Юз минглаб ўзбекистонлик ташвиши энди арийдими? – Ўзбекистон ва АҚШ, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Юз минглаб ўзбекистонлик ташвиши энди арийдими? Дунёнинг энг кўп коронавирус тарқалган ва юз минглаб ўзбекистонлик яшовчи давлати - Америка Қўшма Штатларида бугун коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланади.

АҚШ Россия ва Буюк Британиядан кейин бу ҳақда расман эълон қилган жаҳоннинг учинчи давлати бўлди.

Штатлар ўзлари ва Германиянинг қўшма маҳсулоти бўлган Pfizer/BioNTech вакцинасини фавқулодда ҳолатларда қўллаш учун расман маъқуллади.

Эмлашнинг биринчи босқичи учун шу дам олиш кунларида дастлабки уч миллион доза вакцина "бутун штатлар бўйлаб тарқатилди".

Pfizer/BioNTech вакцинаси учинчи босқич синовларида ўзининг коронавирусга қарши 95 фоиз самарали эканини кўрсатган.

Жорий пайтда дунёдаги вирусга қарши энг кучли экани исботланган тўртта вакцинадан биттаси бўлиб турибди.

Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда жаҳоннинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати саналади.

Бу - Америка Қўшма Штатлари тарихидаги энг йирик эмлаш дастури бўлиши айтилмоқда.

Айнан шу шанба куни Америка Қўшма Штатларида коронавирусдан кундалик ўлим ҳоллари рекорд даражага етган.

Вирус сабаб, бир кунда 3300 дан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган.

Пандемиянинг қарийб бир йиллик тарихида дунёнинг қолган бирор бир давлатида бу каби кўрсаткич кузатилмаган.

АҚШ дунёнинг энг кўп - юз минглаб сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ишлаб, таҳсил олиб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Биз сўнгги янгиликлар манзарасида уларнинг ўй-фиклари, бугунги кайфиятлари билан ҳам қизиқдик.

Баҳодир Файз,

Социолог, Ўзбекистон-АҚШ

"Сўнгги ойларда дунёнинг кўплаб давлатларида, шу жумладан, Америка Қўшма Штатларида ҳам пандемия яна кучайган.

Коронавирусдан ўлим ҳоллари ҳозирга келиб Штатларда жами 300 мингдан ортди. Сўнгги бир кун ичида яна 1,357 та янги ўлим ҳолати қайд этилди.

Коронавирусга чалинганлар сони эса, ўтган бир кеча-кундузда яна қарийб 184 минг кишига кўпайди. Умумий ҳисобда 17 миллионга яқинлашди. Уларнинг фақат ярмидан кўпроғи соғайган.

Америка Қўшма Штатлари аҳолиси 328 миллион кишидан ортиқроқни ташкил этса, шу пайтга қадар уларнинг ярмидан кўпроғи коронавирусга текширилган.

Калифорния (1 миллион 588 минг 180), Техас (1 миллион 487 минг 369) ва Флорида (1 миллион 125 минг 931) мамлакатда коронавирус энг кўп тарқалган штатлар бўлиб туришибди.

Нью-Йорк штати эса, пандемия туфайли вафот этганлар сони бўйи бутун Америка Қўшма Штатлари бўйича етакчи ўринда. Ҳозирга келиб, бу штатда жами ўлим ҳоллари 35 ярим мингдан ортган.

Бу маълумотлар Ковид-19 вирусининг тарқалиши ва ундан ўлим ҳолатлари бўйича АҚШнинг дунёда ҳануз биринчиликни қўлдан бермаётганини кўрсатади.

Бу каби даҳшатли ҳолат эса, ҳамма америкаликларни ташвишга солгани каби, АҚШда муқим яшаб келаётган ўзбекистонликларнинг ҳам энг катта хавотирларига айланган.

Америка Қўшма Штатларининг турли шаҳарлари, асосан Нью-Йорк, Филадельфия, Питтсбург, Чикаго, Майами каби йирик метрополларида яшаб, ишлаб келаётган минглаб ўзбекистонликлар ҳам Ковид-19 вируси таъсирида қолишди.

Уларнинг орасида коронавирусдан вафот этганлари ҳам бор.

Америкаликлардан фарқли ўлароқ, пандемия шароити ўзбекистонликларнинг саёҳат қилиш эркинликларини ҳам маълум маънода чеклаб қўйди.

Америкадан Ўзбекистонга ҳафтасига икки маротаба амалга ошириб келинган парвозлар чартер қатновларига алмаштирилди.

Бундан ташқари, пандемия туфайли мамлакат иқтисодининг жиддий издан чиқиши, кундалик ҳаётнинг турғунлашиши, ишсизликнинг ортиши ва аҳолининг турмуш даражасини пасайиб кетиши ҳам ҳозирда ватандошларимизнинг асосий ташвишларидан бирига айланган.

Айни пайтда дунё бўйлаб Ковид-19 га қарши вакцина ишлаб чиқарилишининг тезлашиши, Америкада ҳам шу ой Pfizer/BioNTech ва Moderna ширкатларининг 95 фоиз самарали вакциналарининг қўлланилиши келажакка, кечаётган йилнинг "вабоси" бўлган коронавирус пандемиясидан халос бўлишга умидларни уйғотмоқда.

Карантин шартларининг юмшаши ва касаллик тарқалишининг олдини олишга бўлган умид эса, барча америкаликлар қатори ўзбекистонлик ватандошларимизни ҳам хурсанд қилди.

Уларда ҳам нормал ҳаётга қайтиш, вирус ваҳимасидан халос бўлиш умиди пайдо бўлди.

Албатта, биринчи бўлиб вакцина шифокорлар, қариялар, ўқитувчилар ва бошқа "олд жабҳа"да ишловчиларга берилади.

Аста-секин аҳолининг барча қатламларига кенг кўламда тақсимлаш, сотиш йўлга қўйилади.

Тахминан баҳор ойларига бориб, Америка Қўшма Штатларининг аҳолисининг ярмини вакцина билан эмлаш режалаштирилган".

Би-би-си: Шу соатларда олинган хабарларга кўра, президент Трамп Оқ уй мулозимларини эмлаш режасини бекор қилган. Америкалик мулозимлар бундан аввал Трамп маъмурияти юқори мартабали аъзоларининг биринчилардан бўлиб вакцина олишларини айтишганди. Уларнинг шу кунларда эмланиши кутилаётганди.

Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek