You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Зиёфат, кортеж – бўлғуси президент нимага рози бўлди? Минтақа ва сиёсат, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Зиёфат, кортеж - бўлғуси президент нимага рози? Президент инаугурациясини серхарж ўтказиш режаси Қирғизистонда аҳоли норозилигига сабаб бўлди. Мавзу минтақавий нашрлар эътиборига тушди. Садир Жапаров нимага кўнди?
Инаугурация маросими ва аҳвол
Ўтган ҳафта расман сайлов натижалари эълон қилинар экан, пойтахт Бишкекда бўлғуси президент қасамёд маросимига тайёргарлик бошланган.
Президент матбуот котиби Галина Байтерекнинг маълум қилишича, президент инагурацияси 28 январь куни, Тўқтўғул Сатилғанов номидаги Миллий Филармонияда бўлиб ўтади.
Айни пайтда ушбу маданий бинода инаугурация маросимига тайёргарлик кўрилмоқда.
Президент матбуот хизмати, инаугурация маросимига 10 млн сўм ёки $11778 АҚШ доллари сарфланишини маълум қилган.
Пандемия пайтида давлат бюджети оқсаб турган бир пайтда президент инаугурациясига бундай кўп харажат қилиниши аҳоли норозиликларни келтириб чиқарган.
Қирғизистон шундоқ ҳам Тожикистон билан бирга минтақанинг нисбатан камбағал иккита давлатидан биттаси бўлади.
Юз минглаб аҳолисининг тирикчилиги, йилларки, ташқи меҳнат миграцияси ортидан ўтиб келади.
Глобал коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодига етказган зиён қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Қирғизистонда ҳам аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.
Қирғизистон ҳозир Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган икки мамлакатидан бири бўлади.
Садир Жапаров баёноти
Расмий баёнотдан кўп ўтмай, бўлғуси президент Садир Жапаров ўзининг қасамёд маросими ихчам ва камхарж уюштирилишини маълум қилган.
Бўлғуси давлат раҳбари октябрь воқеаларидан кейин вужудга келган сиёсий вазият, республикадаги иқтисодий, молиявий ва эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, мамлакат иқтисодиёти учун кўп харажатлардан воз кечиши кераклигини урғулаган.
"Кўп молиявий харажатларни талаб қиладиган махсус кортеж, зиёфат ва бошқа ташкилий тадбирлардан воз кечишга қарор қилдим", дейди Садир Жапаров.
Унга кўра, президентнинг инаугурацияси учун фақат қонунда белгиланган мажбурий тартибларни ҳисобга олиш ва амалга ошириш муҳимдир.
"Давлат барча эътиборини бюджет маблағларини одамлар ва уларнинг эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишга қаратиши керак", дея қўшимча қилган Садир Жапаров.
Бироқ, шундай деркан, Садир Жапаров ўз баёнотида инаугурация маросимига энди жами қанча пул харажат қилинишини очиқламаган.
Президент матбуот котиби Галина Байтерек давлат раҳбарининг инаугурация маросимида артиллерия ҳарбий техникасидан фойдаланиш тўғрисида фикр билдирар экан, ушбу маросим давлат миқёсидаги тадбир эканлигини, Садир Жапаров президент лавозимига киришганидан кейин мамлакат Қуролли Кучларининг Бош қўмондони бўлишини таъкидлаган.
«Артиллерия ҳарбий техникасидан фойдаланиш бундай тадбирнинг атрибутларидан бири ва одатий амалиётдир. Бу ортиқча харажатларни талаб қилмайди, чунки артиллерия экипажлари ҳар қандай ҳолатда ҳам жанговар тайёргарлик даражасини кундалик режимда ушлаб туриш билан шуғулланадилар. Қўшинларни тайёрлаш режасига кўра, ҳарбий артиллерия жанговар тайёргарлик машқларини мунтазам равишда олиб боради. Шунга кўра, бу ҳолда қўшимча харажатлар бўлмайди», дейди Галина Байтерек.
Президент қасамёд маросимига кимлар таклиф қилиниши ҳозирча очиқланмаяпти. Пандемия вазиятида тадбирда иштирок этувчилар сони чекланиши ва барча санитар қоидаларга амал қилиниши айтилмоқда.
Одатда, давлат раҳбарларининг инаугурациясига қўшни ва ҳориж давлат раҳбарлари, халқаро ташкилот вакиллари ва махаллий расмийлар ташриф буюришади.
Янги президент инаугурация маросимига қанча маблағ сарфланиши қолган минтақа давлатлари мисолида одамларнинг жиддий қизиқишларига сабаб мавзу, саволлардан бири экани кўрилади.
Садир Жапаров 28 январь куни мустақил Қирғизистоннинг 30 йиллик тарихидаги 6-президент сифатида қасамёд келтиради.
Орада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам унинг сайловдаги ғалабаси билан расман қутлаган.
Бўлғуси президент аллақачон ўзининг хорижга илк расмий ташрифи Россия Федерациясига бўлишини баён қилишга ҳам улгурган.
Собиқ президентлар инаугурацияси
Қирғизистонинг биринчи президенти Асқар Акаев 14 йиллик фаолияти давомида уч марта қайта сайланган ва уч маротаба инаугурация маросимини ўтказган. Аммо бу маросимларнинг харажатлари тўғрисида очиқ маълумотлар мавжуд эмас.
Илк маротаба 1991 йилнинг 12 октябрида президент этиб сайланган Асқар Акаев ўша йилнинг декабрь ойи бошида қасамёд қилган. Маросим Оқ уйда дабдабасиз бўлиб ўтган.
Иккинчи инаугурация 1995 йилнинг 30 декабрига тўғри келган. Президент сайловидаги навбатдаги ғалабадан сўнг, Асқар Акаев яна камтарлик билан Ҳукумат уйи деворида қасамёд қилган.
2000 йилги сайловларда Акаев қайта давлат раҳбари этиб сайланган. Бу сафарги маросим 9 декабрь куни Миллий Филармонияда ўтказилган. Давлат аҳамиятига эга тадбирда буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов иштирок этган.
Қирғизистонда 2005 йилнинг 24 мартида юз берган "Лола инқилоби" ортидан ҳокимиятга келган президент Қурманбек Бакиевнинг инаугурацияси учун давлат ғазнасидан 21 миллион сўм ажратилган.
Ундан 4 миллион сўми Россия юлдузлари иштирокидаги кечки концертга сарфланган.
Энг кўп харажат - 12 миллион сўм "Оқ уй" олдидаги фавворани таъмирлашга кетган.
"Ала-Арча" давлат қароргоҳи таъмирланиб, Ҳукумат уйининг катта зали янгитдан жиҳозланган.
Ушбу ишларнинг барчаси учун умумий ҳисобда 17 миллион сўм маблаг ажратилган.
Қурманбек Бакиевнинг инаугурацияси пойтахт Бишкекнинг Ала-Тоо бош майдонида деярли 10 минг киши, жумладан, таклиф қилинган хорижлик меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтган. Тадбирга республиканинг ҳар бир минтақасидан 54 нафардан вакил таклиф қилинган.
2009 йилда Қурманбек Бакиев яна давлат раҳбари этиб сайланган. Президент девони Бакиев сайловларда ғолиб бўлганидан кейин тантанали тадбир учун 20 миллион сўмга яқин пул сарфлаганини маълум қилган.
2010 йилнинг 7 апрелида юз берган навбатдаги "ҳалқ инқилобидан" кейин ҳокимиятга келган муваққат президент Роза Отунбаева инаугурациясига 9 миллион сўм сарфланган.
Тадбир 2010 йилнинг 3 июлида Бишкекдаги Миллий Филармония биносида бўлиб ўтган.
Бир йилдан сўнг ўтказилган президентлик сайловида ғолиб бўлган Алмазбек Атамбаевнинг 2011 йилнинг 1 декабрида бўлиб ўтган инаугурация маросимига эса, 10 миллион сўм сарфланган.
Бу Қирғизистон тарихидаги илк ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш маросими ҳисобланади.
Олти йиллик бошқарувидан сўнг, ҳокимиятни қабул қилган собиқ президентнинг яқин сафдоши Сооронбай Жээнбеков инаугурацияси учун 8 ярим миллион сўмга яқин маблағ кетган.
Маросим 2017 йилнинг 24 ноябрь куни "Ала-Арча" давлат қароргоҳининг "Энесай" Қабуллар уйида бўлиб ўтган.
Қасамёд маросимларида анъанавий равишда бўлғуси президентга гувоҳнома, кўкрак нишони ва давлат раҳбарининг штандарти топширилади.
Садир Жапаров ғолиб
Икки ҳафта аввал ўтказилган президентлик сайлови натижаларига кўра, Садир Жапаров қарийб саксон фоиз овоз билан расман ғолиб бўлган.
Марказий сайлов комиссияси ўтган ҳафта "Қирғизистонда навбатдан ташқари президент сайловлари натижалари тўғрисида" баённомани тасдиқлаган. Яъни, овоз беришнинг расмий натижаларини сарҳисоб қилган.
Расмий натижаларга кўра, Садир Жапаров 1 млн 105 минг 248 киши ёки 79,20 фоиз овоз билан Қирғизистон Президенти этиб сайланган.
Ундан кейин сиёсатчи Адахан Мадумаров 6,79 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган. Учинчи ўринда Бобиржон Толбаев 2.36 фоиз овоз тўплай олган.
Арстанбек Миқтибек, Абдил Сегизбаев, Имамидин Ташов ва Клара Сооронқуловалар икки фоизга яқин овозга эга бўлса, қолган номзодларнинг овозлари эса бир фоизга ҳам етмаган.
10 январь куни давлат раҳбарлигига иштиёқ билдириб 17 нафар номзод сайловда қатнашган.
Президентлик сайловида овоз бериш учун жами 3 миллион 563 минг 574 фуқаро рўйхатга олинган.
Бироқ сайловга 1 млн. 395 минг 513 киши қатнашган. Бу сайловчиларнинг 39,16 фоизини ташкил этади.
"Халқ инқилоби"га етаклаган сўнгги парламент сайловларидан фарқли тарзда, президент сайлови қаллобликларга оид жиддий танқидларсиз кечгани кўрилган.
Ҳукумат истеъфоси
Президент вазифасини бажарувчи Талант Мамитов 21 январь куни "Қирғизистон Бош вазири ва ҳукумати ваколатларини тугатиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, фармон 20 январь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов натижаларининг расмий эълон қилиниши ва янги сайланган президент Садир Жапаровнинг истеъфоси асосида қабул қилинган.
Талант Мамитов Жапаровнинг аризасини қабул қилган ва "Қирғизистон Ҳукумати тўғрисида"ги қонун асосида уни ишдан бўшатган. Фармонга мувофиқ, бу ҳолда ҳукумат таркиби истеъфога чиқарилган, деб ҳисобланади.
Истеъфога чиқарилган ҳукумат янги ҳукумат тузилмагунча ўз фаолиятини давом эттиради.
Ўтган йилнинг 5 октябридаги қўзғолондан сўнг ҳокимият алмашинуви юз бериб, Садир Жапаров раҳбарлигидаги мувафаққат ҳукумат тузилган.
Жорий йилнинг 10 январида муддатидан аввал президентлик сайлови ва бошқарув тартибини аниқлаш бўйича референдум ўтказилган.
Расмий натижаларига кўра, референдумда овоз берганларнинг 81 фоизи президентлик тизимини қўллаб-қувватлаган.
Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Олти миллиондан сал ошувчи аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини ўзбеклар ташкил этади.
Қирғизистондаги пандемия билан боғлиқ аҳвол ва сўнгги сиёсий жараёнларга Ўзбекистон ҳукуматининг фаоллик билан муносабатда бўлгани, вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш саъй-ҳаракатида экани кўрилган.
Ўзбекистонда ҳам бу йил президент сайлови бўлиб ўтади.
Унда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг беллашиш-беллашмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Аммо кеча, душанба кунги хабарлардан президент сайлови муддатидан аввал ўтказилиши ҳам мумкинлиги англашилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek