Россия Қирғизистон ва Тожикистонда нималарни режаламоқда, энг арзон бензин ва 80 ёшли маҳкумни озод қилинг - янгиликлар, O‘zbekiston, Ўзбекистон, Putin, Mirziyoyev, koronavirus, yangiliklar

Россия Қирғизистон ва Тожикистонда нималарни режаламоқда, энг арзон бензин ва 80 ёшли маҳкумни озод қилинг - расмий Москва яна эътиборни тортди, яқинда Туркманистондан Ўзбекистон ҳам бензин сотиб олгани айтилганди. Дайжест.

Москванинг режаси

Хабарларга кўра, шу кунларда Россия ўзининг Марказий Осиёдаги иккита ҳарбий базасига коронавирусга қарши вакцина етказиб берган.

Айтилишича, Тожикистондаги базасида ҳарбийларни эмлаш аллақачон бошланган.

Қирғизистондагиси эса, энди вакциналарнинг дастлабки партиясини қабул қилиб олган.

Хабарларга кўра, ҳар икки базада ҳам ҳарбийлардан ташқари, у ердаги тиббиёт ходимлари ҳам эмланади. Эмлаш кўнгилли бўлади.

Тожикистондагиси Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси бўлади.

Россиянинг Қирғизистондаги ҳарбий ҳаво базаси эса, Коллектив Хавфсизлик Шартомаси Ташкилоти тезкор мадад кучларининг бир қисми ҳисобланади.

Бу базалардаги Россия ҳарбийлари сони мингларга нисбат берилади.

Жорий пайтда Россия дунёнинг Марказий Осиё минтақасида ўз ҳарбий база ва иншоотларига эга ягона давлати бўлади.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол айнан Россияга тўғри келади.

Россия жаҳоннинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлати биттаси бўлади, вирусга чалинганларнинг жами сони ҳозир 3 миллиондан ортади.

Аммо Россия дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцинасини расман қайддан ўтказган давлат бўлади.

Россиядан ташқари қолган бирор бир собиқ Шўро давлати ҳалича ўз аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлашни бошламаган.

Даъват

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти Тожикистон ҳукуматига даъват билан чиққан.

Ташкилот улардан жорий пайтда етти қиллик қамоқ жазосини ўтаётган 80 ёшли Дониёр Набиевни зудлик билан озод этишларини сўраган.

Маълум бўлишича, 80 ёшли отахон сиёсий маҳкумларнинг оилаларига ёрдам бергани учун қамалган.

"Хьюман Райтс Вотч"га кўра, Дониёр Набиев фақат эҳтиёжманд одамларга кўмак қилмоқчи бўлган, холос.

У ўз нафақа пулидан ёрдам берган одамлар эса, мухолифатдаги Тожикистон Ислом уйғониш партияси қамоқдаги аъзоларининг оилалари бўлган.

Бу партиянинг фаолияти Тожикистонда 2015 йилда расман тақиқланган, "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.

Маълум бўлишича, Дониёр Набиев ҳам ўз вақтида Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг аъзоси бўлган, шу боис ҳам, ўзи ёрдам берган оилаларни аввалдан таниган.

"Хьюман Райтс Вотч"нинг айтишича, худди шу кўмаги учун у 2020 йилнинг август ойида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган.

Бунинг ортидан, Тожикистон Ислом уйғониш партияси номидан "ноқонуний фаолият олиб бориш"да айбланган.

Худди ўша йилнинг 28 декабрида суд 80 ёшли маҳбусни "экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил қилиш"да айбдор, деб топган ва уни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Оиласи сил хасталиги билан оғришини айтаркан, ҳозир қамоқда қолаётган кекса маҳкумнинг ҳаётидан жиддий хавотирлар янграмоқда.

Худди шу ўринда халқаро ташкилот Тожикистон қамоқхоналарида коронавирус тарқалганига оид хабарларга ўз диққатини қаратган.

"Хьюман Райтс Вотч"га кўра, Дониёр Набиев Тожикистондаги ўтган етти йил ичидаги сиёсий важларга асосланган ҳибслар ва қама-қамаларнинг сўнгги қурбонидир.

Энг арзон бензин

Туркманистон ўтган йили дунёнинг бензин энг арзон бўлган давлатлари ўнталигига кирган.

Бунга GlobalPetrolPrices нинг қиёсий таҳлили натижалари далолат қилган.

Туркманистонда А-95 бензини бир литрининг қиймати ҳозир 1.5 манат - $0.43 центни ташкил этиши маълум бўлган.

Туркманистон яқинда расмий хабар билан ҳам чиққан.

Сўнгги бир неча ҳафтада миллионлаб доллар савдо-сотиқ қилганини маълум қилган.

Хом-ашё биржасида ўз бензини ва керосинини ҳам сотгани маълум бўлган.

Расмий хабарга кўра, Ўзбекистон, Афғонистон ва гонгконглик тадбиркорлар Туркманистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган бензин, авиация ва ёритиш керосинига қизиқиш билдиришган.

Туркманистоннинг бу ёқилғи маҳсулотларини хорижий валютага харид қилишган.

Аммо расмий хабарда олди-сотди кўлами ва қиймати очиқланмаган.

Ўзбекистонликлар Туркманистондан қанча бензин, авиация ва ёритиш керосини сотиб олгани ноаён қолган.

Лекин хабар Ўзбекистон энергия инқирозини бошидан кечираётгани айтилаётган бир пайтга тўғри келган.

Ўзбекистон ўша пайтда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг маҳаллий вақт билан соат 15:00 дан сўнг ишлашига тақиқ қўйишга ҳам ўтганди.

Туркманистон билан ёқилғи маҳсулотлари хариди Ўзбекистондаги энергия бўҳронини қанчалик енгиллатгани ҳозирча маълум эмас.

Туркманистон Қозоғистон билан бирга минтақанинг табиий энергия захираларига энг бой иккита давлатидан биттаси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek