You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Карантин узаймайди, Skills паспорти, Самарқанд форуми, Сўхга ҳаво қатнови йўлга қўйилади O'zbekiston
15 августдан карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилади. Кучайтирилган карантин тартиби ортиқ узайтирилмайди.
Бу ҳақда бугун, 12 август кунги видеоселектор йиғилиши чоғида шахсан президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди:
Шахсий ва жамоат транспорти ҳаракати, қатор фаолият турлари, бозор ва маданий-маърифий муассасалар иши босқичма-босқич қайта тикланади.
Маълум талаблар остида уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.
17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови ҳам тикланиши айтилмоқда.
Сўнгги ҳафталарда кетма-кет узайтирилган кучайтирилган карантин тартиби эса, яна саноқли кунлардан сўнг - 15 август куни ўз поёнига етади.
Мамлакатда ҳафталарки амалда бўлган карантин тартиби биргина кибер фазонинг ўзида аксарият ўзбекистонликларнинг энг кўп шикоятларига сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.
Бугун, 12 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари расман 32000 дан ортган.
Аммо бу рақамлар ҳалича ҳатто мамлакат президентининг ўзи ҳам сўнгги ҳафталарда аҳоли орасида кенг тарқалиб бораётганини расман ва ошкора эътироф этган, баён қилган пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.
Президент қарори
Ўзбекистон матбуотида Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган қарори эълон қилинди.
Президент қарорига биноан, Қорақалпоғистонда ва республика вилоятларида "Ишга марҳамат" деб номланган мономарказлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ташкил қилинади.
"Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида битирувчиларнинг касбий малакаси халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳоланади, бу марказларнинг битирувчиларига Ўзбекистон ва хорижда тан олинадиган Skills паспорти берилади.
Президент қарори билан Ўзбекистон Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 2020 йилги маблағларга қўшимча яна 150 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Президент Мирзиёев қарорида белгиланган тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистонда ҳар йили 60 минг нафарга яқин ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш имкониятини бериши, 25 мингдан зиёд ногирон инсонни иш билан банд қилишига умид қилинмоқда.
Президент қарорида Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Новосибирск шаҳарлари ва бошқа ҳудудларида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари учун касб-ҳунар ва рус тилини ўқитишни йўлга қўйиш режаси эълон қилинди.
Хорижий фуқароларнинг визаси 1 ноябргача узайтирилади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Covid-19 пандемияси шароитида Ўзбекистонга кириш ва чиқиш тартиби борасида изоҳ берди.
ТИВга кўра, 2020 йил 15 июндан бошлаб қуйидаги тоифадаги фуқаролар мамлакатга кириш учун рухсатнома сўраб Ўзбекистоннинг тегишли органларига мурожаат қилишлари шарт эмас.
- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
- инвестиция лойиҳалари доирасида хорижий компания ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистонда ишлаётган мутахассислари;
- даволаниш учун келаётган шахслар;
Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.
Бундан ташқари, хорижда вақтинча бўлиб турган ёки чет элда доимий асосда яшовчи ва ватанга авиақатновлар орқали қайтишни истаётган Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ҳудудига киришларида ҳеч қандай чекловлар кўзда тутилмаган.
Мамлакатдан чиқиш тартиби
2020 йил 15 июндан бошлаб қуйидаги тоифадаги фуқаролар мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли органларига мурожаат қилишлари шарт эмас:
- даволаниш учун чиқаётган шахслар;
- хорижда яқин қариндошлари ёҳуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;
- хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари;
- ўқиш ёки ишлаш учун чет элга кетаётган фуқаролар.
Ўзбекистон фуқаролари чет элга ер усти орқали чиқишлари учун республика махсус комиссиясининг қарори талаб қилинади.
Хорижий фуқароларнинг мамлатдан ташқарига чиқишига ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Ўзбекистон ҳудудидаги хорижий фуқароларнинг визалари муддати автоматик тарзда 2020 йил 1 ноябргача узайтирилади, дея хабар қилади Ташқи ишлар вазирлиги.
Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд форуми
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар форуми иштирокчиларига табрик йўллаган.
Ўзбекистон президенти ўз табригида жумладан шундай деган:
"Ҳозирги замонда интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг драйверига айланмоқда. Бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари - мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда. Аҳолисининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистонда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Фақат кейинги йилларнинг ўзида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уйғун ривожлантиришга, ҳар бир навқирон инсон жамиятда муносиб ўрин эгаллашига қаратилган бир қатор қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилди, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Ҳозирги вақтда "Ўзбекистон ёшлари - 2025" концепцияси ишлаб чиқилмоқда, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индекси жорий этилмоқда. Бугунги кунда инсоният дуч келаётган кўплаб муаммолар - тинчлик ва хавфсизликка таҳдидлар, терроризм ва экстремизм, ирқчилик, иқлим ўзгаришлари, шунингдек, COVID-19 пандемияси - ўзаро келишилган глобал ҳамкорликни ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш жараёнларига ёшларни фаол жалб қилишни талаб этмоқда".
Самарқанд веб-форуми 12-13 август кунлари бўлиб ўтади.
БМТ Бош Котиби Антониу ҳам қутлов йўллаган форумда Ёшлар ишлари бўйича БМТ Бош котибининг вакили, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг ижрочи директори, Парламентлараро иттифоқ ёшлар парламенти Форуми президенти, Европа Кенгашининг Ёшлар масалалари бўйича Маслаҳат кенгаши, Европада Хавсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Ибер-Америка конвенцияси экспертлар комиссияси вакиллари ва бошқа экспертлар веб-форумда маърузаларини тақдим қилишлари кўзда тутилган.
Сўхга самолёт ва вертолёт қатнови
ЎзА ахборот агентлиги хабар қилишича, Бош вазир Абдулла Арипов 12 август куни Сўх анклавига борган.
Бош вазир раислигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтган.
Йиғилишда Ўзбекистон президентининг 8 август куни имзолаган "2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси муҳокама этилган.
Президент қарорида тасдиқланган дастурга 146 та лойиҳа киритилган, улар 639 миллиард сўмга баҳоланган.
Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беришича, "Новобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган.
Авиақатновларга Ўзбекистондаги «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти (12 та йўловчи сиғимига эга), Ўзбекистон ҳаво йўлларининг «Uzbekistan Helicopters» МЧЖга қарашли МИ-8 вертолётларини (16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга) жалб қилиш кўзда тутилган.
Йўловчилар 35-40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб авиқатновлар кўпайиши мумкин, дея хабар қилади Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.
Шу йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани туташган чегара ҳудудидаги қишлоқларда сув туфайли низо келиб чиққанди.
1 июн куни Бош вазир Абдулла Арипов Сўхга бориб маҳаллий аҳоли билан учрашган, оддий одамларнинг муаммолари ва талабларига қулоқ тутган.
Шунингдек, жаноб Арипов Қирғизистон расмий мулозимлари билан музокаралар ҳам ўтказганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek