You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия: Мигрантларни ёпиқ чегарага боришга нима мажбурламоқда? - Ўзбекистон
Россия-Қозоғистон чегарасида яна ўз ватанларига қайтиш учун йўлга чиққан Марказий осиёлик мигрантлар тўпланмоқда. Айни пайтда Оренбургда бўлган муҳожирларнинг Би-би-си ўзбек хизматига айтишича, 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар бир ҳафтадирки, йўл ёқасидаги очиқ далада яшашмоқда.
Ўзбекистон расмийларининг бир неча бора огоҳлантиришларига қарамай, муҳожирлар нега ёпиқ чегаралар олдига боришяпти?
Кўчада қолдик, иложимиз йўқ
- Ҳеч нимамиз қолмади. Квартира ижарасига пул тўлаш керак. Бизни чиқариб юборди. Кўчада қолдик, иложимиз йўқ. Шеригим кўричак бўлиб қолди, унга ёрдам бериб юкларини кўтариб келдим. Шу билан бирга ўзим ҳам уйга қайтмоқчиман - дейди Шерзод исмли муҳожир.
Унинг айтишича, «Сагарчин» божхона-назорат пункти яқинида 100 дан ортиқ мигрантлар йиғилган.
Би-би-си ўзбек хизмати суҳбатлашган Чори исмли яна бир муҳожир эса ўзбекистонликларнинг яна бир гуруҳи «Маштакова» чегара пункти ёнида тўпланган, у ерда ҳам 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар бор.
- Бизни иш жойимиздан ҳам, ётоқ жойимиздан ҳам чиқариб юборди, - дейди Чори.
«Кечаси ётмаяпман, ўтирибман»
Муҳожирларнинг сўзларига кўра, очиқ майдонда яшаётган мигрантлар орасида ҳомиладор ва ёш болали аёллар ҳам бор.
- Бу ерга бир ҳафта олдин йиғилишни бошлашган. Россиянинг деярли ҳамма ҳудудларидан келганлар бор. Асосан Москва, Нижний Новгород, Самара ва Қозон шаҳрида ишлаганлар, - дейди Шерзод.
Такси ҳайдовчилари давлатлараро чегаралар ҳали очилмаганини билган ҳолда, муҳожирларни чегара пости ёнига олиб боришяпти.
- Мен таксида келдим. Такси ҳайдовчиси шу ерда қолдириб, ўзи қайтиб кетган. Кўчада ётибман. Ётмаяпман, аниқроғи ўтирибман. Кечаси ҳам, кундузи ҳам ётишга жой йўқ. Мана, ҳозир ёмғир ёғаяпти, пана қиладиган ҳеч нима йўқ. Озиқ-овқат олгандик, у ҳам тугади. Чимчилаб-чимчилаб етказишга ҳаракат қилаяпмизу тўртта нон шунча кишига нима бўлади? - вазият ҳақида гапиради мигрант.
«Маштакова»га ҳайдашаяпти
Муҳожирларга кўра, ҳудуд атрофидаги дўконларга боришнинг имкони йўқ. Уларни ИИБ ходимлари назорат қилмоқда.
- Ҳеч қаерга чиқармайди. ЙПХ ва полиция ходимлари ҳар куни шу ерда. Жарима соламиз, дейди. Аммо «Маштакова»га боришимизни талаб қилишаяпти. Биз истамадик. Маштакова бу ерга 500 км, таксига пулимиз бўлмаса, қандай борамиз? Чегарага қараб юрамиз фақат, очилса, уйга қайтмоқчимиз.
Сол-Илеск чегара пости ёнида эса 1000 га яқин Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари йиғилган. Маҳаллий нашрларнинг маълум қилишича, уларнинг 200 га яқини ўзбекистонлик, 400 дан зиёди қирғизистонлик, 50 дан ортиқ тожикистонлик ва бошқа давлатлар фуқаролари бор.
Маҳаллий ҳукумат улар учун чодирлар ташкиллаштирганини маълум қилишган.
«Нега келгансизлар?»
Ўзбекистонлик муҳожирлар чегара ёнида йиғилган Қирғизистон фуқароларига ўтиш учун рухсат берилганига гувоҳ бўлишганини билдиришди.
- Уларнинг элчихонаси ходимлари келиб автобус таклиф қилишди, рад қилишиб шахсий машинасида ўтишди. Биз Қозондаги консулликка қўнғироқ қилдик. Нимага келгансизлар, деди. Ишлашга келганмиз, дедик. Унда ишланглар, деди. Ишлайдиган жойимиз ёпилган-ку. Келинглар, бизга кетишимизга ёрдам беринглар десак, бормаймиз, дейишди. Чартер рейсга 22 минг рублга билет олиб навбатимиз келишини кутишимиз керак экан. Бизни пулимиз йўқ, кетишимиз керак, - дейди мигрантлар.
Ёпиқ чегарага йўловчи йиғиш
Айни кунларда Россия-Ўзбекистон орасида қатновчи ўзбекистонлик такси ҳайдовчилари чегара постларига ватанга қайтмоқчи бўлган муҳожирларни йиғиб йўлга чиқиши кўпайиб бораяпти. Биз Қозоғистон чегараси ёки Ўзбекистонгача олиб кетишни ваъда қилиб, йўловчи йиғаётган бир неча ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик.
- Чегара ҳали очилмаган бўлса, қандай қилиб Ўзбекистонга олиб кетасиз? деган саволимизга «Тушунмаяпсизми? Эртага аниқлик киритилади. Чегарагача олиб бораман. У ёғига йўл очилса, машинада ўзим олиб бораман. Очилмаса, автобус қўйишса, машинамни трейлерга уриб ўзим ҳам автобусда кетамиз» деб жавоб берди.
Ҳайдовчилар Тошкентгача элтиб қўйиш учун 10 мингдан 20 минг рублгача нарх белгилашган.
- Автобус қўйилса, автобусни пулини ҳамма ўзи тўлайди. Тахминан 5000-6000 рубль бўлади, - деди Азиз исмли такси ҳайдовчиси.
Таваккалчилик ва умид
Сўнгги ҳафтада ижтимоий тармоқлардаги таксичиларнинг «Ўзбекистонга олиб кетамиз» мазмунидаги эълонларининг кўпайиб бораётганини кузатдик. Енгил машиналар ва миниавтобусларда йўловчилар йиғишмоқда. Йўлга чиқаётганлар Қозоғистон чегараси яқинида бир неча кун туриб қолишларини била туриб ҳаракат қилишаяпти.
Биз суҳбатлашган такси ҳайдовчисига кўра, кунига ўнга яқин машиналар ватанга қайтишни истовчи ўзбекистонликларни олиб йўлга чиқяпти. Бу эса Россия-Қозоғистон чегаралари яқинида муҳожирлар сони янада кўпайишини билдиради.
Афтидан, такси ҳайдовчилари ҳам, ўзбекистонлик мигрантлар ҳам чегара олдига тўпланиб, бир-икки ҳафта қийинчилик эвазига бўлса ҳам далада яшаб турилса, Ўзбекистон ҳукумати уларни олиб кетиши ёки транзит чегарани очишни ташкиллаштиришда кўмаклашишига умид боғлашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek