You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Саудия Арабистони, Туркия яна ёпилмоқчи, Ўзбекистонга эшиклар очилмоқчи - O'zbekiston, dunyo, Turkiya
Саудия Арабистони, Туркия яна ёпилмоқчи - аммо расмий Анқара Ўзбекистонга ўз эшикларини очмоқчи. Бу йилги Рамазон Ҳайитига саноқли кунлар қоларкан, дунёнинг етакчи мусулмон давлатларидан худди ана шундай мазмундаги хабарлар олинмоқда.
Ўзбекистонликлар бугун, 20 майдан бошлаб дунёнинг яна 30 давлат фуқаролари қаторида Туркияга боришлари мумкин бўлади.
Аммо Ўзбекистон ҳалича халқаро парвозларни тўлиқ қайта тикламаган.
Саудия Арабистони яна ёпилмоқчи
Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги бу ҳақда кеча, сешанба куни расман баёнот билан чиққан.
Рамазон Ҳайити сабаб, бутун подшоҳлик бўйлаб беш кунлик тўлиқ комендантлик соати жорий этилишини айтган.
Маълум бўлишича, 24 соатлик комендантлик соати 23 май куни кучга киради ва 27 майга қадар амалда бўлади.
Унгача тижорат ва бизнес марказлари ёпилмайди, одамлар худди ҳозиргисидек эрталаб соат 9:00 дан кечги соат 17:00 га қадар бемалол кўча-куйда юришлари мумкин бўлади.
Саудия Арабистони Ички ишлар вазирининг сўзларига кўра, шу йўл билан ҳайит сабаб, коронавируснинг янада тарқалиб кетишининг олдини олишмоқчи.
Саудия Арабистони ва коронавирус
Саудия Арабистонида илк коронавирус ҳолати шу йилнинг 2 март куни қайд этилган.
Ҳозирга келиб, подшоҳликда жаъми коронавирус ҳоллари қарийб 60 мингтага етган. 329 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Бу - ҳали-ҳануз Форс Кўрфази Кенгашига аъзо олти давлат орасида қайд этилиб турган энг юқори кўрсаткич бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси сабаб, тўлиқ комендантлик соати бундан аввал ҳам подшоҳликнинг аксарият ҳудудларида амалда бўлган.
Аммо муқаддас Рамазон ойи боис, мавжуд тартиб юмшатилганди.
Лекин бу енгиллик ўшанда ҳам Маккаи Мукаррамани кўзда тутмаган.
Муқаддас шаҳар ҳозир ҳам тўлиқ комендантлик соати тартиби остида.
Бу йилги Рамазон ойи 24 апрелда бошланган, Ҳайитининг эса, 24 май кунига тўғри келиши кутилмоқда.
Орада подшоҳликдаги масжидларнинг муқаддас Рамазон ойида ҳам очилмаслиги, Таровеҳ намозларининг ҳам фақат уйда адо этилиши айтилган.
Саудиялик масъуллар пандемия билан боғлиқ вазият ўзгармаса, бу йилги Рамазон Ҳайити намозининг ҳам масжидларда ўқилмаслиги эҳтимолини назардан соқит этишмаган.
Глобал коронавирус пандемияси бу йилги Ҳаж зиёратини ҳам савол остида қолдирган.
Саудия Арабистони ҳали-ҳануз бу масалага ҳам тўлиқ ойдинлик киритмаган, фақат бўлажак зиёратчиларни шошмай туришга чақирган, холос.
Ар-Риёд ҳали февраль ойидаёқ "Умра визалари" беришни ҳам вақтинчалик тўхтатиб қўйган.
Туркия ва Рамазон Ҳайити
Худди шу кунларда Рамазон Ҳайити боис, Туркиянинг ҳам тўрт кунлик карантин жорий этиш режасида экани маълум бўлган.
Бу ҳақда куни-кеча Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг шахсан ўзи маълум қилган.
Туркия дунёнинг энг йирик ва қудратли мусулмон давлатларидан биттаси бўлади.
Туркия президентига кўра, карантин режими бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади, 23 майдан бошлаб кучга киради.
Бундан мақсад ҳам Рамазон Ҳайити сабаб, коронавируснинг янада тарқалиб кетишининг олдини олиш экани айтилмоқда.
Туркия, ҳатто, глобал коронавирус пандемияси манзарасида ҳам бу каби кескин чорага қўл урмаган.
Бундан аввалги бир неча кунлик карантин чекловлари мамлакатнинг фақат ўттиз ёки ундан камроқ шаҳрини кўзда тутган.
Туркия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган ўнта давлатидан биттаси бўлади.
Бугун, 20 май ҳолатига кўра, Туркияда коронавирусга чалинганларнинг жаъми сони 150 минг кишидан ортган. Уларнинг 4 мингдан ошиғи ҳаётдан кўз юмган.
Аммо янгитдан коронавирусга чалиниш ҳоллари камайиб бораркан, Туркиянинг ҳам сўнгги ҳафталарда чекловларни аста-секинлик билан юмшатишга киришгани кўрилган.
Президент Эрдоғаннинг айтишича, 29 майдан бошлаб мамлакат масжидлари ҳам жамоат намозлари учун қисман очилади.
Туркия дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд саноқли давлатларидан биттаси бўлади.
Биргина расмий рақамларнинг ўзида Туркиядаги ўзбекистонликларнинг сони бир неча ўн мингга нисбат берилади.
Меҳнат визаси ва ноқонуний мавқеъда Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳам озмунча эмаслиги айтиб келинган.
Туркияда яна ўзбекистонлик юзлаб талабаларнинг ҳам таҳсил олишлари маълум.
Рамазон Ҳайитига саноқли кунлар қоларкан, Туркиядан ортга қайтиш илинжида, аммо бунга имконсиз қолаётган ўзбекистонликлар тақдири кибер фазода бўй кўрсатган мавзулардан бирига айланган.
Туркия Ўзбекистон Президенти яқинда "қийналиб қолган" фуқаролари биринчи навбатда қайтарилиши режаланаётган давлатлардан бири сифатида хосан тилга учта мамлакатдан биттаси бўлади.
Рамазон Ҳайити, Ўзбекистон ва минтақа
34 миллиондан ошувчи аҳолиси билан Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Аммо Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ҳозирча Рамазон Ҳайити борасида жим.
Идора расмий веб саҳифасида бунга оид бирор бир билдиришнома, мурожаат ёки фатво ҳалича кўзга ташланмайди.
Лекин ҳали 13 апрелдаёқ кенгаш бу йилги Рамазон ойи хусусида янги фатво билан чиққан.
Карантин даврида Рамазон ойини қандай ўтказиш бўйича баёнот берган.
Рамазон ойи глобал коронавирус пандемияси боис, Ўзбекистонда ҳам кучайтирилган тартиб ва бутун мамлакат миқёсида қатъий карантин тизими амалда бўлган бир пайтга тўғри келган.
Ўзбекистон Уламолар кенгаши ўз фатвосида мусулмонларни Рамазон ойидаги хатму Қуръон ва Таровеҳ намозларини ўз уйларида оила аъзолари билан ўтказиш ва ўқишга чақирган.
Мамлакат мусулмонларини оммавий ифторликлардан тийилишга ҳам ундаган.
Ўзбекистондаги масжидлар ҳам ҳали-ҳануз жамоат намозлари учун ёпиқлигича қолмоқда.
Идора тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари эса, онлайн тарзда амалга оширилаётгани кўрилади.
Энг сўнггида эса, Қадр кечасида ҳаммани уйда ибодат қилишга ундагани кўрилган.
Аммо Ўзбекистонда ҳам Рамазон Ҳайити бутун мамлакат бўйлаб карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан ҳам ҳозирча Рамазон Ҳайити ва намози билан боғлиқ хос чора-тадбирларга оид бирор бир хабар олинмаган.
Лекин Қозоғистон 13 майдан бошлаб масжидлари эшикларини жамоат намозлари учун қисман очишни бошлаган.
Коронавирус ҳоллари минтақада энг кўпи бўлмасин, Қозоғистон бу каби енгилликка борган биринчи Марказий Осиё давлатига айланган.
Коронавирус минтақа давлатлари орасидан энг сўнггида қайд этилган ва тарқалиш суръати аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган Тожикистон эса, бундан мустасно.
Куни-кеча Тожикистон Уламолар кенгаши мамлакат мусулмонларини Рамазон Ҳайити намозини уйда ўқишга чақирган.
Бунга қўшимча, ҳайит намозини онлайн адо этиш ҳанафийликка зид эканини ҳам баён қилган.
Коронавирус боис, Тожикистон масжидлари икки қайта ёпилган ва аниқ қачон очилиши ҳануз номаълум.
Ҳозирга келиб Марказий Осиёда расман қайд этилган жаъми коронавирус ҳоллари 13 мингтадан ортган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek