You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ота-онаси чўпон бўлса, болада нима айб? – депутат олий таълимдаги имтиёзлар ҳақида, O'zbekiston, yangiliklar
Ўзбекистон: Ота-онаси чўпон бўлса, болада нима айб? - депутат олий таълимдаги имтиёзлар ҳақида нималар деди, камбағалликни пул тарқатиш орқали қисқартириб бўлмайди ва қайси ҳоким ОАВ билан яқиндан ишламоқчи - bbcuzbek.com дайжести.
Депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида Конституциявий суд ота-оналарининг касби ва ижтимоий мавқейи сабабли ўқишга киришда уларнинг болаларига берилаётган имтиёзларнинг Конституцияга мослигини кўриб чиқиши кераклиги ҳақида ёзган.
Ўзбекистонда олий ўқув юртлари учун қабул имтиҳонлари якунланиб, танлов натижалари эълон қилинар экан, айрим соҳа вакилларининг фарзандлари имтиёз орқали давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишига нисбатан турли норозиликлар кўзга ташланган.
Ўз навбатида, Кушербаев Конституциянинг мувофиқ моддаларини эслатиб ўтган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилиши ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Конституциянинг 65-моддасида эса шундай жумлаларни ўқиш мумкин: «Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар».
«Ота-онаси деҳқон, ҳайдовчи, ўқитувчи, чўпон, фаррош, механизатор... бўлса болада нима айб?» ўртага савол ташлайди Кушербаев.
Камбағалликни пул тарқатиш орқали қисқартириб бўлмайди - вазир
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров камбағалликни одамларга пул тарқатиш орқали қисқартириб бўлмаслигини билдирган.
У бу борадаги фикрларини 25 сентябрь куни ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида маълум қилган.
«Камбағалликни қисқартирадиган омиллари бу — иқтисодиёт, тадбиркорлик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланиши», таъкидлаган вазир.
ОАВ билан тиғиз ҳамкорликда ишлаймиз - ҳоким
Наманган вилоятининг янги ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Наманган шаҳри марказида қурилиши режаланган Наманган Cити қарорини бекор қилган.
У янги шаҳар қурилиши режалаштирилган ҳудуд аҳолиси ўз келажагидан хавотирда яшаб келаётганини таъкидлаган.
Ҳоким Наманган Cити қурилиши Наманган шаҳрига туманлардан қўшиб берилган ерларда амалга оширилиши билдирилган.
Бундан ташқари ўз фаолиятини турли ҳудудларга ташрифлардан бошлаган янги ҳоким оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишини ҳам билдирган.
«Наманганда ОАВ вакиллари билан тиғиз ҳамкорлик йўлга қўйилади. Уларнинг меҳнати муносиб рағбатланади ҳам. Асосий мақсад вилоятимизда юз бераётган ўзгаришларни тезкорлик билан ёритиб бориш, муаммоларни биргаликда ҳал этишдан иборат», деган у Наманган шаҳридаги журналистлар ва блогерлар билан учрашуви давомида.
Ўзбекистон Тожикистонда мактаб қурди
27 сентябрь куни Тожикистонда Ўзбекистон томонидан қурилган мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтган.
Сўғд вилояти Спитамен туманида 630 ўринга мўлжалланган ушбу умумтаълим мактаби очилишида Тожикистон расмийлари билан бир қаторда Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам иштирок этган.
7,620 мактаб фаолияти тикланди - вазирлик
28 сентябрь куни фаолиятини тиклаган мактаблар сони 76,3 фоизга етиб, ўз фаолиятини тўлақонли равишда олиб бораётган мактаблар сони 7,620 тани ташкил қилди.
Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берган.
Аввалроқ, мактабларнинг очилиши тўғрисидаги қарорлар Маҳаллий Кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилиниши маълум этилган эди.
«…7 сентябрь куни мамлакатимизда 431 та (4,3%) мактаб фаолиятини бошлаган бўлса, 14 сентябрдан 2 560 та (25,6%), 21 сентябрда 4 379 та (43,9%) мактаб фаолиятини тиклади», дейилади вазирлик хабарида.
Айни дамда, ҳали қайта очилмаган мактаблар ўқувчилари телевизион дарслар орқали таҳсил олмоқда.
Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни
Бугун - 28 сентябрь Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни.
ЮНEСКО резолюцияси билан бу кун 2016 йилдан бошлаб кенг нишонлаб келинмоқда.
БМТ Бош ассамблеяси томонидан барча мамлакатларда аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқининг таъминланганлик даражасини назорат қилиш ЮНEСКО зиммасига юкланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek