Дунё ва қудратлар: Рақиб кучлар товушдан тез учоқнинг зўрини ясаш учун борини тиккан - dunyo, yangiliklar

An illustration of Reaction Engines on a hypersonic vehicle

Сурат манбаси, Reaction

    • Author, Майкл Демпси
    • Role, Бизнес технологияси бўйича Би-би-си мухбири

Дунё ва қудратлар: Рақиб кучлар товушдан тез учоқнинг зўрини ясаш учун борини тиккан - АҚШ, Россия ва Хитой кўзлаётган учоқ товуш тезлигидан беш баробар тез учади.

"Профессионал фаолиятимни тез учар қурилмаларга бағишладим," дейди "Reaction Engines" компаниясининг АҚШдаги амалиётлари раҳбари Адам Диссел.

Бу британ компанияси мавжуд реактив моторлар дош беролмай эриб кетадиган шароитларда, бош айлантирар юқори тезликда ишлайдиган моторларни ясамоқда.

Компания товушдан беш баробар, яъни - 6400 км/соат ёки 5 мах тезликда учишга эришмоқчи.

Мақсад - 2030 йилгача юқори тезликда учувчи йўловчи транспорти яратиш. "У 5 мах тезликка чиқмайди, 4.5 мах бўлади, шуниси физик томондан қулай," дейди жаноб Диссел.

Бундай тезликда Лондондан Сиднейга 4 соатда ёки Лос Анжелесдан Токиога 2 соатда етиб бориш мумкин.

Шундай бўлса-да, товушдан тез парвозлар учун қилинаётган тадқиқотлар фуқаролик авиациаси учун эмас. У ҳарбий эҳтиёжлардан туртки олмоқда. Кейинги йилларда бу соҳада ишлар анча жадаллашган.

"Тизимлар парки"

Британиялик физик Жеймс Эктон Вашингтондаги Халқаро Тинчлик учун Карнеги Фондида ишлайди. У АҚШ, Хитой ва Россиянинг товушдан тез қуроллар бўйича ишларини ўрганган. "Чизмалар доскасида бутун бошли товушдан тез тизимлар парки бор," дейди у.

5 мах тезликда юзага келадиган қизишга дош берадиган моддалар топилиши ва яна бир қанча технологиялар Ер атмосферасида товушдан тез парвоз қилиш имконини бермоқда.

Presentational grey line
Presentational grey line

Товушдан тез учувчили қурилмалар устидаги тажрибалар Американинг 1960 йиллардаги Х 15 ракетоплани билан бошланган. Қитъалараро баллистик ракеталар (ҚБР) ҳам товушдан жуда юқори тезликда атмосферага киради.

Ҳозирда ўзаро рақиб кучлар очиқ фазонинг совутувчи таъсиридан фойдаланмаган ҳолда атмосферанинг ўзида ҳаракатлана оладиган, қўзғалмас объектларни нишонга олувчи ҚБРлардан фарқли ўлароқ, ҳаракатланувчи объектларни ҳам нишонга олувчи қуролларни яратиш пайида.

Авиабардор қотиллари

Бу соҳадаги уч асосий ўйинчининг катта ҳарбий харажатлари товушдан тез қурилмалар мукаммаллашувини тезлаштирмоқда.

Пентагоннинг охирги медиа брифингида, АҚШ мудофаа вазирлигидаги товушдан тез қуроллар бўйича ёрдамчи директор Майк Уайт айни соҳадаги ривожланиш "бизнинг қудратли рақибларимиз ва уларнинг мавқеимизга даҳл қилиши" шарофатидан бўлаётганини айтди.

Товушдан тез ракеталарнинг аниқлигини таъминлаш асосий синов бўлиб турибди.

The hypersonic glide vehicle (HGV) DF-17 is seen during a military parade to celebrate the 70th Anniversary of the founding of the People's Republic of China, October 1, 2019 in Beijing.

Сурат манбаси, Getty Images

Хитойнинг "авиабардор қотиллари" деб аталувчи товушдан тез ракеталари АҚШ авиаташувчи кемаларининг Хитой қирғоқларидан узоқроқда, Тинч океани ўртасида туришга мажбур қилмоқда.

Аммо соатига 56 км. тезликда ҳаракатланадиган, ядро қуроли бўлган авиабардорларни нишонга олиш 5 мах тезликда учувчи ракеталардан нозик манёврлар қила олишни талаб қилади.

Товушдан юқори тезликда учганда ракета қобиғи қизиб, унинг атрофида плазма ёки газсимон модда ҳосил бўлади.

Бу эса ташқаридан, масалан, коммуникация йўлдошидан келадиган сигналларни тўсиб қўяди ва ҳаракатланаётган объектни нишонга олувчи ички тизимларни ҳам "кўр" қилиши мумкин.

Artists impression on X15A

Сурат манбаси, USAF

Плазма юқори температура бўлган жойдагина тўпланади.

Конус шаклидаги ракета бир текисда плазма билан қопланади. Аммо силлиқ қанотли ракеталарда плазма ўта сезгир антенналар жойлашган юзадан сурилиб, нари кетади.

Наҳанг жағи

Товушдан тез парвоз мураккаблиги камлик қилгандек, кимёвий парчаланиш муаммони янада чуқурлаштиради.

Ўта юқори тезлик ва ҳарорат кислород молекулаларининг атомларга парчаланишига сабаб бўлади.

Бу эса, ўз навбатида, ҳаводан "нафас олувчи" моторларнинг кимёвий таркибини янада мураккаблаштиришга сабаб бўлади.

X-51A carried on wing of test aircraft

Сурат манбаси, USAF

Товушдан тез қурилмалар учун мусобақа суръати ниҳоятда жадаллашди. 2010 йили АҚШ наҳанг жағли, учувчисиз учоқни Тинч океани узра товушдан юқори тезликда 5 дақиқа учирди.

Мақсад фақат тезлик эмас, балки вақт ҳам эди.

5 дақиқа узоқ парвоз вақтидек туюлмаслиги мумкин, аммо товушдан юқори тезлик тўсиғини енгиш масаласида бу ғалаба эди.

Бу учқур машина - Х 51А баланд учувчи В 52 бомбаловчи учоғидан ташланди ва у ракета тезлатгичи ёрдамида асосий мотор ишга тушгунча 4.5 мах тезликка эришди.

Унинг мотори ҳаво оқимини ўзига олади ва ундаги кислороддан оксидловчи сифатида фойдаланади, шу билан тезликни янада оширади.

X-15 plane

Сурат манбаси, Dean Conger/Corbis/Getty

Бу шуни англатадики, бир неча дақиқа ичида ичкарига кираётган ҳаво оқими температураси 1000 градус цельсийга чиқади. Тўртта Х 51А 2010 ва 2013 йилларда Тинч океани узра парвоз қилди.

Зарба берувчи тўлқинлар

"Aerojet Rocketdyne" Калифорниядаги фазо ва ракета моторига ихтисослашган марказ бўлиб, X-51A устида иш олиб борган. Бу технология устидаги ишлар шунчалик сир тутилганки, ҳатто лойиҳа битганига 7 йил ўтган бўлса ҳам, унда ишлаганлар ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирадилар.

Ушбу марказдаги экспертлардан бири X-51A ҳақида шундай дейди: "Қурилманинг чинакам қайноқ жойи тўлқин зарбаларини қабул қилиб оладиган уч қисмидир. Ана шу жой учун материалларга алоҳида куч, маблағ сарфланади".

Унинг айтишича, 1960 йилларнинг Х 15 ракетоплани ва ундан кейинги Спейс Шатл дастуридан кўп нарсани ўрганган.

"Reaction Engines" ўта қизиган ҳавони "ҳиқичоқ тутмасдан" ютиб юборадиган аэромоторни яратиш жараёнини намойиш қилди.

Reaction Engines' pre-cooler on a testbed

Сурат манбаси, Reaction

У яратган "Sabre" моторида "совутиш" тизими ҳам мавжуд. Бу моторнинг товушдан юқори тезликдаги иссиқ ҳавони қарши оладиган биринчи қисмидир.

Эндиги масала ҳавони ёқилғи билан қўшиб, итарилиш кучини орттиришдир.

Лавадек қайноқ

"Sabre" мотори 2019 йили Колорадода жуда кучли интенсив синовдан ўтди. Бу синовда товушдан тез ҳаво ҳаракатини сунъий ҳосил қилиш керак бўлди.

Синовда матор бир ерга қотирилди ва кучли портлаш кўринишидаги ҳаво оқими унга йўналтирилди.

"Sabre"нинг бошланғич совутиш қисми ишни уддалади.

Бу ерда талаб қилинадиган материаллар оддий эмас эди.

Спейс Шатлда уни Ер атмосферасига киришда ҳаво қаршилиги билан қизиб кетишидан ҳимояловчи юқори температурага бардошли композит панеллардан фойдаланилган эди. Аммо бу қисмлар парвозлар орасида жиддий қайта таъмирлашни талаб қилар эдики, тижорий транспорт учун бу жуда қимматга тушарди.

An illustration of the Hermeus hypersonic aircraft

Сурат манбаси, Hermeus

Муқобил ёндашувга кўра эса, "Inconel" деб аталган никел аралашган қоришмадан фойдаланиш керак, у лавадек қизиган ҳаво оқимига ҳам бардош бера олиши мумкин.

Жаноб Диссел айтишича, "Reaction Engines" ҳозирда ана шу "Inconel"дан фойдаланмоқда. "Ҳозирча шу ҳолатдамиз, шунингдек, иссиқни чиқариб юборадиган совутувчи каналлар ҳам мавжуд," дейди у.

Шундай қилиб, "Inconel" ва иссиқликни бошқариш тизими олдинга йўл кўрсатади.

Товушдан тез қурилмаларнинг етакчи эгалари

Агар ана шу комбинация амалда ишласа, йўловчиларнинг товушдан тез парвоз қилиш орзулари 15 йил ичида ушалади.

Олиймақом шахсларни товушдан тез сафар қилишларига имкон яратиш АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг президент учоқлари билан шуғулланувчи бўлими томонидан ташкилланади.

Атлантада жойлашган, товушдан тез қурилмаларга ихтисослашган стартап "Hermeus"га 20 йўловчини 5 мах тезликда таший оладиган учоқ дизайнини яратиш учун буюртма берилди.

Бу шуни англатадики, келажакда АҚШ Президенти 5 мах тезликда парвоз қилувчи танланган сайёҳларга қўшилиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek