You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Автомобиллар учун божхона тўловини бекор қилишга ҳукуматнинг сиёсий иродаси етадими? - Ўзбекистон, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ўзбекистонда UzAuto Motors монополиясига барҳам беришнинг ягона йўли айтилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бунинг учун четдан кириб келаётган автомобилларга божхона тўловини пасайтириш кераклигини таъкидламоқда. Автомобиллар учун божхона тўловларини пасайтириш ёки бекор қилишга ҳукуматнинг сиёсий иродаси етадими?
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов импорт автомобиллари учун божхона тўловини пасайтиришни UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли деб атади.
"UzAuto Motors монополиясига қарши курашишнинг ягона йўли — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди", — деди у.
UzAuto Motors иши бўйича суд қарори устидан киритилган аппеляция шикояти кўриб чиқилиши муносабати билан гапирган Бобир Каримов божхона тўлови пасайтирилмаса, UzAuto Motors билан йиллар давомида судлашиб юрилавериши ва бу ҳеч қандай натижа бермаслигини айтди.
"Агар шу нарса ҳал бўлмаса, UzAuto Motors ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш", — дейди Бобир Каримов.
11 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди UzAuto Motors билан боғлиқ ишни қайта кўриб чиқади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси масъулининг божхона тўловларини пасайтириш ҳақидаги гаплари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар томонидан илиқ қарши олинган.
"Ваниҳоят, импорт автомобилларига божхона тўловларини тушириш ҳақида давлат даражасида гапира бошлашди. Яшасак, нима билан тугашини кўраверамиз", дейди Рустам Масумов.
"Нимаям деймиз. Аллақачон қилиш керак эди. Машина таннархига қўйилган 15% лик тўловни қолдириш керак, тамом. Узтелекомдан ҳам ташқи канал устига ўрнатган монополияни олиш керак. Президент ваъда берганди, аммо ҳозирча ваъдалигича қолиб кетмоқда", дейди Виктор.
Павел Чирцов божхона тўловларининг туширилиши миллий ишлаб чиқаришга таъсир қилиб, одамлар ишсиз қолишига олиб келишини айтган.
"Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳаракатида маъно борми? Мақсадлари миллий ишлаб чиқаришни вайрон қилишми?", дейди у.
Импорт автомобиллар учун божхона тўловлари юқори бўлиши кераклигини оқловчилар масъуллар шу йўл билан 20 мингдан ортиқ одамни иш билан таъминлаётганини рўкач қилишади.
Бироқ унга қарши бўлган томонга кўра, 20 минг ишчини иш билан таъминлаш эвазига истеъмолчилар сифатсиз ва нисбатан қиммат маҳсулот билан қолишга мажбур қилинмоқда.
UzAuto Motors фаолиятини яқиндан ўрганаётган Troll.uz асосчиси блогер Умид Гафуровнинг ёзишича, завод хорижда йиғилган автомобилларни Ўзбекистонга арзимаган бож тўловлари тўлаб олиб кирмоқда ва мамлакат ичида қиммат баҳода сотмоқда.
Би-би-си UzAuto Motors ширкати "четдан Ўзбекистонга жами 8750 дона Chevrolet Equinox автомобилини арзонга олиб, Ўзбекистон ичида қиммат нархда сотиш" бўйича хабарларга изоҳ бермаётгани ҳақида ёзганди.
"Улар ишлаб чиқарувчи эмас, олиб сотар ташкилотга айланган. Бу ишларни халқни ўзи ҳам бемалол амалга ошириши мумкин", деб ёзади Troll.uz.
"Менинг фикрим" жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналарни четдан олиб киришда бож тўловларини бекор қилиш ҳақида петиция эълон қилинганди.
13 мартда эълон қилинган петицияга 17400 одам ёқлаб овоз берган. 251 киши қарши чиққан. Мутасадди ташкилотлар ушбу таклифни кўриб чиққани ҳақида маълумот йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил май ойида Асакадаги автомобил заводини танқид қилганди. У GM Uzbekistаn ни ҳеч кимга фойдаси йўқ заводлигини айтган.
"Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод қилинган, локализация кам қиляпти. Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди", деган Шавкат Мирзиёев.
"Ўзавтосаноат" раиси Шавкат Умурзоқов 2019 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи машиналар нархини 9 фоизга туширишга ваъда берганди. Бироқ 2020 йилга келиб UzAuto Motors нархларни 21 фоизгача кўтарди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek