Россия: Ўзбекистонлик муҳожир қандай қилиб савдо марказини ёптирди? Rossiya, O'zbekiston

Карантин чоралари бошланган пайтда россиялик таҳлилчилар ва бир қатор расмийлар мигрантларнинг ишсиз ва пулсиз қолиши улар орасида жиноятчиликнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирга тушганди. Аммо статистика муҳтожлик муҳожирларни жиноятга етакламаганини кўрсатди.

Муҳтожлик, мигрантлар ва жиноятлар кўрсатгичи

Мигрантлар май ойида ўтган йилнинг шу даврига қараганда 10,9% га кам жиноят содир этишган, дея маълумот берди Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк.

"Қатор мутахассислар билдирган хавотирдан фарқли ўлароқ, чеклов чоралари шароитида муҳожирларнинг жиноий фаоллиги қайд этилмади. Бунинг устига бу кўрсатгич сақланишда давом этмоқда. Чет эл фуқаролари томонидан май ойида ўтган йилгидан кўра 10,9% кам жиноят содир этилган", - деди Ирина Волк.

ИИВ расмийсига кўра, мигрантлар орасида қотиллик 20%, соғликка қасддан жиддий шикаст етказиш ҳолати 1,8%, ўғирлик 2,9%, босқинчилик 12,7% га камайган.

Ёш йигит чўкиб кетди

Россияда кунлар исий бошлагани баробарида ўзбекистонлик мигрантлар орасида сувга чўкиб ўлиш ҳоллари қайд этила бошланди.

Тамбовда 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси Красненский сув ҳавзасига чўкиб кетган. Ишчи мигрант 10 июнь куни чўмилишга кетиб қайтмаган. Ҳавзадан ғаввослар 2 кун излаб, ўзбекистонликнинг танасини олиб чиқишган.

- Ёш йигитнинг ўлими ҳолати Октябрь туман Тергов қўмитаси томонидан ўрганилмоқда, - дейилади ҳудудий қўмита хабарида.

Айни пайтда Тамбов вилоятида барча чўмилиш ҳудудларида бўлиш тақиқ амалда. Красненский сув ҳавзаси эса, дам олиш маскани ҳисобланмайди, дея эслатди матбуот хизмати.

Дарё бўйидаги ҳордиқ фожеаси

Калугада ҳам 11 июнь куни ўзбекистонлик муҳожир дарёга чўкиб кетган. Дўстлари билан дам олаётган 29 ёшли йигитнинг йўқлигини шериклари анча кеч пайқашган.

Страдаловка дарёси қирғоғида дам олаётган ўзбекистонликлар чўккан йигитни топишга уринишган, аммо уддалай олишмаган. Шундан сўнг ФВВга қўнғироқ қилишган, ғаввослар йигитнинг танасини олиб чиққан.

Калуга Тергов қўмитаси расмий сайтида ушбу хабар билан бирга, барчани сув ҳавзаларида чўмилишда эҳтиёт бўлиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилишга чақирган.

Супермаркет ўзбекистонлик сабаб ёпилди

Маълумки, оиланинг бир аъзосида COVID-19 тасдиқланган ҳолда, у билан бирга яшовчи ва мулоқотда бўлган барча яқинлари ҳам карантинга олинади.

Владивостокда яшовчи ўзбекистонлик аёлда коронавирус ташхиси қайд этилган ва шифохонага ётқизилган. Унинг оиласига карантин тартиби жорий этилган. Аммо «Дружба» савдо марказида ишлайдиган турмуш ўртоғи супермаркетга ишга қатнашда давом этган, деб ёзади маҳаллий нашрлар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ҳамкасбларига вирус тарқатиши ҳавфи эҳтимоли учун Ўзбекистон фуқаросига маъмурий жавобгарлик белгилаган.

Мигрант аёлининг касаллигидан кейин ҳам бир неча хафта ишлаган «Самбери» савдо маркази эса дезинфекция учун 2 кунга ёпилган.

Россияда май бошидан бери паст кўрсаткич қайд этилди

Сўнгги кеча-кундузда Россиянинг 83 та ҳудудида 8246 та коронавирус ҳолати тасдиқланган, вирус қурбонлари сони эса 7 мингдан ошди.

Тезкор штаб маълумотига кўра, энг кўп тарқалиш ҳоллари пойтахтга тўғри келади. Ўтган кеча-кундузда Москвада 1359 та COVID-19 тасдиқланган.

Россияда 1 майдан бери энг паст кунлик кўрсатгич қайд этилди, таъкидлайди Интерфакс. У куни кунлик ҳолат 7933 та бўлган, эртасига эса бирданига 9623 тага чиққанди.

Вице-премьер Татьяна Голикова Россияда коронавирус инфекцияси билан касалланиш чўққиси 11 майда ўтганини билдирди.

Айни пайтда Россия коронавирус қайд этилиши ҳолати бӯйича дунёда учинчи ўринда турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek