You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тошкент-Сеул: Корея ўзбекистонликларни огоҳлантирди - O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Тошкент-Сеул: Корея ўзбекистонликларни огоҳлантирди - президент Мирзиёев иштирокидаги тантанали маросим, жадидлар мукофотланди ва Ўзбекистон фуқаролигини қандай олиш мумкин? bbcuzbek.com дайжести.
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасининг хабар қилишича, Кореяга бораётган ўзбекистонликлар қўлида ПЗР-тест натижаси манфий бўлган маълумотнома бўлишига қарамай, намуналар олинган пайтда мусбат натижалар олинган ҳолатлар кузатилмоқда.
Элчихона, бундан ташқари, маълумотномаларни сохталаштириш ҳолатларига ҳам дуч келинаётганини таъкидлаган ва 24 сентябрдан бошлаб ПЗР-тестлари бўйича маълумотномаларни тасдиқлаш бўйича янги тартиб жорий этилаётганини маълум қилган.
Эндиликда, Жанубий Кореяга бораётган ўзбекистонликлар элчихона танлаган лабораторияда коронавирусга тест топширишлари талаб этилади.
Элчихона расмий Сеулнинг ПЗР-тести натижаларини сохталаштиришга қарши қатъий чоралар жорий этаётганини ҳам билдирган.
"Манфий характердаги ПЗР-тест натижаларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланганда, тегишли жиноий жазо (бир йилга қадар озодликдан маҳрум этиш ёки 10 миллион вон миқдоридаги жарима) ёки депортация (мамлакатга киришга тақиқ қўйиш билан бирга) қўлланилиши мумкин", дея ўзбекистонликлар огоҳлантирилган элчихона хабарида.
Президент иштирокидаги тантанали маросим
Ҳукуматга тегишли Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 сентябрь кунининг биринчи ярмида пойтахтдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бошланганини хабар қилмоқда.
Маросимда президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этаётгани маълум қилинган.
Президент Мирзиёев ёш авлодни тарбиялаётган устозларга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирган.
Жадидлар мукофотланди
Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда президент Мирзиёев қатор маърифатпарвар жадидлар вафотидан сўнг мукофотланганини маълум қилган.
Бир аср аввал яшаб ўтган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани эълон қилинган.
Ўзбекистон фуқаролиги ва давлат тили
Эндиликда, Ўзбекистон фуқаролигини олмоқчи бўлган шахслар давлат тили бўйича имтиҳон топширади.
Ушбу янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори орқали белгилаб қўйилмоқда
Низомга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази (Марказ) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида амалга оширилади.
Давлат тили бўйича имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш ёки вақтинча турар жойи бўйича Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.
Бунинг учун талабгор синов имтиҳонида қатнашиш учун ариза билан Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига шахсан ўзи ёхуд электрон шаклда мурожаат этади.
Шунга кўра, синов имтиҳони ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг 1 ой муддатда тест, ёзма ёки оғзаки шаклларда ўтказилади.
Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизи (50 балл)дан кам балл олган талабгорлар синов имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда синов имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида 1 ойдан кейин қайта қатнашиш учун ариза билан мурожаат қилади (қайта тўловни амалга оширган ҳолда).
Синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади ва у муддатсиз амал қилади.
Хонобод шаҳар ҳокими вафот этди
Андижон вилояти ҳокимлиги Хонобод шаҳар ҳокими Мусажон Мамадалиев 29 сентябрь куни оламдан ўтгани ҳақида хабар берган.
Хабарда Мамадалиев ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги касаллигидан вафот этгани билдирилган.
19 сентябрь куни Кун.уз нашри Мамадалиевнинг пневмониядан даволанаётгани ҳақида ёзган эди.
1-курс талабалари ва дарслар
Олий ўқув юртларининг 1-курс талабалари учун дарслар 12 октябрдан бошланади.
Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов 29 сентябрь куни ўтган матбуот анжумани давомида маълум қилган.
Холиқовнинг сўзларига кўра, 2020-2021-ўқув йили учун бакалавриатга қабул қилинган 1-курс талабаларининг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштириб бўлингандан сўнг 3 кундан 2 ҳафтага қадар танишув дарслари ўтказилади.
"Бу танишув дарслари карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳолатда аудиторияга 50 фоиздан ошмаган талабаларни киритиб, карантин талаблари асосида ташкил этилади", деган Холиқов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek