“Мисли кўрилмаган” рецессия нима ва унинг Ўзбекистонга ҳам таъсири бўладими? Koronavirus O'zbekiston

Экспертлар фикрида, кўплаб давлатлар, хусусан Британия ва АҚШ, тарихдаги энг ёмон рецессиялардан бирига юз тутмоқда.
Лекин, рецессия ўзи нима, ва у сизга қандай таъсир қилиши мумкин?
Бирор давлатнинг иқтисоди соғлом бўлса, у ўсиб боради. У ишлаб чиқарадиган маҳсулот ва хизматлар, яъни Ялпи Ички Маҳсулот, кўтарилади.
Иқтисодий ўсиш аҳолининг кўпчилиги учун яхши.
Лекин, иқтисодлар пасайиши ҳам мумкин. Одатда бу бирин-кетин иккита чорак, яъни иккита уч ойлик давр мобайнида давом этса, рецессия дейилади.
Охирги марта бу 2007 йилда бошланган глобал молиявий инқироз туфайли кўплаб мамлакатларда юз берганди. Унда Британиядаги рецессия бир йилдан ошиқ давом этиб, Ялпи ички маҳсулот 6 фоизга пасайган.
Хўш, Рецессиялар нега юз беради? Сабаблар кўп - улардан бири - қарз.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Охирги глобал инқирозга қарз туртки бўлган - яъни АҚШда кўп одамлар уй кредит тўловларини вақтида тўлай олмай қолишган. Натижада бу банклар учун муаммо туғдирди - банкларда қарз беришга пул қолмади ва нафақат Америка, балки бутун дунёдаги бизнеслар ва банк тизимлари фалажланди.
Рецессия бирон иқтисод қаттиқ ларзага тушганида ҳам юз бериши мумкин. Масалан, коронавирус пандемияси.
Карантин чекловлари киритилиши ва харидорлар ишончи сусайиши билан савдо, сафарлар ва сармоялар ҳатто Европанинг энг йирик иқтисоди бўлмиш Германияда ҳам тўхтаб қолди.
Ва рецессиянинг бир давлатга етказган зарари тез орада четга ёйилиши мумкин.
Масалан, 1997 йилги Шарқий ва Жануби-шарқий Осиёдаги инқирозни олинг.
У Тайландда, миллий валюта - батнинг қулаши билан бошланди. Сармоядорлар ва бизнеслар Тайландга ишончини йўқотди, ва бу бора-бора бутун минтақага ёйилди.
Хўш, рецессия сиз учун нимани англатиши мумкин?
Иш берувчилар иш ўринларини қисқартириши мумкин. Ишини сақлаб қолганлар эса маошлари ёки иш соатлари кесилиши ортидан даромади камайишига гувоҳ бўлишлари мумкин.
Иш ўринлари ва маошга бўлган салбий таъсир йиллаб давом эта олади.
Ҳукуматларнинг ўзлари ҳам рецессия даврида қарз инқирозига учрашлари хавфи бор. Бизнес ва одамлар камроқ солиқ тўлар экан, ҳукумат бюджет харажатларини кесишга мажбур бўлиши мумкин.
Рецессия узоқ вақт давом этса, ёки чуқурлашиб кетса, депрессия деб аталади. Уни ифодалаш бироз қийин, одатда уни 1930 йиллардаги Буюк Депрессия билан хотирлашади. У АҚШда биржа бозорининг қулаши билан бошланиб, ёйилганди. 10 йилча давом этган бу инқироздан бутун дунё жабр кўрган.
Бугунда жаҳон бўйлаб иқтисодлар шикаст ер экан, ҳукуматлар бу инқирозни мана бундай таърифлашяпти - "мисли кўрилмаган инқироз".
Яхши янгилик ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон ҳали рецессияга кирмаган. Расмий статистикага кўра, ўтган йилги январь-июнь ойлари билан солиштирганда бу йилги ярим йилликда Ялпи Ички Маҳсулот нол бутун ўндан икки фоизга ўсган. Лекин, Қиёслаш учун - ўтган йил шу даврдаги ўсиш 6 фоиз эди.
Жаҳон банкининг «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» (Listening to Citizens of Uzbekistan, L2CU) тадқиқотига кўра, инқироз аллақачон Ўзбекистонга жиддий таъсирини кўрсатмоқда.
Ушбу тадқиқот доирасида ҳар ой мамлакатнинг барча вилоятларида яшовчи 1500дан ортиқ уй хўжаликлар сўров қилинган. Апрель ва май ойларида тўпланган маълумотларни аввалги даврлар билан қиёсласангиз, Ўзбекистонда бандлик, даромадлар ва аҳоли фаровонлигининг бошқа кўрсаткичлари кескин ёмонлашган.
Қандай бўлмасин, бу кўпимиз учун нотаниш ҳолат, ва ундан қанча тез ва қанча кам шикаст еб чиқиб олишимизни ҳеч ким билмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












