Ўзбекистон, коронавирус: Президент ҳаммани огоҳлантирди, нима ўзгарди? O'zbekiston, koronavirus

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон, коронавирус: Президент ҳаммани огоҳлантирди, нима ўзгарди? - Каниза, "Тез ёрдам" ходимлари, айрим депутатлар нега шикоятда?..

Ўзбекистонликларнинг тест топширишдаги муаммолар, соғлиқни сақлаш тизимининг издан чиққани, дорилар тақчиллиги юзасидан шикоятлари ортидан ҳукумат даражасида эпидемияга қарши янги ҳаракат бошланди. Бироқ бу мавжуд абгор вазиятни қанчалик ўзгартира олди?

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль ўтган видеоселекторда коронавирус билан боғлиқ ҳолатни юмшатишга қаратилган ҳаракатлардан қаттиқ норозилик билдирган эди.

Мирзиёев кейинги бир ойда коронавирус беморларини даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилгани, амалдорлар аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаганини таъкидлаганди.

Шунингдек, у одамлар коронавирус ва бошқа касалликлардан даволанишда етарлича тиббий ёрдам ололмай сарсон бўлаётганини ҳам тилга олган ва бу касаллик билан «пастга тушиб» мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилган эди.

Йиғилишда президент бошқа маҳаллий раҳбарларни ҳам қатъий огоҳлантирган.

Коронавирус давоси деб, Қозоғистонда думба қимматлади - нега? O'zbekiston Қозоғистон koronavirus

Халқ таний бошлаган ҳокимлар

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ҳокимларга ҳар куни эрталаб ва кечқурун ижтимоий тармоқ орқали оммадан тушган саволларга «мукаммал жавоб бериш» топшириғини юклаган эди.

Шундан сўнг қатор вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари аҳолига видео ёки ёзма мурожаатлар билан чиққан.

Ҳатто, айрим ҳокимлар одамлар билан юзма-юз учраша бошлаган.

Хусусан, одамлар тез ёрдам чақира олмай қийналаётгани айтилган бир пайтда, ҳайфсан олган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахсан ўзи шаҳар 1-клиник шифохонасига бориб, у ерда беморларнинг яқинлари билан суҳбатлашган, уларнинг муаммосини тинглаган.

Бошқа раҳбарлар, асосан, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги туман ҳокимлари эса аҳолига видеомурожаат йўллаб, одамларни «вазият назорат остида экани» билан тинчлантиришга ҳаракат қилганлар.

"Ҳозир жойларда «касаллик кўпайиб кетди», «вазият назоратдан чиқиб кетди», деган шов-шувлар юрибди. Ҳеч қанақасига. Ҳаммаси назоратда", таъкидлаган Юнусобод тумани ҳокими Раҳмонбек Усмонов ўзининг видеомурожаатида.

Ҳукуматнинг расмий каналларида ҳудудий раҳбарларнинг, кўп ҳолларда, гўшаги кўтарилмайдиган иш телефонлари билан бир қаторда уларнинг шахсий қўл телефони рақамлари ҳам эълон қилинган.

Бундан ташқари мавжуд норозиликни юмшатиш йўлида коронавирус белгилари пайдо бўлган онда тиббий маслаҳат ва ёрдам берувчи масъул ташкилотларнинг телефон рақамлари оммага тақдим этилган.

Аммо ҳукумат, ниҳоят, одамларнинг дарду шикоятига қулоқ тута бошлаганига қарамай, жойлардан инсонларнинг ҳануз зарурий тиббий ёрдам ололмаётгани, аксар беморлар ўз уйида жонини хатарга қўйганча ўзини даволаётгани тўғрисидаги хабарлар ҳали тингани йўқ.

«Ҳожатга ҳам бора олмаяпмиз»

Расмийлар, таъбир жоиз бўлса, «пастга туша бошлаган» бир пайтда, шифокор Умиджон Ўролов ўзининг Facebook'даги саҳифасида тез тиббий ёрдам ходимларининг бугунги машаққатлари тасвирланган пост қолдирган.

Тошкент шаҳрида пандемия авжида эканини билдирган Ўролов тез ёрдамнинг чақирув жойига кеч етиб бораётганида ходимларнинг айби йўқлигини билдирган.

«Бу муаммо бошқарув аппарати - ССВ [Соғлиқни сақлаш вазирлиги] ва жуда кўп юклама, ресурслар етишмаётганлиги билан боғлиқ», ёзган у.

У тез ёрдам ходимлари бугунги кунда одатдагидан уч баробар қўшимча юклама остида ишлашга мажбур бўлаётганини таъкидлаган.

"103 ходими роботдай ишламоқда, ҳатто, ҳожатга боролмаяпти. Кечки пайт соат 18-19 ларда обед қиляпти. Уям бўлса, кўчада у-бу нарса еб оляпти. Кечаси соат 01-02 ларда эса кечки овқатини емоқда. Одамлардан илтимос, агар кўчада овқат еб турган скорий мошинани кўрсангиз, расмга тушириб бошқача талқин қилманг. Уйингизга борганда, ҳеч бўлмаганда, бир пиёла чой беринг", маълум қилган ўзи ҳам тез тиббий ёрдамда ишлашини айтган Ўролов.

Бир вақтнинг ўзида коронавирусга чалинганини билдирган таниқли хонанда Канизанинг видеомурожаати тарқалган.

Видеода қўшиқчи 8 июль куни ўзида коронавирус аниқлангани ва мутасаддиларни овора қилмаслик учун ўз уйида даволанишга қарор қилгани, лекин аҳволи оғирлашгандан сўнг тез тиббий ёрдам билан боғлана олмаётганини ҳикоя қилади.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги қаерга қараяпти, билмайман. Мана скорийга телефон қилиб ётибмиз, ит битга буюриб ётибди. Колл-центрга тушдингиз, 1105 га қилинг, дейди. 1105 га телефон қилсак, 1003 га яна қилинг, дейди. Униси бунга, буниси унга қилинг, дейди, лекин скорий келмайди. Ўлган ўлавер экан…" сўзлайди бетоблиги яққол кўриниб турган Каниза.

Шифокорларда ватанпарварлик етишмаяптими?

Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов Facebook'да аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимининг издан чиқаётгани борасидаги норозилиги сабабларини ўрганиш мақсадида бир гуруҳ депутатлар билан биргаликда Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига боргани ҳақида ёзган.

Депутат постида ушбу бошқарманинг пойтахтдаги деярли барча тиббиёт муассасаларни бошқарувчи давлат ташкилоти ва "бугунги коллапс ҳолати"га келиб қолган тиббиётга масъул идора эканини таъкидлайди.

"Депутатлар аҳолини қийнаётган бир қанча масалалар юзасидан аччиқ саволлар беришди. Айниқса, аҳолининг нима учун сарсон бўлаётгани, тизим аслида қандай ишлаши режалангани, нимага поликлиникалар мурожаатларни қайтариб юбораётгани, нега тез тиббий ёрдам кечикаётгани, аҳволи оғир беморларни шифохонага ётқизиш муаммоси, колл-марказларга тушиб бўлмаётгани, медикларни ҳимоя воситалари билан таъминланиш ҳолати, уларга тўланиши айтилган 5 млн.дан 25 млн.гача бўлган тўловлар масаласи, иш вақтида касаллик юқтириб олаётган шифокорлар (ҳамширалар) масаласи, уларни тестдан ўтказиш масаласи, шифокорларни карантин зонасида ишлашга мажбурлаш ҳолатлари ва бошқа жиддий мавзуларда саволлар берилди", ёзади Латипов.

Унинг сўзларига кўра, масъулларнинг жавоблари депутатларни қаноатлантирмаган.

"Эшитиб турсангиз олам гулистон: "Аҳоли бекорга ваҳима кўтаряпти; муаммо борку, жааааа унчаликмас; озроқ 20 фоизгина; қолгани ҳаммаси жойида; врачларга ойлик ва ваъда қилинган қўшимча пуллар 100 фоиз тўлаб берилган; Тошкент шаҳридаги барча давлат тиббий муассасаларида ходимлар 100 фоиз тиббий ҳимоя воситалари билан таъминланган". Индамаса, биз майлику, одамларниям, Президентниям ёлғончига чиқариб қўяди", дея депутат пойтахт соғлиқни сақлаш тизимига жавобгар раҳбарлар тўғрисида фикр билдирган.

Асл касби шифокор бўлган Обиджон Латипов учрашув чоғида масъуллар шифокорларда ватанпарварлик етишмаётгани ҳақида гапирганини ҳам маълум қилган.

"Нимамиш шифокорларда ватанпарварлик ҳисси етишмаётганмиш. Ҳамма нарсани пул билан ўлчаш керакмасмиш. Шунча ишлаб, жон олиб, жон бераётган тиббиёт ходимларига берилган баҳони қаранг. Ҳозирги ҳолатни уруш десак, ўз «аскарлари»га бундай муносабатда бўлган «қўмондон» билан икки дунёда ғалаба қилиб бўлмайди", ёзган у.

Хусусий клиникалар ва коронавирусга тест олиш

Аҳолининг норозилиги ортидан 16 июль куни Бош вазир Абдулла Арипов шошилинч йиғилиш ўтказган.

Йиғилишда барча хусусий клиникаларга коронавирусни аниқлаш учун ПЗР-тестлар ўтказиш ва коронавирусга чалинган беморларни даволаш ҳуқуқи тақдим этилгани хабар қилинган.

Йиғилишда, шунингдек, уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланган.

Бир вақтнинг ўзида вазиятни жиловлай олмаётганликда танқидларга тутилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекцияси билан тўқнаш келган инсонларни ижтимоий масофа сақлаш бўйича огоҳлантирувчи Self-Safety мобил иловаси яратилгани ҳақида хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, илова телефоннинг GPS ва Bluetooth модуллари ёрдамида фойдаланувчилардан бирида касаллик аниқланса, бир дақиқа ичида барча фойдаланувчиларни 5 метр радиусда кесишган нуқталарини солиштиради.

Кесишув нуқталари аниқлангач, мазкур жойларда 5 метрли радиусда бўлган барча фойдаланувчиларга пуш-хабарнома кўринишида касал билан алоқада бўлганлик эҳтимоли тўғрисида ва кейинги хатти-ҳаракатлар бўйича тавсиялар беради.

"Илова ундан қанча кўп одам фойдаланса, уйидан ташқарида ушбу иловани фаоллаштирса, шунча сифатли ва яхши ишлайди. Шу ўринда биз мамлакатимиз аҳолисидан инфекцияни барвақт аниқлаш ва тарқалишини олдини олиш мақсадида Self-Safety иловасидан фаол фойдаланиш, ҳукумат ва тиббиёт ходимларига COVID-19 пандемиясига қарши курашишда ёрдам беришга чақириб қоламиз", маълум қилган ССВ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek