You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Фарғона: Энди Сўх йўли муаммоси ўз ечимини топадими? Ўзбекистон ва Қирғизистон, So'x, O‘zbekiston, Qirg‘iziston, Mirziyoyev, yangiliklar
Фарғона: Энди Сўх йўли муаммоси ўз ечимини топадими? - Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидаги кузатувчи мақоми расман тасдиқланиши ортидан, икки давлат ҳукумат комиссияси учрашди. Чегара делимитацияси ва демаркацияси масаласини муҳокама этди.
Қирғизистондаги йиғин Олий ЕвроОсиё Иқтисодий Кенгашининг Ўзбекистонга расман кузатувчилик мақомини бериш қароридан уч кун ўтиб бўлиб ўтди.
Томонларнинг пойтахт Бишкекдаги қўшма йиғини Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масаласига қаратилди.
Қўшма йиғин ортидан, энди Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини аниқлаш фаоллашиши маълум бўлди.
Ўзбекистон делегациясига Бош вазир маслаҳатчиси (Бош вазир даражасида) Меҳриддин Хайруддинов, Қирғизистон тарафидан эса, Миллий Хавфсизлик Давлат Хизмати раиси Қамчибек Ташиев раҳбарлик қилган.
Учрашув давомида томонлар қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, шу жумладан, давлат чегарасининг лойиҳавий чизиғидан ўтишни тавсифлаш бўйича топографик ишчи гуруҳларнинг кейинги фаолияти, шунингдек, чегараолди ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг хавфсизлиги тўғрисида фикр алмашганлар.
Томонлар учрашув якунида давлат чегарасини делимитация ва демaркация ишларини фаоллаштиришга келишган.
Шу йил сентябрь ойида томонларнинг келишуви асосида Сўх-Водил йўли очилгани хабар қилинган.
Сўх тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича маслаҳатчиси ўшанда келгуси бир-икки ой ичида Сўхни Фарғона вилояти Риштон тумани билан боғловчи йўл очилиши борасида ҳам Қирғизистон томони билан келишувга эришилганини қўшимча қилганди.
Сўx воқеалари
Жорий йилнинг 31 май куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклави ва қўшни давлат аҳолиси ўртасида жанжал келиб чиққан.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса Сўх туманининг Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани билан туташ ҳудудида жойлашган булоқ туфайли содир бўлган.
Сўхнинг Чашма қишлоғи ва Боткен туманининг Чечме қишлоғи аҳолиси чегара ҳудудда жойлашган булоқнинг қайси мамлакатга тегишлилиги борасидаги тортишувлар ортидан тўқнашган.
Жанжал натижасида Ўзбекистон ҳудудидаги уч хонадон ёқиб юборилган, 187 инсон яраланган. Шунингдек, 25 қирғизистонликлар ҳам турли жароҳатлар олган.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва ўша пайтдаги Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Боронов воқеа содир бўлган жойга ташриф буюришган.
Икки давлат расмийлари келишувига биноан, булоқнинг атрофи панжара билан иҳоталаниб, унинг ҳудудида замонавий дам олиш маскани барпо этилиши юзасидан қарор олинган.
Бу сўнги йилларда Ўзбекистон билан Қирғизистон чегараолди ҳудудларида юз берган энг йирик жанжал ҳисобланади.
Аммо, шунда ҳам, бу Сўх билан боғлиқ биринчи ҳолат бўлмаган.
Ўтган йиллар ичида ҳам икки давлат фуқаролари бир неча бор тўқнашгани кузатилган.
Бундай оммавий тартибсизликларнинг энг йирикларидан бири 2013 йилнинг январь ойида содир бўлган эди.
Ўшанда чегара қишлоқлар ҳудудларига симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачиларига Сўх аҳолиси қарши чиққан, оқибатда, кескин тўқнашувлар юзага келган эди.
Сиёсий таҳлилчилар эса, яқин тарихда бўлиб ўтган икки томонлама жанжалларни Сўхнинг мураккаб геосиёсий жойлашуви, мамлакатлар ҳукуматларининг чегара масалаларини биргаликда, муроса йўли билан ҳал этишдаги иродасизлиги билан изоҳлаб келишган.
Расмий маълумотларда умумий майдони 220 kv.km, бошқа манбаларда эса 350 кв.км майдонни ўз ичига олиши айтилган бу ҳудуд тўлалигича Қирғизистоннинг Боткен вилояти томонидан ўраб олинган бўлиб, у Ўзбекистоннинг эксклави ҳисобланади.
Орада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам сўхликларнинг ҳудуддаги оғир аҳволдан норозилик билдириши ва ҳукуматга талаблар қўйиши асосли эканини билдирган.
Мамлакат раҳбарининг анклавдаги мавжуд вазиятни ўнглаш учун қатор чора-тадбирларга қўл ургани ҳам кузатилган.
Сўхни ривожлантириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланаётгани айтилган.
Бу лойиҳа асосида қарийб 1 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилгани маълум бўлган.
Шу йил август ойида эса, "Сўх воқеалари"га алоқадорликда ҳибслар амалга оширилганига оид хабарлар олинган.
9 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида 22 киши устидан суд жараёни бошланган.
15 декабрь кунгисида айрим судланувчилар ўзларининг тергов жараёнида "қаттиқ калтакланганликлари", баъзилари эса тўполонларда қатнашмаганлигини ҳам айтишган.
Жараённи ёритиб бораётган kun.uz интернет нашри ўз хабарида уларнинг бу ҳақдаги кўрсатмаларини бирма-бир келтириб ўтган.
Бу ҳатто айрим маҳаллий нашрларнинг ўзида ҳам "Сўх воқеаларида айбланаётганлар тергов жараёнида қийноққа солинганликларини айтишгани"га оид чиқишларга ҳам сабаб бўлган.
Судланувчиларнинг бу даъволарига масъулларнинг расмий муносабати ҳалича кўзга ташланмаган.
Сўх-Риштон йўли ва ЕОИИ
Сўх халқи туманга борган Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашув пайтида бугун қамалда қолгандек яшашаётганини, сув етишмаслигини, катта Ўзбекистонга ўтиш улар учун азоб, порахўрлик ва таҳқирни англатишидан шикоят қилишган.
Бош вазир барча муаммолар энди ҳал бўлишини айтган.
Шунингдек, Абдулла Арипов Сўх-Риштон йўли нега ёпилганига ҳам ойдинлик киритган.
"Албатта муаммолар талайгина. Ўтган йили биз Риштон билан Сўх орасидаги йўл очиш масаласини қўйгандик. Икки кун ишлади, кейин ёпилди, тўғрими?", - дея халққа мурожаат қилган Арипов.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода сўхликлар Бош вазир йўл муаммосини тилга олгач, хайқиргани, улар учун йўл масаласи қанчалик оғриқли муаммо эканини кўриш мумкин бўлган.
Арипов, "Мана ҳозир гаплашганимизда, Қирғизистон делегацияси раҳбари ўша пайтдаги ҳолат учун узр сўради. Яъни улар ёпишга мажбур бўлгани, улар Евроосиё [Иқтисодий] Иттифоқига аъзо бўлгани учун улар ёпди икки кундан кейин" - деб айтган.
Эндиликда, Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи сифатида аъзо бўлаётгани ва кузатувчи ҳамма ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда Қирғизистон томонига қўйилган биринчи масала қисқа вақт ичида Сўх-Риштон йўлини очиш бўлганини маълум қилганди.
Қирғизистон ҳам ўз ҳудудидан қўшни давлат туманига элтувчи коридор йўл ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи изн берсагина очилишини билдирган.
Жорий йилнинг 11 декабрь куни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Ўзбекистонга расман кузатувчи мақомини берган. Бироқ бу иттифоққа тўлақонли аъзолик ваколатини бермайди.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига 2014 йилнинг 29 майида Қозоғистоннинг Остона, ҳозирги Нур-Султон шаҳрида Россия, Қозоғистон, Арманистон ва Беларусь раҳбарлари иштирокида асос солинган.
Қирғизистон бу Иттифоққа 2015 йилнинг 12 августида аъзо бўлган.
Икки қўшни давлатнинг Иттифоқдаги бугунги мавқеи ўрталаридаги зиддиятли чегара муаммосини ечимида қандай ўрин тутиш-тутмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида Қирғизистон билан ҳам чегара масаласи энг кескин муаммолардан бири бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёв иқтидорга келган 4 йил ичида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги делимитация ва демаркация масаласи жиддий ҳал қилингандек кўринган.
Томонлар сўнгги бир неча йилнинг ўзидаёқ 1379 километрлик чегара ҳудудларининиг 85 фоизи ҳал қилинганини маълум қилишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek