Туркия: Ая Софияда 86 йилдан сўнг биринчи Жума намози ўқилмоқда - Turkiya, Islom

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Истанбулдаги масжидга айлантирилган Ая Софияда 86 йилдан сўнг илк Жума намози адо этилмоқда.

Намозда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва бошқа расмийлар қатнашмоқда.

"Мусулмонлар ҳаяжонда, ҳамма масжид очилишида қатнашишни хоҳлайди", деб айтган аввалроқ Истанбул вилояти ҳокими Али Ерлиқоя.

Пайшанба куни телевизон мурожаат билан чиққан Ерлиқоя коронгавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жума намозига келадиганларни "тиббий ниқоб, жойнамоз, сабр ва тушуниш" билан келишларини сўраган.

У Ая София атрофида тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатишини билдирган.

Туркиянинг Диёнат (дин ишлари бўйича) вазири Али Эрбош бир вақтнинг ўзида 1000 киши намоз ўқий олишини айтган.

Эрталабдан Ая Софияга етиб борган кўпчилик ташқарида жойнамозларини тўшаб, очилиш маросимини кутишган.

Масжид ичкарисида эса, ерга мовий гилам тўшалган ва насроний мозаиклари оқ мато билан ўралган ё-да ёритиш воситалари ёрдамида кўринмайдиган қилиб қўйилган.

Юнесконинг Жаҳон обидалари рўйхатига киритилган 1500 йиллик Ая София 1934 йилда музейга айлантирилганди.

Аммо ўтган ой Туркия маҳкамаси унинг мақомини ўзгартирган, унга кўра, масжиддан "бошқа мақсадда фойдаланиш ноқонунийдир".

Президент Эрдўғон Ая София 24 июль куни жума намозига очилишини эълон қилган.

Эрдўғон Ая София барча мусулмонлар, номусулмонлар ҳамда зиёратчилар учун очиқ бўлишини айтган

Бугун тонгдан 1000 га яқин одам назорат-ўтиш нуқталари орқали масжидга киритилган, қолганлар ташқарида жойнамозларини тўшашган.

Ая Софияни масжидга айлантириш қарори дунё бўйлаб диний ва сиёсий раҳбарлар томонидан танқид қилинган.

Ая София ортодокс насронийлар ибодатхонаси сифатида қурилган ва биринчи марта бундан тўққиз аср аввал юз берган Истанбул фатҳи ортидан масжидга айлантирилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek