Туркия ўз қудратини кўрсатмоқчими? Ўзбеклар нима дейди? – Айя-София, дин ва дунё, O'zbekiston (видео)

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Туркия ўз қудратини кўрсатмоқчими? Ўзбеклар нима дейди? - Маълум бўлишича, Айя-Софиянинг тақдирига улар ҳам бефарқ эмас. Айя-София эса, энди масжидга айланиши мумкин. Туркия маҳкамаси унинг музейлик мақомини бекор қилди:

Ҳукуматнинг режаси мамлакат аҳолиси ўртасида ҳам, Туркиядаги ўзбекистонликлар орасида ҳам қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган. Қарашлар эса, турфа...

Бирлари Айя-София музей бўлиб қолаверсин деган бўлса, бошқалари уни қайта масжидга айлантириш ғоясига ҳам қарши эмасликларини айтишган.

Яна бирлари эса, бу режанинг ортида умуман бошқа бир сабабни кўришган.

Уни Туркиянинг дунёга ўзининг кучи, қудратини кўрсатиб қўйиш, ўзининг сўзини айтиш истаги билан изоҳлашган.

Айримларига кўра эса, Туркия ҳукумати бу билан мамлакати иқтисодига озмунча зиён етказмаган глобал коронавирус пандемияси шароитида одамларнинг фикрини чалғитмоқчи бўлган.

Аҳолиси 80 миллиондан ошувчи Туркия орада дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган ўнта давлатидан биттасига ҳам айланган.

Музей ёки масжид

Туркия маҳкамаси Айя-Софиянинг тақдири юзасидан якуний ҳукмини 2 июль куни чиқариши кутилган.

Аммо қарийб 20 дақиқага чўзилган маҳкама тинглови ортидан, бу ҳақда келаси ўн беш кун ичида бир тўхтамга келишини маълум қилган.

Авлиё София ибодатхонаси бугунги кунда Истанбулнинг асосий рамзларидан бири бўлади.

Ибодатхона қарийб бир ярим минг йиллик тарихга эга. Инсониятнинг энг ноёб меъморий обидаларидан бири саналади.

Турклар Константиполни забт этган 1453 йилда муҳташам ибодатхона масжидга айлантирилган.

Ибодатхона атрофида миноралар тикланган, аммо ўзи деярли дахлсиз қолган.

Қарийб 500 йил давомида мусулмонлар учун Каъбадан кейин иккинчи муқаддас қадамжолардан бири саналган.

1935 йилда эса, Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк уни музейга айлантиришга қарор қилган.

Туркиянинг амалдаги президенти Режеп Тоййип Эрдўған ўтган йилги сайловолди амалиёти чоғида уни қайта масжидга айлантириш даъвати билан чиққан.

Бу Туркияда узоқ вақтдан бери муҳокамада бўлган, аммо диний ва дунёвийлик тарафдорлари орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлиб келаётган зиддиятли масалалардан бири бўлади.

Президент Эрдўғаннинг бу таклифи Туркия ташқарисида ҳам бир хилда қарши олинмаган, қатор давлатлар, ҳукуматлар ва дин етакчиларининг танқидларига сабаб бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek