Ўзбекистон: Карантин вақтида саккиз кунлаб оч қолдик – пандемия ва ишсизлик, видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: Карантин вақтида саккиз кунлаб оч қолдик - коронавирус пандемияси нафақат бутун бошли давлатлар иқтисодиёти балки оддий инсонлар ҳаётига ҳам сезиларли зарба берди. Аксар одамларнинг даромади камайди ёки тирикчилик манбайидан буткул айрилди:

Август ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пандемия меҳнат бозорига жиддий таъсир кўрсатгани ва 2 миллионга яқин ўзбекистонлик ишга муҳтож эканини билдирган эди.

Табиий равишда, иқтисодий турғунлик меҳнат бозорида энг кам ҳимояланган қатлам - кунлик ёлланма ишчилар ёки халқ тилида "мардикорлар" аталмиш инсонларни оғир аҳволга солиб қўйган.

Пойтахтдаги Чорсу бозори яқинида жойлашган машҳур "мардикор бозори" карантин юмшатилиши ортидан яна жонланган.

Мамлакатнинг турли бурчакларидан бу ерга вақтинчалик иш излаб келган инсонлар эрта тонгдан "мижоз" кутадилар.

Ёлланма меҳнат билан 25 йилдан бери кун кечириб келаётган Умида Жуманова ушбу бозорда ўтган Би-би-си билан суҳбатда пандемияга қадар ва ҳозирги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Очликда ўтган карантин

Асли қашқадарёлик Умида опа ҳозирда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида яшашини айтади.

У пойтахтга иш излаб келган илк вақтларида сотувчилик билан шуғулланган.

"Ўзимизнинг Чорсу бозорида Хоразм гуручи сотар эдим. Кейинчалик оборотга пул қилайлик, деб кунлик ишга чиқиб кетдик. Бу ишимдан яхши даромад топа бошладим - охири мутахассисга айланиб кетдим", кулади у.

"Ҳозир генералная уборками, посуда ювишми - биздан қолмайди бу ишлар. Ойналарни чиройли, ярақлатиб ювиб ташлайман", давом этади бир нафар фарзанди борлигини билдирган аёл.

Бироқ Умида опа коронавирус пандемияси туфайли даромадидан айрилганини таъкидлайди.

"Ишларим яхши юриб, куним ўтиб турганди. Бу карантин балоси бошлангач, бошим шундоқ тўсиққа урилди-қолди".

"Йиғиб қўйган маҳсулотларим карантин пайтида 8-10 кунга етди, холос. Орада саккиз кунлаб оч қолиб кетдик болам билан", маҳзун сўзлайди у.

Умида опа карантин кучайтирилган даврда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт фалажланиб қолгач, ўз-ўзидан кунлик ёлланма меҳнат билан шуғуллана олмагани ва омон қолиш учун ўзи яшайдиган ҳудудда кластер тизимидаги фермер хўжаликларининг биридан 2 гектар пахта майдони олгани ва ғўза чопганини айтади.

Келишув бўйича аёл ғўза парвариши учун бир ойда 800 минг - 1 миллион сўм олиши лозим бўлган, аммо иш ҳақи ўз вақтида берилмаган.

"Қашқадарёдаги ота-онам, ака-укаларим 500 мингдан пул юбориб турди. Ана уларнинг ёрдами билан тирик қолдик".

"Президентимизга раҳмат! Дардимизни эшитгач, кластердан пулимизни олиб беришди. Мана энди болам билан кичкина пахтани чопиб, катта қилиб, териб-топшириб, яна тирикчилик учун мардикорликка келдим", қўшимча қилади у.

Аммо у карантин юмшатилганига қарамай, ёлланма меҳнат бозорида тирикчилик қилиш оғирлашиб кетганини айтади.

"Президентимизга яна раҳмат - аввал мелисалар мардикорларни қува-қув қилар эди. Ҳозир эркинлик. Ҳеч ким сизга ортиқча гапирмайдию, лекин коронавирус туфайли ишимизда ҳам аҳвол анча оғирлашиб қолди. Вирус юқтириши мумкин, деб ҳеч ким ишга олиб кетмаяпти".

"Рассом бўлиш орзуйим эди…"

"Ёшлигимда рассом бўлишни жуда орзу қилар эдим. Жуда яхши чизаман ҳали ҳам, лекин шароитим йўқлигидан бу соҳада ўқий олмадим", жилмаяди Умида опа.

Рассом бўла олмаган эса-да, Умида опа мактабгача таълим муассасаларида тарбиячи бўлиб ишлашга асос бўла олувчи ўрта-махсус маълумотга эга экани ҳақида сўзлайди.

"Қанийди, иш беришсаю, шу ўзимизда очилган детсадда ишласам. Барибир ўз уйинг, ўлан тўшагинг, дейдику", давом этади у.

Умида опанинг нияти тарбиячи ўлароқ доимий иш топиш бўлсада, бюрократик тўсиқлар туфайли бу истаги йиллар давомида амалга ошмаган.

"Авваллари ишга жойлашмоқчи бўлганимда, фақат прописка сўрашар эди. Анча жойлардан рад жавоби беришган. Паспортимни Қашқадарёдан Қуйи Чирчиққа кўчириб келишнинг ўзи қанча асаб, вақт, маблағни еб юборди. Қанчадан-қанча пулим шу югур-югурларга кетди".

"Мана энди, Худога шукур, анча эркинчилик бўлиб қолди. Энди бирор боғчадан иш беришса, мендан бахтиёр аёл бўлмас эди", дейди у.

Умида опа бошқа аёлларни ҳам бахтли кўришни исташини билдиради.

"Илоҳим, барча аёлларимиз чиройли ишлаб, бой-бадавлат бўлиб кетсин. Ҳожи она бўлиб юришсин", ният қилади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek