Ўзбекистон, Риштон: Коронавирус даврида одамларнинг қора қозони қандай қайнамоқда?

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Фарғона вилоятининг энг чекка туманларидан бўлмиш Риштон мамлакатнинг бошқа ҳудудлари каби коронавирус пандемиясининг жиддий иқтисодий таъсирига учраган.

Ўтган бир неча ой давомида маҳаллий фаоллар аҳолининг қашшоқ қатламини оғир қийинчиликлардан сақлаб қолиш йўлида бир қанча хайрия ҳаракатларини ташкил этганлар.

Би-би-си мухбири Риштон деҳқон бозори ва шаҳар марказида одамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг бугунги куни, кайфияти ва турмуш даражасини билишга қизиқди.

Суҳбатлар давомида оддий сотувчи, ўқитувчи, сомсапаз, темирчи, тунукасоз, аравакаш, электрик, қассоб, косиб каби касб ва ҳунар эгалари ўзларининг ҳаётлари ҳақида сўзлаб бердилар.

"Ойлигим контрактга, боғдан даромад рўзғорга"

Бозорлар доим турли инсонлар, тақдирлар, овозлар йиғиладиган жой бўлиб келган.

Риштон шаҳри марказидаги деҳқон бозори ҳам бундан мустасно эмас.

Бу жойда ҳам олиб-сотиш билан шуғулланадиганлар ва ўзи етиштирган маҳсулотни бозорга олиб келган инсонларни учратиш мумкин.

Бироқ ўз маҳсулотини бозорга олиб чиққан одамларнинг ҳаммаси ҳам деҳқон эмас.

Ўз боғида ғарқ пишган олхўридан бир челагини сотувга олиб чиққан 50 ёшлардаги аёл ўқитувчи эканини айтади.

"Олхўри 1,500 сўм. Роса ширин. Компот қилиб ичса, давлениега ҳам дори. Ортиқчасини сотяпман", дейди у.

У бозорга олиб келган олхўридан тушган пулга банка, шакар олиб кетаман, дейди.

Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? Мирзиёев, O'zbekiston - BBC News O'zbek

"Бундан ташқари боғимда олма, гилос бор. Гилос қиммат бўлиб кетибди - тўрт мингдан сотдим. Кейин хўжайиним қалампир экади", сўзлайди боғида ҳамма мевалардан борлигини билдирган аёл.

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчилик маошини олийгоҳда ўқиётган қизининг шартнома пулига ўтказади.

"Боғдан тушган даромад рўзғоримнинг бир қисмини кўтаради", яна бир қизи бюджет асосида таҳсил олаётганини айтган ўқитувчи аёл.

Эртага қиш келиб, боғда мевалар қолмаганида, ҳаётингиз қандай ўтади, деган саволга у юзда ним табассум билан шундай жавоб беради:

"Товуғим бор, сигирим бор. Ҳозир броилер [товуқ] боқяпман, йигирматача".

Бозордаги энг арзон гўшт

Риштонликларнинг маълум қилишича, бозордаги энг арзон гўштни Равшанбек исмли қассобдан олиш мумкин.

Қассобнинг ўзи нега гўшти бошқаларникидан арзон эканини шундай изоҳлайди:

"Энди бозордан олишга ҳам боғлиқда. Ўзингиз олиб сўйсангиз, килосидан беш юз-минг сўм қолса ҳам етади".

Равшанбек гўшт арзон нархда тез пуллаб юборилса, «оборот» яхши бўлишини айтади.

Бироқ қассоб гўшт савдоси аввалгидек эмаслигини қўшимча қилади.

"Савдо аввалгидек зўр эмас. Ўртача. Мақтагуликка арзийдиган эмасда энди. Лекин бўляпти, худога шукур. Орттириб бўлмаяптику, лекин эл-халққа хизматимиз сингяпти", дейди ёши ўттиз бешларда бўлган қассоб.

У кунига бозорга, ўртача, 40 килограмга яқин гўшт олиб чиқиши ва, одатда, маҳсулотини кечга қадар сотиб бўлишини айтади.

Отамерос косиблик

Риштон деҳқон бозорининг бир бурчида, олдига турли иш қуролларини ёйиб олган, бошига қалампирнусха дўппи қўндирган, қотмадан келган косиб кўзга ташланади.

У тиззасига қўйиб олган шиппакни мароқ билан таъмирлар эди.

Ҳунари отамерос эканини билдирган бу 60 ёшлардаги косиб 35-40 йилдан бери шу иш билан рўзғор тебратишини айтади.

У косибликдан даромад кўришдаги энг муҳим нарса сабр эканини айтади.

"Даромад келиш учун ўтириш керак, кутиш керак. Баъзи усталар одам келмаса, шарт ёпиб кетворади".

"Лекин бундай ўтириш ҳам осон эмас. Баъзида исиб кетади, баъзида шамол, чанг бўлади. Одам кўп келиб қолса, навбати билан тез қилиб бериш керак. Кейин муомала ҳам муҳим. Муомалангиз яхши бўлса, клиентларингиз ҳам кўпаяверади", давом этади.

У косиблик ортидан рўзғорини бут қилиб олгани, ҳозирда ҳамма нарсаси борлигини маълум қилади.

"Соғлик бут бўлиб турса, ортиқча сарф бўлмайди. Жиндек тобингиз қочса, дори-дармондан қийналиб қолишингиз мумкин. Чунки ҳозир нарх белгиланмаган, қимматлаб кетган..."

Узоқдаги буғдойдан, яқиннинг сомони яхши…

Бозор четида қурилаётган биноларга, ўз таъбири билан айтганда, "нур олиб кираётган" электрик амаки 30 йилдан буён шу ҳунари ортидан нон топаётганини билдиради.

У бир неча йил Россияда ҳам ишлаб келганини айтади.

"Россияда беш минг долларгача топар эдим. Энди ёш ҳам ўтиб қолди. Қайтдик. Ёшлар ҳам бориб ишласин", кулади у.

"Узоқдаги буғдойдан яқиннинг сомони яхши. Бизда ҳам яхши бўлиб қолди. Тирикчилик ўтяпти", сўзлайди деярли ҳар гапида турли мақолларни тилга олишни хуш кўрадиган электрчи уста.

Бироқ у барибир хорижда олинган даромад билан Ўзбекистондагисини солиштириб бўлмаслигини билдиради.

"Россияда топиладиган даромад билан бу ердагиси ўртасида фарқ анча катта. Худога шукур, у ерда ишлаб, машина олдим, уйимни тўғриладим. Энди фараз қилаверинг", сўзлайди у.

Электрикнинг сўзларига кўра, агар у Россияда ишламаганда, Ўзбекистонда ҳозирги молиявий ҳолатига эриша олмаган бўлишини айтади.

"Лекин айни ҳозирги ҳолатда, шунақа қурилишлар бўлиб турса, Ўзбекистонда ҳам бирор нарсали бўлиш мумкин", қўшимча қилади у.

Тўртта нон

Бозорнинг ўртасида аравага суянганча, мижоз кутиб турган кўриниши сариғдан келган бир инсон эса 18 йилдан бери арава тортишини айтади.

"Тирикчилик шундан. Ишга кирайлик десак, иш йўқ. Шунга аравадан бошқа илож йўқда", сўзлайди у ғамгин оҳангда.

Унинг сўзларига кўра, Риштондаги эски деҳқон бозори "анча файзли" бўлган, бозор ичкарига юк машиналаридан бошқа транспорт киритилмаган.

"Ҳозирги бозорнинг тўрт тарафи ҳам очиқ. Ҳар ким хоҳлаган нарсасида кириб келаверади. Шунда ҳам биз деярли бекор ўтирибмиз".

Бундан ташқари харидорлар оқими камайгани ҳам аравакашларга жиддий таъсир қилди, дейди у.

"Кунига ўртача беш-ўн минг сўм пул топаман. Араванинг нархи минг сўм, лекин кимдир сизларнинг меҳнатларинг оғир, деб икки-уч минг ошиқроқ ташлаб кетади. Кунига уйимга тўртта нон кўтариб боришга етадиган пул топаман, холос".

"Хотинимнинг пенсиясига яшаймиз. Яхши ҳам шу бор экан", давом этади у.

Қайнаётган қора қозон

Риштон деҳқон бозоридаги бошқа суҳбатлардан деярли барча касб-ҳунар эгаларининг, айни вақтда, даромади сезиларли тушиб кетгани, аммо одамлар буни очиқ айтишга истиҳола қилаётгани яққол сезилади.

Би-би-си микрофон тутган барча инсонлар меҳнати ортидан "қора қозони қайнаётгани"дан шукурда эканини билдиради.

Риштонлик таниқли блогер ва печкачи Дима Қаюм эса пандемия оддий аҳолининг турмуш тарзига жиддий таъсир қилганини таъкидлайди.

Блогер карантин пайтида эҳтиёжманд оилаларни оғирини енгил қилиш йўлида хайрия ҳаракатлари ташкиллагани ортидан янада назарга тушган.

"Айниқса, қишлоқларда аҳвол ёмон. Хайриялар давомида шахсан ўзим 1,200 тадан ортиқ уйга ёрдам тарқатдим. Кўп одам қийналиб қолди", сўзлайди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek