи сабаб бўлаётганини тахмин қилган.

Журналист шундан сўнг ўзининг вазирликнинг ўзига хос "қора рўйхати"га тушиб қолганини таъкидлаган.

"Бундай "қора рўйхат" мавжудлиги тўғрисида менга кучишлатар тизимлардаги манба ишонч билан маълум қилди", қўшимча қилган Ниязматов.

Маълумот ўрнида, аввалроқ польшалик журналист Агнешка Пикулитска-Вилчевская Ўзбекистон ТИВдан аккредитация узоқ вақт аккредитация ололмагани ва вазирлик ходими унга жинсий тегажоғлик қилгани ҳақида ёзган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналистдан кечирим сўраб, 3 февраль куни унга аккредитация тақдим қилган эди.

Абу-Али Ниязматов Подробно.уз нашри билан суҳбатида айтган гапларига вазирлик муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

"2 миллион сўмлик" истеъмол савати

Ўзбекистонда бир киши ойига, ўртача, 2,157,000 сўм эвазига яшаши мумкин.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ишлаб чиқилган истеъмол саватининг миқдори ана шунчани ташкил этган.

Истеъмол саватининг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлган.

Истеъмол савати бундан ташқари, дорилар, косметика ва уй-рўзғор буюмлари ҳамда коммунал хизматлар, транспорт харажатлари ва қўшимча ўқув курслари харажатларини ҳам қамраб олган.

Натижада, озиқ-овқат харажатлари - 1,27 миллион сўм, шахсий гигиена ва хўжалик моллари харажатлари 76 минг сўм, хизматлар ва коммунал тўловлар 782 минг сўмни ташкил этган.

Федерация ишлаб чиққан истеъмол саватига жами 72 маҳсулот тури киритилган.

Жаҳон тажрибасида истеъмол саватига бир инсон ёки оила тириклиги ва саломатлиги учун зарур маҳсулотлар ва хизматларнинг энг кам тўплами киритилади.

Аксар давлатларда истеъмол саватининг умумий қийматига асосан аҳолига ижтимоий нафақалар белгиланади.

Ижтимоий тармоқ сабаб ишидан айрилганлар

Шу вақтга қадар ижтимоий тармоқда тарқалган видеолар сабаб 8 ходим ички ишлар тизимидан бўшатилган, 20 нафари эса лавозимидан озод этилган.

Бу ҳақда 3 февраль куни ўтган матбуот анжуманида ИИВ кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Авазбек Инамов маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ўтган вақт давомида ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги қарама-қаршилик акс этган 201 та видео тарқалган.

Оқибатда, 87 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланган.

Видеоларда акс этган 84 ҳолатда эса ходимларнинг айби тасдиқланмаган.

Адолатли, халқпарвар ва меҳнаткаш

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 1 февралдаги қарори билан, бир гуруҳ сенаторларга махсус мақомлар берилган.

Сенат аъзоларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг 26 январдаги тавсияларини кўриб чиқиб, Сенатнинг олти аъзоси "Адолатли сенатор", "Халқпарвар сенатор", "Меҳнаткаш сенатор" ва "Фахрий сенатор" мақомларига лойиқ кўрилган.

Янги мақом олган сенаторлар сертификат ва бир марталик пул мукофоти билан тақдирланган.

Расмий хабарда ушбу мақомлар қандай мезонлар асосида берилганига ойдинлик киритилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek