You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, Россия, АҚШ ва Мирзиёев, Путин, Трамп: Толибон нима қилмоқчи, қизиқ?
Афғонистон Толибон ҳаракати барибир ўз мавқеида қатъий қолди.
Яна тинчлик музокараларини энг аввало расмий Вашингтон билан олиб боришини баён қилди.
Ҳаракат илк бор иштирок этган Москва халқаро анжумани ана шундай натижа билан якунланди.
Афғонистон Толибон ҳаракати илк бор Россия ташаббуси остидаги тинчлик музокараларига иштирок этишга рози бўлган.
Бунгача пойтахт Москва мезбонлик қилган уч босқич музокараларни эътиборсиз қолдирган.
Аммо ҳаракат бу гал ҳам афғон ҳукумати билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб боришдан бош тортган.
Улар гаплашмоқчи бўлаётган Америка ҳукумати эса, бу музокараларнинг бирортасига ўз вакилларини юбормаган.
9 ноябрь куни бўлиб ўтган сўнггисига қадар афғон ҳукумати ҳам Москва йиғинларидан ўзини четда тутиб келган.
Москвадаги жума кунги музокаралар бу хусусда расмий Тошкент мезбонлик қилган йирик халқаро анжумандан саноқли ойлар ўтиб кузатилган.
Лекин афғон можаросига дипломатик йўлда ечим топишга қаратилган бу анжуман толибларнинг иштирокисиз кечган.
Бунга қарамай, орада кечган вақт давомида расмий Тошкент ҳаракат вакилларининг Ўзбекистонга амалий ташриф билан келишига эришган.
Илк бор Афғонистон Толибон ҳаракати Қатардаги сиёсий идораси ҳайъати билан музокаралар олиб борган.
Ташриф беш кун давом этган, музокаралар чоғида ҳаракатни Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай бошчилигидаги ҳайъат намоён этган.
Таҳлилчилар бунақаси ҳаракатнинг қарийб чорак асрлик тарихида бўлмаган, кузатилмаганига алоҳида эътибор қаратишган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон Афғонистонга оид янгича сиёсат билан чиққан ва афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топиш ҳаракатларида қайта дипломатик воситачи бўлиш истагини изҳор этган қисқа - бор-йўғи икки йилча вақтнинг ўзида кузатилганди.
Афғон можароси ва дипломатик ташаббуслар
Афғонистон Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси ҳайъати бундан аввал турли кўринишдаги ташрифлар билан минтақадаги қолган йирик ўйинчи давлатлар - Покистон, Эрон, Хитой ва Россияда ҳам бўлган.
Россия эса, Ўзбекистон ва Хитой билан бирга афғон можаросига дипломатик йўлда ечим топиш истаги билан халқаро сиёсат саҳнасига чиққан минтақадаги учта давлатдан биттаси бўлади.
Расмий Москва бу йўлда Тошкентдан сал аввал уч босқич музокараларга мезбонлик қилган.
Унда Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари илк бор иштирок этишган, Толибон ва АҚШ вакиллари ҳозир бўлишмаган.
Музокаралар Россия ва Толибон орасидаги муносабатлар тобора "яхшиланиб" бораётганига оид хабарлар манзарасида кечган.
АҚШ ва Афғонистон томони Москва толибларга қурол-яроғ етказиб беришни бошлаб юборганини ҳам иддао қилиб чиқишган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи минтақада АҚШ ва Россия ўртасида геосиёсий кураш кучайган бир пайтга тўғри келган.
Расмий Кобул бу икки давлатнинг Сурия ва Украинада бўлгани каби Афғонистонда ҳам ўзаро рақобатга киришиб кетишидан хавотирга тушиб қолган.
Қурол-яроққа оид даъволарни изчил равишда рад этиб келаётган Кремль эса, "яқинлик" фақатгина ИШИД таҳдидига қарши эканини айтиб келади.
Аммо афғонистонлик айрим сиёсатшунослар буни "янги иттифоқ яратиш ҳаракатлари ва ўйин қоидалари ўзгараётгани"га йўйишган.
Бошқа томондан, сўнгги йилларда Кремль хорижий қўшинларнинг Афғонистондаги давомий ҳозирлигидан мамнун эмаслигини яққол намоён эта бошлаган.
Таҳлилчиларга кўра, "айни шу нуқтада ҳам "муносабатлари тобора яхшиланиб бораётгани" иддао қилинаётган бу икки томоннинг манфаатлари тўқнашган бўлиши мумкин".
Худди шу манзарада расмий Тошкентнинг бунга зид мавқеи эса, қатор аналитикларнинг сўнгги дипломатик саъй-ҳаракатлари Ўзбекистоннинг ўз - мустақил ташаббуси эканига оид баҳолар билан чиқишларига ҳам сабаб бўлган.
Тошкентдаги халқаро анжуман фонида вакили бу каби тадбирларда толибларнинг иштироки қанчалик муҳим эканини баён қилган Россия томони эса, Станикзай бошчилигидаги ҳайъатнинг Ўзбекистонга илк амалий ташрифига ҳозирча ўз муносабатини билдирмаган.
Афғонистон Толибон ҳаракатининг Москвадаги такрорий баёноти Россия томони учун қанчалик кутилмаган бўлгани қоронғу.
Уларнинг бу каби баёнотига республикачи президенти Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти ҳозирча ўзининг аниқ ва қатъий мавқеини билдирмаган.
Аммо сўнгги пайтларга келиб, афғон можаросида ўзининг "ҳарбий танлов" урғуси оҳангини бироз юмшатгани кузатилган.
Москвадаги сўнгги музокаралар чоғида ҳам Россия ва Толибонни бирдек "хавотирга солиб келаётган" ИШИД мавзуси алоҳида эътибор топган.
Толибон ҳаракати хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан буткул ортга сафарбарлигини музокараларнинг асосий шарти қилиб келади.
Шундай экан, буларнинг барчаси нималарга далолат қилади? Узоқ йиллик афғон можаросининг ечимида ҳануз дипломатик саъй-ҳаракатларнинг қиммати борми ва аҳамияти нимада?
Би-би-си Ўзбек Хизмати Москвадаги тинчлик музокаралари ортидан, худди шундай саволлар билан Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek