Ўзбекистон: Тўрт ойдирки, болаларимиз оч қолди, машиналаримиз занг босди – навоийлик таксичилар O'zbekiston, koronavirus

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридан Би-би-си билан боғланган бир гуруҳ такси ҳайдовчилари пандемия даврида ўзларининг оғир молиявий вазиятга тушиб қолганликлари ҳақида сўзлаб бердилар:

Уларнинг маълум қилишича, шаҳарда лицензияга эга йўналишсиз таксилар ҳаракатланиши, тўрт ойдирки, маҳаллий ҳокимият томонидан тақиқлаб келинмоқда.

Мурожаатчилар бундай вазият ортидан ишсиз ва, табиийки, оилалари билан пулсиз қолиб кетганликларини айтмоқдалар.

Таксичилар ўз ишларини қайта бошлаш мақсадида маҳаллий расмийларга бир неча бор мурожаат қилганликлари, лекин доим рад жавоби берилганини таъкидлайдилар.

Улар, ҳатто, кучайтирилган карантин пайтида ҳам лицензияга эга таксилар учун рухсат этилган элтиб бериш хизмати - доставка билан ҳам шуғуллана олмаганликларини қўшимча қиладилар.

«Тирикчиликни қандай ўтказамиз - билмаймиз»

«ГАИ кўчада сариқ рангли машинани кўриши билан шу заҳоти тўхтатади, жаримага тортади, кредитга олинган машиналаримиз ойлар давомида занг босиб ётибди, ўзимиз эса нима билан тирикчилик қилишни билмай, бошимиз қотган», сўзлайди улар.

Таксичилар қўлида йўловчи ташишга лицензияси бўлса ҳам, бундай фаолият билан шуғулланишга имкон берилмаётганидан шикоят қилади.

«Лицензиямиз бўлса ҳам, ишлолмаяпмиз. Лицензиялар ҳам эскириб кетяпти», дейди улардан бири.

Улар тўрт ойдан бери сариқ машиналарни чанг, ҳатто, занг босиб ётгани, энг муҳими эса, оилалар қийин кунларни бошдан ўтказаётганини ҳикоя қиладилар.

«Машиналаримиз тўхтаганига яқинда беш ой бўлади. Тирикчилик ҳам тўхтаб қолди. Нонга ҳам пулимиз қолмади. Бир ой, икки ой бўлсин… Бола-чақага нима едирамиз, ўзимиз нима еймиз - билмаймиз», сўзлайди зарафшонлик такси ҳайдовчиси.

«Битта дорига пул тополмадим қайси куни. Тўғрисини айтиш керак. Киссада пул қолмади», қўшимча қилади бошқаси.

Таксичилар нега бутун республикада лицензияли таксилар фаолиятига рухсат берилган бир пайтда Зарафшонда сариқ машиналар ҳаракати тўхтатиб қўйилганини савол остига оладилар.

«Мурожаат қилишса бас»

Би-би-си ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зарафшон шаҳар ҳокимлиги билан боғланди.

Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари Умиджон Худойқулов таксилар ҳаракати тўхтатиб қўйилганини шаҳарнинг май ойидан буён қизил ҳудудда қолаётгани билан изоҳлади.

«Мана шу томони бор учун, кейин аҳоли орасида касаллик кўпаймасин, деб бунга йўл қўйилмаяпти. Эртага шаҳар сариқ тоифага ўтгандан кейин, албатта, таксиларга рухсат бўлади», дейди Худойқулов Би-би-си билан суҳбатда.

Маълумки, май ойи бошидан мамлакат ҳудудлари эпидемиологик хавф даражасига қараб рангли тоифаларга ажратилган.

Қизил тоифадаги ҳудудларда эса йўналишсиз таксилар фаолияти тақиқлаб қўйилган.

10 июлдан эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари қайтадан қизил тоифага киритилган, лекин Республика махсус комиссиясининг қарори билан йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга йўналишсиз таксилар ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома талаб этилмайдиган бирликлар рўйхатига киритилган.

Аммо 10 июлдан сўнг ҳам Зарафшон шаҳрида сариқ таксилар фаолияти тақиқ остида қолаверган.

Матбуот котиби Худойқулов бу ҳолатни шундай изоҳлайди:

«Хабарингиз бўлса керак, ҳар бир шаҳар-туманга Республика махсус комиссияси қарорини шундай қабул қилиш ёки вазият юзасидан ўзи мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилган».

Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир ҳудуд раҳбарияти коронавирус пандемиясига қарши курашиш чораларини ўзи белгилаши лозимлигини таъкидлаган эди.

Умиджон Худойқулов эса шаҳар ҳокимлиги пандемия даврида ишсиз қолиб кетган такси ҳайдовчиларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.

"Ҳозирда 75 та корхона доставка хизмати сўраяпти. Агар сариқ машиналар ҳокимлик ҳузуридаги штабга мурожаат қилса, биз, албатта, уларга элтиб бериш хизматини йўлга қўйишга имкон яратиб берамиз".

«Бундан ташқари, 45 та юридик шахслар кўчма бозор ташкил қилган. Улар ҳам машина сўраяпти. Таксичиларни шу жойларда ҳам иш билан таъминлаб берамиз. Фақат бизга мурожаат қилишса бўлди», қўшимча қилади Худойқулов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek