Ўзбекистон: Президент сайловига тадорик бошланди ва ўзбек паспорти кучсизланди – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Ўзбекистон: Президент сайловига тадорик бошланди ва ўзбек паспорти кучсизланди - Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси президент сайлови йилида ўзининг илк мажлисини ўтказди. Бўлажак сайлов санаси ва унда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўз номзидини илгари суриш-сурмаслиги ҳозирча маълум эмас. Ўзбекистонда бундан аввалги президент сайлови Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб, 2016 йилда муддатидан илгари чақирилган. bbcuzbek.com дайжести.

Президент сайлови

6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда жорий йилда ўтиши белгиланган президент сайловини юқори даражада ташкил этишга эътибор қаратилаётгани алоҳида тилга олинган.

МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов бошқарган мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил биринчи ярми учун иш режаси тасдиқланган.

МСК мажлиси президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатидан саноқли кунлар ўтиб, ўтказилган.

Ўз мурожаатида Мирзиёев 2021 йилда «давлат ва халқ ҳаётида катта сиёсий воқеа» - президентлик сайлови бўлиб ўтишини маълум қилган эди.

Давлат раҳбари Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайловни миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойиллар асосида ташкил этишга эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлаган.

6 январь куни ўтган МСК мажлисида 2019 йил декабрида ўтган парламент сайлови бўйича халқаро кузатувчиларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда 2021 йил биринчи ярмида Комиссия фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилган.

Таъбир жоиз бўлса, бу яқинлашиб келаётган президент сайловини ўтказишга қаратилган илк расмий тадбир бўлмоқда.

Бироқ, ҳозирча, президент сайлови айнан қачон ўтказилишига аниқлик киритилмаган, унда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўз номзодини илгари суриши ёки йўқлиги ҳам қоронғилигича қолмоқда.

Мамлакатда сўнгги бор 2016 йил 4 декабрида президентлик сайлови ўтказилган.

Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз ёки 15,9 миллион ўзбекистонликнинг қўллови билан ғолиб бўлган эди.

7 миллиардлик талон-тарож

Самарқанддаги тиббиёт муассасаларида 7 миллиард сўм талон-тарож қилиб юборилган.

Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилган.

«Ўрганишларда вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 9,256 миллиард сўмлик дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14,902 миллиард сўмга, яъни 5,643 миллиард сўм қиммат нархларда давлат харидларни амалга оширилгани аниқланган.

Шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда 4,999 миллиард сўмлик қийматдаги тендер ва 186,1 миллион сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар давлат харидларига оид қонун талабларига зид равишда ташкил қилинган», дейилади агентлик хабарида.

Бундан ташқари 1 миллиард 384 миллион сўмлик талон-тарож ва молиявий хато-камчиликлар, 124,5 миллион сўмлик ортиқ молиявий рағбатлантириш ҳаракатлари аниқланган.

«Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган талон-торожлик ва суистеъмолчиликлар миқдори жами 7 миллиард сўмни ташкил этди», билдирган Аксилкоррупция агентлиги.

«Чироқ ўчиши сабаби Ўзбекистонда»

Ўзбекистон энерготизимидаги фавқулодда ҳолат ортидан Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудлари ҳам чироқсиз қолган.

5 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Марказий Осиё ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари узилишлар содир бўлганини хабар қилган эди.

Қозоғистон электр тармоқлари бошқаруви бўйича компанияси бунинг ортидан кескин кучланиш юзага келиб, мамлакатнинг бир қанча вилоятларида электр таъминоти ҳажми чекланганини билдирган.

Қирғизистон ҳам Ўзбекистонда юз берган ҳолат туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудлари электр энергияси таъминотидан узилиб қолганини маълум қилган.

3 поғона пастга

Henley & Partners халқаро консалтинг компаниясининг янгиланган паспортлар рейтингида ўзбек паспорти 86-ўринга муносиб кўрилди.

Ўз эгаси визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сони бўйича паспортлар кучи аниқланадиган ушбу рейтингда Ўзбекистон бундан бир йил аввал 83-ўринни эгаллаган эди.

2021 йил биринчи чорагига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 57 мамлакатга визасиз киришлари ёки етиб боргандан сўнг виза олишлари мумкин.

Бу сафар Ўзбекистоннинг 86-ўринни Кот-д'Ивуар ва Габон давлатлари билан баҳам кўришига тўғри келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek