Ўзбекистон: Шифокорлар яна рағбатлантирилади ва четдан одам олиб келишни тўхтатиш керакми? Янгиликлар O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

20 июль куни Ўзбекистонда 562 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Кун давомида эса Тошкент шаҳрида 4 нафар бемор вафот этган.

21 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 276 нафарга ортиб, 17, 590 нафарни ташкил этмоқда.

Айни пайтда 9,463 бемор соғайган, 8,035 инсон эса шифохоналарда даволанмоқда.

Улардан 76 нафари оғир, 28 нафари эса ўта оғир аҳволда экани маълум қилинмоқда.

Қайд этилганлар сони 92 та.

Коронавирус: Вазият ёмонлашгандан ёмонлашиши мумкин(ми)?

Ватандошларни хориждан олиб келиш тўхтатилиши керак — депутат

Миллий Тикланиш партияси раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Алишер Қодиров ўзининг Телеграм каналида ўзбекистонликларнинг хориждан олиб келинаётгани эпидемияни авж олдириб юбориши мумкинлигига ишора қилган.

"Вирусларни аниқлаш ва улар билан курашишда Исроил давлатидаги тажриба ўргангулик. Улар 2020 йилнинг 1 сентябригача барча кирувчилар учун чегараларини ёпди. Нимага? Чунки ичкарига кирган ҳар бир инсон вируснинг янги, бораётган жойидаги муҳитга мослашмаган типини олиб кириши мумкин. Бу янги тўлқин дегани.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам «Вабо тарқалган жойга бормангиз, агар турган жойингизда вабо бўлса у ердан кетмангиз» деб бекорга айтмаганлар", ёзган депутат.

Тепловизорлар коронавирусни аниқлай олмайдими?

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 20 июль куни ўтган брифингда маълум қилишича, коронавирус юққанидан кейин 12 кунгача ўз симптомларини сездирмаслиги мумкинлиги ва бу даврда ҳеч қандай тепловизор касалликни аниқлашга қодир эмаслигини таъкидлаган.

«Вируснинг инкубацион даври 2 кундан 12 кунгача чўзилиши мумкин. Лекин ўртача 7 кунни ташкил этади, яъни коронавирус юққандан кейин 2 кундан 12 кунгача ўз симптомларини сездирмайди. Энг ёмони, бу вақтда вирус ташувчи киши ўзининг хасталанганини билмаган ҳолда мулоқотга киришган бошқа кишига юқтириши мумкин», деган Оқилов.

Жонланаётган ҳокимлар

20 июлдан бошлаб «Маҳалла» телеканалида ҳар куни вилоят ҳокимлари, маҳаллий ҳокимият раҳбарлари иштирокларидаги брифинглар эфирга узатилиши хабар қилинмоқда.

«Мазкур тадбирларда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ҳудудлардаги эпидемиологик вазият ва уни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида тушунтиришлар берилади», дейилади хабарда.

Янгича рағбатлантириш

20 июль куни шифокорларни рағбатлантиришнинг янгича тартибини жорий этишни кўзда тутган ҳукумат қарори эълон қилинди.

Эндиликда, эпидемия даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларига қуйидаги миқдорларда қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланмоқда:

врач ходимларга - 2,5 миллион сўм

ўрта тиббиёт ходимларига - 1,5 миллион сўм

ҳайдовчиларга - 1,0 миллион сўм

Тожикистон суғоришга сув беради

Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг майдонларини суғориш учун Тожикистоннинг "Бахри Точик" сув омборидан қўшимча сув олинади, хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги.

Хабарда маълум қилишича, сув омборидан сув чиқариш учун Ўзбекистон Тожикистонга зарурий насос агрегатларни етказиб беради ва бу ишларни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилади.

"Ўзавтомоторс"нинг юзи қизармайди (ми?)

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Расул Кушербаев "Ўзавтомоторс"ни пандемия даврида ҳам монополлик имкониятларидан фойдаланаётганликда айблаб чиққан.

Депутат компанияни «юзи қизармай, тез ёрдам учун ҳам автомобилларини отни калласидек оширилган нархида сотишда давом этаётганлиги»ни билдирган.

"Масалан, Фарғона вилояти ҳокимлиги вилоят аҳолиси учун 20 та янги "Дамас"ларни 75 миллион сўм атрофида сотиб олиб, «тез ёрдам»га топширибди. Шу "Ўзавтомоторс"га ҳам ҳайронсан. Россиянинг Уфасида автомобиллари очиқда қолиб чириб ётса ҳам ўз халқи учун жилла қурса "Дамас"ларидан бепул ёки имтиёзлар билан бериш қийинми?

«24 йил давомида халқимиз билан биргамиз», деб кўкрагини кераётган бу монополь ҳеч бўлмаса шу оғир кунларда ҳақиқатан халқи билан бирга эканлигини исботласа бўларди", ёзган Кушербаев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek