You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Эронга виза бекор қилинадими ва Олмалиқда нега одамлар тўпланди? - видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ўзбекистон: Эронга виза бекор қилинадими ва Олмалиқда нега одамлар тўпланди? Эрон Ўзбекистонга нима беради, меҳнат ярмаркаси қандай қилиб тўполонга айланди ва глобал коронавирус пандемияси яна кескинлашиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда нега вазир алмашди - bbcuzbek.com дайжести.
Эроннинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиси Ҳамид Найрободий ўзаро савдо-содиқ ва туризмни ривожлантириш йўлида икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилиш тарафдори эканини маълум қилган.
Элчи бу ҳақида Дунё ахборот агентлиги билан суҳбатида айтиб ўтган.
"Ўзаро муносабатлар учун имкониятлар кенгайтирилган ва виза процедуралари енгиллаштирилган тақдирда мамлакатларимиз ўртасида туризмнинг мисли кўрилмаган даражада ривожланишининг гувоҳи бўламиз", таъкидлаган у.
Найрободийнинг сўзларига кўра, Эрон Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қисқа ва энг қулай йўл ҳисобланади.
Шунингдек, у 80 миллион аҳолига эга Эрон ўзбек тадбиркорлари учун жозибадор бозор бўлиши мумкинлигига ишора қилган.
Бир вақтнинг ўзида элчи Эронда ишлаб чиқариладиган нефть ва нефть маҳсулотлари, цитрус мевалар, асбоб-ускуналар, оралиқ товарлар ва бошқа маҳсулотлар "импорт товарлари сифатида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг диққатини ўзига тортиб келаётгани"ни тилга олган.
Иш ярмаркасидаги тўполон
Ижтимоий тармоқда кўп сонли одамлар бир жойда тўпланиб тургани тасвирланган видео тарқалган - видеога берилган изоҳда эса ҳолат Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) биноси олдида юз бергани айтилган.
ОКМК ахборот хизмати ҳолат бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилаётган пайтда юз берганини маълум қилган.
"Бугун Олмалиқ шаҳрида корхона, ташкилотлар, хусусан, ОКМК иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилмоқда. Ярмарка ўтказиш учун «Металлург» маданият саройи танланган эди.
Бироқ талабгорларнинг кўплиги, хусусан, ОКМК га ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан(Пскент, Оҳангарон, Бўка, Бекобод) ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжалланган жойда тиқилинч юзага келди", дейилади расмий изоҳда.
Депутатлар ИИВ таклифини рад этди
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Ички ишлар вазирлигининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказиш борасидаги ташаббусига асосланган қонун лойиҳасини қайтарган.
Бу ҳақида Қонунчилик Палатаси хабар берган.
Парламент аъзоси Расул Кушербаевнинг ёзишича, қонун лойиҳасида ёввойи нашаларни йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик, ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш каби ваколатлар судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказилиши таклиф этилган.
"Депутатлар бу инсон ҳуқуқларини таъминлашда одил судловни амалга оширишга зид келиши, коррупция аломатларининг келиб чиқишига олиб келиши, ҳуқуқни қўллашда субъективлик пайдо бўлиши, профилактика инспекторларига норасмий режалар қўйилишига ҳамда фуқароларда эътирозлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкинлиги каби важларни билдириб ўтдилар", ёзган Кушербаев.
Депутатларнинг аксарияти қонун лойиҳасига қарши чиққан ва лойиҳани қабул қилиш рад этилган.
Расман: Соғлиқни сақлаш вазири ўзгарди
Президент Шавкат Мирзиёев Абдуҳаким Хожибоевни соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.
Бундан аввал депутатлар ушбу лавозимга Хожибоев номзодини маъқуллаган эди.
2017 йилдан бери вазирликни бошқариб келган Алишер Шодмонов эса Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланган.
Ҳозирча, Алишер Шодмоновнинг ишдан олиниш сабаблари очиқланмаган, аммо собиқ вазир раҳбарлик қилган соғлиқни сақлаш тизими пандемия даври давомида жамоатчилик томонидан кўп бор танқидга тутилган.
Расмий маълумотларга кўра, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Хожибоев ўз фаолиятини оддий хирургликдан бошлаб, сўнгги йигирма йил давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, Шошилинч тиббий ёрдам врачлар ассоциацияси раиси, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва уч бор Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
У коронавирус беморлари даволанадиган Зангиота махсус шифохонасидаги аҳволни кескин танқидга тутиши ортидан жамоатчилик эътиборига тушган эди.
"Фарзандингизни мактабга юборинг"
Халқ таълими вазирлиги уйда онлайн таълим учун тўлақонли шароит яратишнинг имкони бўлмаса, болаларни мактабга юборишни сўраб, ота-оналарга мурожаат қилган.
"…афсуски, бугунги кунда мавжуд вазиятни тўғри тушунмасдан, айрим ота-оналар томонидан фарзандини мактабга юбормаслик билан бирга, "Онлайн дарслар" вақтида фарзандини дарс қилишини таъминлаш ўрнига, кўчада юришига йўл қўяётган ёки уни бошқа ишлар билан банд қилиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда", дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик маълумотларига кўра, республикадаги 10,008 та мактабнинг деярли барчасида бугунги кунда анъанавий таълим олиш имконияти мавжуд.
Шунингдек, вазирлик ўқувчиларнинг 4,6 миллион нафари (74 фоизи) анъанавий, қолган 1,6 миллион нафари (26 фоизи) онлайн шаклда таҳсил олаётганини қўшимча қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek