Ўзбекистонда қанча одам ВИЧ га чалинган? Ўзбекистон ва СПИД/ОИТС, O‘zbekiston, VICH, SPID, OITS, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, TASS
Ўзбекистонда қанча одам ВИЧ га чалинган? - Масъуллар янги рақамларни очиқлашди. Ўзбекистон ҳозир дунёдаги ВИЧ кенг ва тез тарқалаётган минтақалардан бирида жойлашган.
Аммо, масъулларга кўра, ҳозирга келиб, Ўзбекистонда ВИЧ билан боғлиқ эпидемиологик аҳвол барқарорлашган.
Янги эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами ВИЧ га чалинганлар сони 43581 кишига етган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати расман хабар берган.
Вазирлик ўз хабарида Республика ОИТС га қарши кураш маркази раҳбари Қаҳрамон Йўлдошевга таянган.
Янги маълумотлар ўтган бир йил ичида Ўзбекистонда ВИЧ га чалинганлар сони 1483 тага кўпайганини кўрсатган.
Аммо, шунда ҳам, бу ўтган йилги расмий қайдлардан анчайин кам кўрсаткич бўлади.
Чунки ўша йили бор-йўғи 10 ойнинг ўзида 3337 та янги ВИЧ ҳолати аниқлангани расман хабар берилган. Уларнинг ярмидан кўпроғини эркаклар ташкил этиши маълум бўлган.
ВИЧ инфекциясига оид бу йилги рақамлар глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Республика ОИТС га қарши кураш маркази раҳбарининг маълум қилишича, худди шу каби бир манзарада ҳам четдан қайтган 261394 нафар мигрант ВИЧ га текширилган.
Ораларида ВИЧ вируси аниқланганлари эса, диспансер назоратига олинган.
Аммо уларнинг рақами очиқланмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Вазирлик ўтган йил ОИВ ортишининг асосий сабабини миграция жараёнлари билан боғлаган.
Белгиланган муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларга ОИВга мажбурий текширувни жорий этиш ҳаракатида экани ҳам кўрилган.
Хорижда уч ойдан ортиқ бўлиб Ватанига қайтган шахсларни 24 соат ичида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.
Айрим ҳуқуқшунослар бунинг Ўзбекистон Коституциясига зид эканини ҳам айтишган.
"Республикада меҳнат мигрантлари орасида ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб бормоқда", дейилганди ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вазирлар маҳкамасига йўллаган тушунтириш хатида.
Вазирлик баён қилган маълумотларга кўра, " 2018 йилнинг 11 ойида 571 нафар меҳнат мигрантида ОИВ инфекцияси аниқланган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилни 11 ойида 525 нафарни ташкил этган бўлиб, касалланиш кўрсаткичи 8,0 фоизга ортган".
Лойиҳадаги маълумотда айтилишича, ОИВ инфекцияси аниқланган меҳнат мигрантларининг 94,1 фоизига касаллик жинсий йўл билан юққани аниқланган.
Матнда хорижга чиқиб қайтган шахслардан кўра, асосан меҳнат мигрантларига урғу берилган.
"Меҳнат мигрантлари касалликни юқтириб олгандан сўнг, ўз юртига қайтганида уни оила-аъзоларига юқтириши эҳтимоли мавжуд"лиги таъкидланганди.

Сурат манбаси, .
Ўзбекистонлик масъулнинг сўзларига таянилса, мамлакатдаги ВИЧ га чалинганларнинг 70 фоиздан ортиқроғи антиретровирус муолажага имконли.
Бундан бир йил аввалги расмий маълумотларда эса, бу каби давони 28 мингдан ортиқ бемор олаётгани айтилган.
Ўзбекистондаги ВИЧ билан боғлиқ янги рақамлар ҳар йил 1 декабрь куни нишонланувчи Жаҳон ОИТС га қарши кураш санаси арафасида эълон қилинган.
Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботига таянилса, ўтган йили дунёда бўйлаб икки миллионга яқин киши ВИЧ га чалинган.
ЮНЭЙДС бу йил глобал коронавирус пандемияси ВИЧ га қарши курашни янада қийинлаштиргани, кечаётган йилда қўйилган мақсадларнинг ижросини имконсиз қилаётганини эътироф этган.
Аммо, ўз ўрнида, дунё давлатларини бундан сабоқ чиқариш, соғлиқни сақлаш соҳасига кўпроқ пул ажратиш, ОИТС ва бошқа юқумли касалликларга қарши курашни глобал миқёсда фаоллаштиришга чақириб қолган.
Ўзбекистон ва ВИЧ

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Аҳолисининг сони ҳозир расман 34 миллион кишидан ортади.
Ўзбекистон ҳозир дунёдаги ВИЧ кенг ва тез тарқалаётган минтақалардан бирида жойлашган.
Устига устак, Ўзбекистон минтақанинг энг катта - миллионлаб сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Миграция кучли: Ҳар йил бир миллиондан кўпроқ жинсий фаол ёшдаги ўзбекистонлик аёл-эркак Россияга иш излаб кетади.
Уларнинг аксариси - мактабда жинсий таълим кўрмаган ва ВИЧ ҳақида тўлиқ маълумот олмаган қишлоқ ёшлари.
Минглаб ўзбекистонликлар пул ишлаш илинжида йўл солаётган давлатлар сифатида Россиядан ташқари яна Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва АҚШ ҳам тилга олинади.
Кейинги йиллари Ўзбекистон четдан келганларни текширишни кучайтирган.
Лекин ёшларга мактаб даврида юқумли жинсий касалликлар ҳақида етарлича замонавий билимлар берилмайди.
Мамлакатдаги фоҳишалар ва гиёҳвандлар ҳам жазодан ҳамда жамиятдаги салбий қараш ё тавқи лаънатдан қўрқиб, ўзлари ҳақида билдирмай, панада юришади.
Яъни уларда ВИЧ бўлса, текширилмайди ва вирусни мижозлари, ёстиқдошлари ҳамда болаларига юқтиришлари эҳтимоли катта.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон касалхоналарида кўплаб болаларга вирус юқтирилган ҳолатлар бор.
Чунки Ўзбекистонда коррупция кучли, касалхоналарда таъминот ёмон ва игналар, қуйиладиган қон ҳамда жиҳозларнинг тозалиги масаласи бор.
Масалан, 2008 йили Намангандаги касалхонада 150 нафарга яқин гўдакка ВИЧ юқтириб қўйилган.
Расмийлар ҳалигача аниқ рақамларни халққа тўлиқ ошкор этишмаган.
Жамоатчиликка айтилмаган ёки яккам-дуккам ҳодисалар ҳақида ҳам маълумотлар жуда кам.
Ўзбекистон - бугун дунёга энг кўп фоҳиша етиштириб берувчи мамлакатлардан бири.
Чунки аҳолиси камбағал, ҳатто қашшоқлик ҳам салмоқли.
Ўзбек аёллари учун эса оила боқишга етадиган тузук иш кам.
Хотин-қизларнинг моддий мустақиллиги нафақат иқтисодий имконсизлик, балки ўзбек жамиятидаги қарашлар боис ҳам амалда паст бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда фоҳишалик қанчалик кенг тарқалган бўлмасин, у ноқонуний ва бу мавзу батафсил ёки холис муҳокама этилмайди.
Шу боис секс жараёнида хавфсизликка риоя қилиш ҳақида инсонларнинг билими ҳам чуқур эмас.
Фоҳишалик кенг тарқалган мамлакатда уларнинг мижозлари, яъни ВИЧ юқиш хавфи катта эркаклар сони аслида бир неча баравар кўп бўлиши айтилади.
Бу ўзбекистонлик эркаклар кейин хотини ва ё бўлажак рафиқаси ҳамда фарзандига ВИЧ юқтириши эҳтимоли жуда катта.
Худди шу боис ҳам, Ўзбекистонда ВИЧ га чалинганлар сони расман айтилаётганидан кўп эканига оид тахминлар, хавотирлар ҳам йўқ эмас.
ВИЧ га қарши бирор бир вакцина эса, дунёда ҳали-ҳануз кенг истеъмолга чиқмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















