Ўзбекистон: Газ қазиб олишга катта маблағ сарфланишига қарамасдан у нега йилдан йилга камаймоқда? - O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, PA Media
Ўзбекистон табиий газ экспорт қилмаса - тушум 1 триллион сўмга камаяди. Мамлакат мустақил бўлганидан бери нефть ва газ соҳасини ривожлантириш учун $30 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритилган.
Шунга қарамасдан, газ қазиб олиш ҳажми сўнгги беш йилда тушиб кетган. Пандемия сабаб, бу йил газ экспорти ўтган йил билан солиштирганда 78 фоизга камайган.
Экспорт камайган бўлса-да, у аҳолига етиб бормаяпти. Мирзиёев аҳолини газ билан таъминлаш учун экспортни яна камайтиришга топшириқ берди.
Молия вазири Тимур Ишметов асосий экспорт маҳсулотларидан бири ҳисобланган табиий газ экспорт қилинмаса - бюджетга тушум 1 триллион сўмга камайишини маълум қилди.
Ўзбекистон 2019 йилда ўртача 12 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Бироқ пандемия сабаб, Ўзбекистоннинг асосий харидорлари бўлмиш Россия ва Хитой уни сотиб олишни кескин камайтирди ё тўхтатди.
Натижада бу йил газ экспорти ўтган йил билан солиштирганда 78 фоизга тушиб кетган.

Сурат манбаси, Makhmud Eshonkulov
Газ экспорти кескин тушиб кетишига қарамасдан, ўзбекистонликлар бу йил аввалгидан ҳам кўра кўпроқ газ тақчиллигига дуч келди.
Газ йўқлиги сабаб, Ўзбекистон бир неча жойларида одамлар норозилик билдириб кўчага чиқишди.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни йиғилишда газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берди.
Олдинроқ масъуллар аҳолини газ билан таъминлаш учун айрим тадбиркорлик турларини ундан узган эди.
Марказий Осиёнинг газга бой ўлкасида нима учун аҳолига газ етмаяпти?
Президент Шавкат Мирзиёевга кўра, Ўзбекистонда газ етарли, аммо ҳисоблагич ўрнатилмаганлиги сабаб у исроф бўлмоқда.
"Ўзи газ нуқтаи назаридан ҳисоблагич йўқлиги учун шундай бўляпти. Агар ҳисоблагичларни жойига қўйсак, ўзимизнинг газимиз бемалол ўзимизга етади. Агар ўғирлик бўлмаса, ноинсофлар кўп", деган Шавкат Мирзиёев.
Президент, шунингдек, узилишларга аҳоли талабининг кундан кунга ортаётгани ҳамда тақсимловчи тармоқларнинг 60% эскиргани сабабчи эканлигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, .
Фарғона вилоятидан Мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Султонова газ қувурларидаги бурилишлар талабларга жавоб бермайдиган тарзда ўрнатилгани учун қувур келаётган катта босимни кўтаролмаётгани ва натижада ёрилиб катта миқдорда газ исроф бўлаётганини айтади.
Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Абдуқодировга кўра, 1991 йилдан 2016 йилгача нефть ва газ соҳасига 30 миллиард 700 миллион сўм сармоя ётқизилган.
Катта маблағ ётқизилганига қарамасдан газ қазиб олиш ҳажми тушиб кетмоқда.
Иқтисодчи Абдуқодировнинг очиқ манбалардан иқтибос келтириб айтишича, Ўзбекнефтгаз ширкати 2015 йили бир йилда 46.21 миллиард куб метр газ қазиб олган бўлса, 2020 йилда 28,99 миллиард куб метр газ қазиб олиш кутилмоқда.
У рақамлар бироз бўрттирилгани бўлиши мумкинлиги ва ҳақиқий газ ҳажми бундан ҳам пастлигига ишора қилган.
Абдулла Абдуқодиров томонидан ёзилган мақолада айтилишича, Американинг машҳур Boston Consulting Group ширкати 2017 йилда Ўзбекистонда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ва метанолдан олифен олиш лойиҳалари иқтисодга зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берган.
Ҳисоботда агар бу каби лойиҳалар ишга тушса, 2029 йилга келиб газ қазиб олишда жиддий дефицит юзага келиши мумкинлиги айтилган.
Иқтисодчига кўра, бундан уч йил олдин тайёрланган ҳисоботда газ қазиб олишда ҳозир кузатилаётган муаммолар ҳисобга олинмаган.
Кузатувчилар ҳукумат бу борада зудлик билан чоралар кўрмаса, аҳвол йилдан йилга янада ёмонлашишини айтишади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














