Ўзбекистонликлар: Мажбурий бўлмаса олмайман, албатта оламан, олсам ўлдириб қўймайдими – Москвада эмлаш бошланди, Ковид, Россия ва Ўзбекистон, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Moskva

Ўзбекистонликлар: Мажбурий бўлмаса олмайман, албатта оламан, олсам ўлдириб қўймайдими - Москвада коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Янгилик Россия пойтахтида яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар томонидан худди ана шундай қарши олинди, улар орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлди.

Россияда коронавирусга қарши эмлаш дастури ўтган шанба, 5 декабрь куни пойтахт Москвадан бошланган.

Россия бу ишга қўл урган биринчи собиқ Шўро дaвлати бўлган.

Аммо айнан Москва Россиянинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд шаҳри бўлади. Уларнинг сони юз минглаб экани айтилади.

Хабарларга кўра, эмлаш энг аввало коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори бўлган одамлардан бошланган.

Улар Россия шу йил август ойида расман қайддан ўтказган ва мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган Sputnik V вакцинаси билан эмланмоқда.

Sputnik V ни яратган олимларга кўра, вакцина 95 фоиз эффектив ва жиддий нохуш ҳолатларга сабаб бўлмайди.

Аммо бу вакцинани оммавий синаш жараёни ҳануз давом этмоқда, якунига етмаган.

Маълум бўлишича, ўзларини эмлатиш - кўзда тутилган иккита дозадан биринчисини олиш учун ўтган дам олиш кунларида минглаб одам рўйхатга ёзилишган.

Лекин Россия қанча дозада вакцина ишлаб чиқаришга қодир экани ҳозирча маълум эмас.

Москва шаҳри аҳолисининг сони ҳозир 12 миллиондан ортади.

Янгилик Россия пойтахтида яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Москвадаги ўзбекистонликлардан бири бу ҳақдаги кузатувларини Би-би-си Ўзбек хизмати билан ўртоқлашди:

Давоси топилишини интиқ кутгандик

"Бир танишимга телефон қилдим:

- Алло, ассалому алайкум, яхшимисиз?

- Ва алайкум ассалом.

- Эшитдингизми? Вирусга қарши вакцина ишлаб чиқилибди, яқин кунларда одамларни оммавий эмлаш бошланар экан.

- Бизларни ҳам эмлармикан? Олиш мажбурий эканми?

- Бунисидан хабарим йўқ, аммо шу ўлгур Хитойда топилган вирусга қарши вакцина ишлаб чиқишганига хурсанд бўлдим, сиз-чи? Хурсанд эмасмисиз?

- Албатта хурсанд бўлдим. Аммо ўзим бу касалликни ўтказдим бошимдан, эмлаш менга шарт эмасдир а?

- Зарари йўқ, дейишаяпти-ку, олаверинг-да.

- Агар мажбурий бўлмаса олмайман...

Бугунги кунда атрофимиздаги кўпчиликда шу гап, бошида бизларни шунчалик ваҳимага солган, ойлаб битта хонадан чиқмасдан, ишсиз, пулсиз ўтиришга мажбур қилган вирусдан одамлар қўрқмай қолгандек, ҳар бир хабарни ўқиб.

- Эшитдингми? Дориси ишланибди, дея хурсанд бўлиб бир-бирини табриклаганлар бугун ўша интиқ кутганимиз вакцина ҳақидаги хабарларни оддий гапдек қабул қилишаяпти.

Ўзим ҳам эмлаш бошланар экан, вирус балосига қарши дори ишланибди, дея ростдан хурсанд бўлиб кўпчилик танишларимга телефон қилиб чиқдим.

"Албатта хурсанд бўлдим, қанчадан-қанча одамлар даво топишади энди, кўпчилик учун хурсандман, аммо ўзим шу уколни олмасаммикан, касаллик билан оғриб тузалиб кетдим", - деган жавобни кўпроқ олдим.

"Агар пули қиммат бўлмаса, албатта укол қилдираман" дегувчилар ҳам бор эканига гувоҳ бўлдим.

"Ҳеч қанақа вирусни кўрмадим, оғримадим ҳам, ҳозир соппа соғман-ку, ўша уколни олгач ўлиб қолмайманми?", деганлари ҳам бўлди", - дейди Москвадаги бу ўзбекистонлик суҳбатдош.

Moskva

Сурат манбаси, Getty Images

Москва шаҳри мэри Сергей Собяниннинг айтишича, илк дастур доирасида 13 миллион киши эмланади.

Дастур энг аввало ўқитувчилар, тиббиёт ва ижтимоий ёрдам ходимларини қамраб олади.

Собянинга кўра, ишлаб чиқарилаётган вакцина миқдорига қараб, эмланувчилар рўйхати ҳам узайиб бораверади.

Дастлабки рўйхатга тушган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар эса, ўзларини эмлатиш учун шаҳар бўйлаб имконли бўлган 70 та тиббиёт масканида онлайн ва бепул қайддан ўтишлари мумкин бўлади.

Улар маҳаллий вақт билан эрталабки соат 08:00 дан кечки 20:00 гача фаолият юритади.

Сўнгги бир ойда ўзини бошқа касалликларга қарши эмлатган ёки ўтган икки ҳафтада ўткир респиратор касаллигини ўтказганлар коронавирусга қарши эмланмайди.

Бундан ташқари, сурункали хасталиги бўлганлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам рўйхатдан тушириб қолдирилади.

Рўйхатдаги қолганлар эса, орада 21 кун танаффус билан икки бор эмланишади.

Сўнгги янгиликка москваликлар ўзларининг муносабатлари ҳам бир хилда бўлмаган.

Улардан бирига кўра, бу коронавирус билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартириши, инфекцияни жиловлаши мумкин.

Бошқасининг айтишича, ҳалича ўзини эмлатиш нияти йўқ.

Унинг наздида, "Бу жараён ҳали узоқ давом этади".

"Ҳозирча жуда оз миқдорда вакцина ишлаб чиқарилган. Қани, қолганлар ўзини эмлатсин-чи, агар, уларга ҳеч нарса қилмаса, мен ҳам оламан", - деб айтган москваликлардан бири "Рейтер" ахборот агентлигига.

Kasalxona

Россияда жами кронавирус ҳоллари ҳозирга келиб икки ярим миллионга яқинлашган.

Беморларнинг 43 мингдан ортиғи аллақачон ҳаётдан кўз юмган.

Шу шанба куни Россиянинг пандемия тарихида янги рекорд қайд этилган.

Бир кунда 28782 та янги коронавирус ҳолати аниқланган.

Бутун Россия бўйлаб касалхоналар танг аҳволга тушиб қолишган.

Пойтахт Москва эса, ойларки, Россиянинг пандемия ўчоғи бўлиб келади.

Москвада кунига минглаб янги ҳолатлар аниқланади, ўнлаб ўлим ҳолатлари юз беради.

Россия ҳукумати яна бир бор карантин жорий этмаслигини айтди.

Аммо ўтган ой Москва мэри шаҳарда қатор чеклов чораларига қўл урди.

Барлар ва клубларнинг ишлаш соатларини чеклади, университет талабаларини масофадан таълим оладиган қилди, маданий ва спорт тадбирларини чеклади.

Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Аммо Россияда ҳам шу пайтгача аниқ қанча сондаги ўзбекистонлик коронавирусга чалингани ёки ундан вафот этганига оид расмий маълумотлар имконсизлигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek