Беларусда нималар бўлмоқда? Беларусь ва Лукашенко, Belarus, Rossiya, Lukashenko, Putin, yangiliklar

Беларусда нималар бўлмоқда? - Бу якшанба ҳам Беларусда тинч ўтмаган. Яна юзлаб одам ҳибсга олинган. Беларусдаги аҳволни "ҳақиқий фашизм"га тенглаштирган қиёслар бўй кўрсатган. Мамлакатда юзлаб одам "Фашизмга қарши марш"га чиққан.

Қарийб тўрт ойдирки, Беларусда намойишлар тинмаётир.

Беларусда давомий намойишлар 9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортидан бошланиб кетган.

Унда расман яна амалдаги президент Александр Лукашенконинг ғолиб чиққани эълон қилинган.

Аммо мухолифат сайлов натижаларини тан олмаган, унинг Лукашенко фойдасига сохталаштирилганини айтган.

Орада Беларусда яширинча инаугурация маросими ўтказилган.

Александр Лукашенко олтинчи бор Беларусь президенти сифатида қасамёд келтирган.

Қатор Ғарб давлатлари ва Европанинг энг нуфузли ташкилотлари буни тан олмасликларини расман ва ошкора баён қилишган, жазо чоралари кўришгача боришган.

Масъулларнинг рухсати бўлмаса-да, кеча, якшанба куни ҳам яна юзлаб одам намойишга чиққан.

Норозилик акцияси пойтахт Минскдан ташқари яна Беларуснинг ўнга яқин шаҳрида кузатилган.

Расмий маълумотларга таянилса, яна 200 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган.

Куч ишлатар тизимлари намойишчиларни тарқатиш учун махсус гранаталарни ишга солишган.

TUT.BY нинг хабар беришича, ҳибсга бошқа шаҳарларда ҳам амалга оширилган. Шу боис ҳам, ҳақиқий рақамлар расмийсидан кўп бўлиши мумкин.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги намойишчиларга қарши махсус воситалар қўлланганини рад этмаган.

Вазирлик намойишчилар сони камайиб бораётганини ҳам қўшимча қилган.

Норозилик ҳаракатининг асосий воситаларидан бирига айланган "Нехта" телеграм-каналининг эълонида ёзилишича, "бутун Беларусь мамлакатда ҳақиқий фашизм муҳитини яратган диктатура режимига қарши ўз курашини давом этдирмоқда".

"Нехта" "ҳақиқий фашизм муҳити", деркан, "ҳар қандай ўзгача фикрлиликнинг бостирилиши, шаҳар кўчаларини эгаллаб олган куч тизимлари, инсон ҳуқуқлари ва демократияга нафрат, қотилликлар, қийноқлар, қамохоналардаги минглаб сиёсий маҳкумлар"ни тилга олиб ўтган.

Якшанба куни эрталаб пойтахт Минск марказига яна махсус техника ташланган, ўндан ортиқ метро бекатлари ёпиб қўйилган, интернет тезлиги чекланган.

Одамлар норозилик чиқишларини ўз уйлари ҳовлилариданоқ бошлаш, сўнгра биргалашиб шаҳар марказига йўл солишга ўтишган.

Намойишчиларнинг гуруҳ бўлиб юришлари эса, уларнинг ҳибсга олинишлари эҳтимолини анча камайтиради.

Жума куни пойтахт Минскда 31 ёшли Роман Бондаренконинг дафн маросими бўлиб ўтган.

У президент Лукашенко мухолифлари йиғилган "Ўзгаришлар майдони"да фуқаровий кийимда бўлган шахслар томонидан қўлга олиниши ортидан, миясидан олган жароҳатлар сабаб ҳаётдан кўз юмганди.

Худди ўша куннинг ўзида президентликка собиқ номзод, мухолифат лидери Светлана Тихановская баёнот билан чиққан.

Светлана Тихановская ОМОН, Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш Бош бошқармасини террорчи ташкилотлар, деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek