Ўзбекистонликлар қаерда хўрланмай ишлайди? - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон аҳолисининг ишга яроқли катта қисми хорижда меҳнат муҳожирлигида. Карантин чекловлари ортидан чегаралар ёпилгани боис, яна минглаб ўзбекистонликлар ишлаш учун хорижга чиқа олмай туришибди.

Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистоннинг бир неча расмий сайтлари ватан ичидаги фуқароларини ҳам «мигрант» деб ёзмоқда. Ишсиз аҳолининг чет давлатларга чиқиши учун коронавирус хавфига қарамай, йўлларни очаётганини билдирди.

Ўзбекистонда мигрант ким? Хорижда меҳнат мигранти бўлган шахсни ўз ватанига қайтганда ҳам мигрант дейиш тўғри бўладими?

Россияда ишлаш осонми, Туркиядами? Жанубий Корея, Полша каби давлатларчи? Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг қайси давлатда ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмай, инсоний қадр-қиммати эътиборда бўлади?

Швециянинг Лунд университети тадқиқотчи олими Рустамжон Ўринбоев кўп йиллардан бери ўзбекистонлик муҳожирлар ҳаёти борасида изланишлар олиб бораяпти. Дунёнинг турли давлатларида яшаб ишлаётган меҳнат муҳожирлари билан учрашиб, таҳлиллари асосида китоблар ёзаяпти.

Би-би-си ўзбек хизмати Рустамжон Ўринбоев билан Skype орқали суҳбатлашиб, юқоридаги саволларга жавоб олишга ҳаракат қилди.

Би-би-си: Мигрант сўзини маъноси нима? Кимлар мигрант дейилади?

Рустамжон Ўринбоев: Мигрант сўзини халқаро даражада универсал келишилган бир маъноси, изоҳи йўқ. Лекин Халқаро миграция ташкилоти томонидан берилган изоҳига қарайдиган бўлсак, ўз мамлакати, яшаб турган жойини бошқа давлатга вақтинчалик ёки доимий яшаш учун турли сабаблар билан тарк этган инсон мигрант дейилади.

Би-би-си: Хорижда меҳнат мигранти бўлган шахсни ўз ватанига қайтганда ҳам мигрант дейиш тўғри бўладими?

Рустамжон Ўринбоев: Яна миграция халқаро ҳуқуқига мурожаат қиладиган бўлсак, бунга алоҳида ибора бор. Бу инглиз тилида «Return migrants» (қайтган мигрантлар) дейилади. Улар мигрант дейилмайди, қайтиб ўз ватанида жамиятга қайтадан интеграция қилаётган одамларга нисбатан ишлатилади. Уларни собиқ, ёки ватанига қайтган мигрантлар дейиш мумкин. Лекин мигрант сўзини қайтган ёки интеграция қилаётган деган сўзлар билан ишлатиш керак бўлади. Мигрант сўзининг ўзини уларга нисбатан қўллаш нотўғри, менимча. Ватанини ичида, доимий яшаш жойида турган, ўша ерда яшаётган одамлар мигрант ҳисобланмайди.

Би-би-си: Кўпинча мигрант билан ёнма-ён гастарбайтер сўзи ҳам қўлланилади. Синоним сифатида ишлатиш қанчалик тўғри?

Рустамжон Ўринбоев: Бу сўз аслида 1950-80 йилларда Туркия, Марокаш ва араб давлатларидан Европага бориб ишлаганларга нисбатан қўлланилган. Гастарбайтер - немис тилида меҳмон ишчи деган маънони беради. Бу аввалига мигрант каби оддий сўз бўлган, ҳеч қанақа камситиш маъносига эга бўлмаган. Лекин йиллар давомида ўша сўзнинг маъноси ўзгариб, ҳозирги кунда гастарбайтер дейиш таҳқирловчи мазмунга эга бўлган. Мисол учун Россияда мигрантларга нисбатан ишлатилиши камситиш ва ирқчиликнинг яққол мисоли ҳисобланади.

Би-би-си: Дунё бўйича тарқалган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ўргангансиз. Улар учун ҳуқуқий ва ҳаёт тарзи жиҳатидан энг оғир вазият қаерда?

Рустамжон Ўринбоев: Мигрантларни иккинчи табақали инсон сифатида кўриш Россияда жуда кенг тарқалган. Туркиядаги мигрантлар билан суҳбатлашсам, улар камситилиш йўқлигини айтишди. Кўпроқ мусулмон мамлакати бўлгани учун диний эркинликлари кўплиги, иш пайтида намоз ўқишга шароит борлигини билдиришди.

Лекин айни пайтда Туркия меҳнат бозори ҳақида ҳам шикоят қилишди. Айтишдики, «Туркларда иймон бор, лекин инсоф йўқ. Русларда иймон йўқ, аммо инсоф бор». Бу дегани - Туркия мусулмонлари кўп давлат бўлгани билан мигрантларни эксплуатация қилиш кучли, иш соатлари жуда кўп. Руслар турклардек эзиб, қаттиқ ишлатмайди, дейишди.

Россия ва Туркия: икки хил миграция тизими - бир биридан устун жиҳатлари, манфий ва мусбат томонлари бор.

Би-би-си: Полша, Чехиядаги ўзбекистонликларчи?

Рустамжон Ўринбоев: Менимча, уларда иш шароитлари яхши бўлса керак. Ҳар ҳолда, Европа давлатлари. Маълум даражада инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинади. У ерларда ҳам эксплуатация бўлиши мумкин. Аммо Россия, Туркия ва Қозоғистонга таққослайдиган бўлсак, анча яхши.

Би-би-си: Жанубий Кореяда ҳам иш шароити оғирлиги айтилади…

Рустамжон Ўринбоев: Осиё давлатлари - Япония, Кореяни қарасангиз, улар ўзи меҳнаткаш халқ. Ўзи кўп меҳнат қилганидан кейин албатта, мигрантлардан икки баробар кўп ишлашни талаб қилади. Шунинг натижасида жудаям оғир иш шароити юзага келади. Нима бўлганда ҳам, Осиё - инсон ҳуқуқлари паст ривожланган.

Би-би-си: Сиз олим сифатида, миграция соҳасини чуқур ўрганган мутахассис сифатида ишлаш учун йўлга отланаётган ўзбекистонликларни қайси давлатга бориб ишлашларини кўпроқ маслаҳат берардингиз?

Рустамжон Ўринбоев: Агар инглиз тилини билса, яхши маълумоти бўлса, кўпроқ Скандинавия давлатларига келишни маслаҳат бераман. Сабаби бу ерда меҳнат ҳуқуқлари жуда қаттиқ ҳимоя қилинади. Сизни осонликча ишдан ҳайдай олмайди. Шанба-якшанба дам олиш ҳуқуқларингиз бор. Бу ерда касаба уюшмалари жуда кучли.

Шунингдек, Европанинг ирқчилик, камситиш энг кам қисми ҳозирча Скандинавия бўлиб турибди. Европанинг бошқа давлатларида миллатчилик кучайиб бораяпти. Америкада ҳам Трамп президент бўлганидан кейинги вазиятни кўриб турибсиз.

Агар иложини қилишса, Скандинавия давлатларига келиб ишлашни маслаҳат бераман. Бу ерда айниқса, оила билан боғча, мактаб ва университетлар бепул. Оилавий ҳаёт учун мигрантларга энг маъқул танлов - Скандинавия.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek