Қирғизистон, Ўш: Қудратли собиқ ҳокимнинг қайтиши нимани англатади? - Mirziyoyev, Qirg’iziston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қирғизистон, Ўш: Қудратли собиқ ҳокимнинг қайтиши нимани англатади? - Қирғизистонда юз бераётган сиёсий жараён ва ҳокимият алмашинуви фонида қамоқдаги ва қувғиндаги сиёсатчилар яна ўзларининг аввалги қудратларига қайтишга ҳаракат қилишмоқда. Мелис Мирзақматов ҳам ортга қайтди.

Қирғизистон: Бишкекда фавқулодда ҳолат, аммо янги тўқнашувлар бошланди - видео

Бишкекда аввалига тинч митинглар, кейин эса Оқ уйнинг намойишчилар тарафидан ишғол этилиши ортидан, мухолифат томонидан янги мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ва вилоят, шаҳар хокимлари истъефо берган. Уларнинг ўрнини мухолифат вакилларидан иборат "халқ хокимлари" эгаллаган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев илова қамоқдаги сиёсатчилар озод этилган, уларда айримлари аллақачон ҳокимият учун курашга қўшилишган.

Худди шу манзарада олти йилдан бери хорижда, қувғинда юрган Ўш шаҳрининг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматов ҳам ортга қайтган, 7 октябрь куни тунда хусусий учоқда Ўшга етиб келган.

Марказий майдонда йиғилган минглаб тарафдорлари олдида чиқиш қилган собиқ ҳоким, "ватани қийин аҳволда турганда ёрдам бериш учун келгани"ни урғулаган.

Бироқ, "сиёсатчилар ўзини олти соат давомида Қирғизистонга киритмасдан туришгани"ни ҳам қўшимча қилган".

"Ҳозир вазият қалтис бўлиб турибди. Мамлакатни бўлиб, фуқаровий уруш бошлашмоқчи бўлган кучларга қарши туриб, миллий ҳамжиҳатликни сақлаб қолишимиз керак. Бугундан бошлаб Ўш, Жалолобод ва Боткен менинг гапим билан ҳаракат қиласизлар. Сизлар менинг бир ҳуштагим билан йиғиласизлар. Бишкекка ўз таклиф ва талабларимизни ёзма равишда берамиз. Улар буни бажаришса бажарди, бўлмаса биз ўз билганимизни қиламиз", деган Мирзақматов.

Собиқ ҳоким ўтган икки кун давомида турли сиёсий кучлар раҳбарлари, жумладан, президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков, депутат Искендер Матраимов учрашган ва президент билан телефон орқали мулоқот қилган.

Кеча, Ўш шаҳар ҳокими хонасида мутбуот анжуманини ўтказиб, журналистлар саволларига жавоб берган Мирзақматов, "барча сиёсий кучлар ундан вазиятни яхшилашга ёрдам беришини сўрашгани"ни айтган.

"Қирғизистоннинг осойишталиги учун мен барчаси билан учрашаман. Атамбаев, Текебаев, Бабанов, Мадумаров чақирса, улар билан ҳам учрашиб, мулоқот қиламан. Ҳозир 20 одам ҳоким бўламан деяпти экан. Бизда ҳам туманларни босиб олиш бошланди. Менга ҳеч қандай мансаб керак эмас. Эртага сайловга қанташмоқчи ҳам эмасман. Мени, "келиб, барқарорликни сақлаб туринг", деб чақиришди. Матраимов билан юзма-юз ўтириб, гаплашдик. Асилбек Жээнбековнинг офисига бордим. Ҳаммасини фикрини эшитишим керак-да. Ҳозир мавҳумликдан чиқиш керак бўлаяпти. Мен беркиниб иш қилмаяпман. Ноқонуний ишларни қилдирмаслигимиз керак", деган собиқ ҳоким.

Унинг сўзларига кўра, "айрим сиёсатчилар шимол ва жануб, қирғиз-ўзбек масаласини кўтариб, уруш чиқаришмоқчи. Шунингдек, Мирзақматовни сиёсатга кириши мумкин деб, ичкуярлик ва қизғанчиқлик ҳам қилишмоқда".

"Йўқ, мен сиёсатга кирмайман, мартабангизлар улуғ бўлсин. Мени Ўш яшовчилари чақирди, келдим. Менга ҳеч қандай мансаб керак эмас. Менга Қирғизистоннинг бирдамлиги керак. Мен Ўш, Жалолобод ёки Боткенни ўзим ўзбошимчалик билан бошқариш ниятим йўқ. Мени ёрдамга чақиришди. Шу ҳудудларни осойишталигини қараб, у ердан келган одамлар билан маслаҳатлашиб, иш қилмоқчиман. Мен расмий одам эмасман, менда ҳеч қандай ваколат ҳам йўқ ва ҳеч ким менга буйруқ бераолмайди. Ҳозир кўчада митинг бўлаяпти. Мен ҳозирги ҳоким билан одамларга шу митингларни тўхтатишни айтаяпмиз. Ўшда 2010 йили нима бўлганини биласизлар. ... унда кеч бўлиб қолади. Ҳамжиҳат бўлиш керак", дея урғулаган Мирзақматов.

Шунингдек, Ўшни тўрт йил бошқарган собиқ ҳоким, "агар ҳозирги янги ҳукуматни конситуцион суд қонуний, легитим деб топса, янги раҳбарлар давлатни инқироздан олиб чиқа олса, уларни қўллаши"ни айтган.

"Мен медиатор сифатида фаолият олиб бормоқчиман. Мансабга бормайман, ҳоким ҳам бўлмайман".

Унинг фикрича, бугунги кунда республикадаги сиёсий инқироздан чиқиш учун, сиёсатчи ва партия раҳбарлари ўрин талашиб, эртанги сайловни ўйламасдан, халқни ўйлаши керак.

Мелис Мирзақматов ўзининг миллатчи қарашлари билан танилган.

2009-2013 йиллар мобайнида Ўшга ҳокимлик қилган Мелис Мирзақматов 2014 йили лавозимидан олинган.

Шундан сўнг унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши ортидан, Қирғизистондан чиқиб кетган ва олти йил давомида хорижда қувғинда юрган.

"Мен 2016 йили, президент Алмазбек Атамбаев даврида судда, жиноят аломатлари йўқлиги сабаб оқланганман. Бу 2017 йили Олий судда ҳам тасдиқланган. Бу ҳақда қўлимизда қоғоз ҳам бор. Бироқ, сиёсий сабабларга кўра, мени давлатга келишимга йўл қўйишмаган", дея таъкидлаган Мелис Мирзақматов.

Собиқ шаҳар ҳокимининг Ўшга қайтиши шаҳар аҳолиси томонидан бир хилда қарши олинмаган. Норози кайфиятда бўлганлар микрофонга гапиришга унашмаган.

Уларнинг ораларида Ўшда яна миллатчилик кайфияти кучайишидан хавотирда бўлганлари ҳам кўрилган.

Халқаро ҳисоботларда юзлаб одамнинг қурбон бўлгани айтилган ва айнан энг кўп Ўш жабр чеккани кўрилган 2010 йилдаги миллий низолар ҳам унинг мэрлиги пайтига тўғри келади.

Тадбиркор Музаффар эса, Мелис Мирзақматов ҳозирги қалтис вазиятда аҳволни изга солишга қобилияти бор, дейди.

Унинг айтишича, собиқ ҳоким "2010 йилдаги қонли воқеалардан кейин Ўшдаги мавжуд қийин ижтимоий, иқтисодий ва миллий вазиятни яхшилашга ўз хиссасини қўшган".

"Ҳозир ҳам у одам ўзининг обрўси ва қобилияти билан шундай ишларни амалга ошириб, эхтимолий миллатлараро низоларни олдини олади, деб умид қиламан", дейди суҳбатдошимиз.

Ўшда жорий пайтда кучайтирилган тартиб амалда экани кузатилиши, шаҳарда вазият осойишта экани, давлат идоралари, дўкон ва бозорларнинг очиқ экани, одамлар кундалик юмушлари биланд банд экани айтилади.

Хабарларга кўра, Ўш марказий майдонида президент Жээнкбековнинг ўнлаб тарафдорлари чодирлар тикиб, ўзларининг тинч норозилик намойишларини давом этдиришмоқда.

Ўш вилояти Қирғизистоннинг иккинчи йирик ҳудуди саналади.

Расмий маълумотларда аҳолиси сони ярим миллионга яқин экани айтилади.

Аҳолисининг ярмини ўзбеклар ташкил қилади.

Ўш шаҳри иккинчи пойтахт мақомига эга вилоят саналади.

Ўш Қирғизистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой билан бевосита чегарадош стратегик аҳамиятга эга жанубий вилояти бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek