You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия: Ғазабнок мигрантлар Ўзбекистон дипломатларини нега қувлаб юришибди?
Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар ўз мамлакатлари консуллик идоралари ишидан норози ва ғазабда экани аксланган тасвир ва хабарлар тарқалмоқда.
Шу кунлаори Россияда карантин даврида турли муаммоларга дуч келаётган, ишсиз ва пулсиз қолиб уйига қайтмоқчи бўлган муҳожирлар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва консулликлари ёнига йиғилишмоқда.
Россия коронавирус энг кўп тарқалган дунёдаги иккинчи мамлакат бўлди, мамлакат бўйлаб ишсизлик ошаяпти ва бундай шароитда мигрантлар аҳволи янада қийинлашмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллар ўз халқи учун керакли иш ўринлари ярата олмади ва қашшоқликка ботган миллионлаб ишсиз ва иложсиз ўзбеклар Қозоғистон ва Россияда энг оғир ишларни қилиб, оила боқишга мажбур бўлдилар.
Ўзбек ҳукумати четдаги ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси билан ҳам деярли жиддий шуғулланмаган.
Россиядаги карантин энди кўп миллионли ҳуқуқсиз мигрантлар муаммосини Ўзбекистон расмийлари қаршисида қўймоқда.
Ғазабнок мигрантлар, очиқ саволлар
Консуллик вакиллари карантин тартибида ишлашга ўтганлигини билдиришаяпти.
Уларнинг телефон рақамларига ҳам, расмий манбаларида кўрсатилган Телеграмм манзиллари орқали ҳам ўз саволларига жавоб ололмаган муҳожирларда эса орозилик кучаймоқда.
Ижтимоий тармоқларда баъзи мигрантлар элчихона ва консуллик ходимларини қувлаб юрганликлари, элчихона бинолари олдида йиғилиб, изоҳ талаб қилаётганлари ва ҳатто айрим муҳожирлар расмий вакилларга қўл кўтаргани тасвирланган видеолар ҳам тарқалиб бораяпти.
Дейлик, Россиянинг Москвадаги элчихонаси ёнида ёзилган бир тасвирда, ўзбекистонликлар Консуллик вакилларидан ўз саволларига жавоб беришни талаб қилишади.
Элчихона биносидан чиққан, аммо у ерда ишламаслигини айтган йигит тўпланганларни тинчлантиришга ва тартибга солишга уринади.
Бироқ бир неча бор одамларга бақиргани, силтаб, жеркиганлари ҳам кўринган.
Чартер рейсларда таниш-билишчиликми?
Видео тасвирдаги йиғилганлар ёмғирли кунда кўчада бир неча соат туриб, элчихонадан бирон вакил чиқишини кутишади.
Улар орасида ҳомиладорларни, ёш болаларни, кекса ёшлиларни кўриш мумкин.
Ниҳоят, ичкаридан консул ўринбосари Тоҳир Арипов чиқади.
Йиғилганлар аввалига ўз норозиликларини билдиришади:
"Кеча чартер рейсда кетганларни кўрдик: ёш-ёш йигитлар учди. Таниш-билишчилик билан билет сотилаяпти!"
"Уларнинг қандай қилиб билет олганини ҳам кўрдик" - дейди бир норози эркак.
"Бутун самолёт бўйича ҳомиладор, ёш болали аёл ёки ногиронлар йўқ. Ҳаммаси ёш йигитлар" - бақиради бошқа бир аёл асабийлашиб.
"Қани самолётда ҳомилали, қани бола етаклаган аёл?! Кўрсатинглар, фақат ёлғон гапираяпсизлар!"
Ўзбекистон Консуллиги вакили ёнидагиларга рус тилида гапириб, аёлни тинчлантиришни сўрайди.
Икки нафар Россгвардия ходимлари ўзбекистонлик аёлнинг ёнига бориб, уни орқага чекинтиради.
"Бирон киши дардимизни сўрамайди, эшитмайди. Нима қилайлик биз?" - дейди яна бир мурожаатчи.
Йиғилганлар икки соатдан зиёд кўчада туриб, консуллик вакилига нима мақсадда келишгани, муаммолари ва саволларини айтишган.
Ҳаммани жўнатолмаймиз
Консул ўринбосари Тоҳир Арипов бу борадаги танг вазият сабабини тушунтиришга уринди:
"Президент дунё бўйича жами 11 000 минг нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилишини билдирган. Бизда эса аллақачон 70 минг одам навбатга ёзилган" - дейди Ўзбекистон мулозими.
"Касалларнинг ўзи 5000 нафарга яқин. Битта самолётга 240 одам сиғади, ҳаммани жўнатишнинг имкони йўқ".
Ўзбекистон мулозими ўзбекистонлик мигрантларни элчихона ёнида йиғилмасликка чақиради.
Муҳожирлар эса чорасизликдан нажот истаб келишганини билдиришади.
Сабр қилинг
"Одамлар йўқ жондан умид қилиб келишаяпти. Эшитмаганлар бор, бирон маълумот билайлик,дейишаяпти" - бунга жавоб гапиради бир мигрант - "Бекорчиликдан келганимиз йўқ".
Бунга жавобан консул ўринбосари муҳожирларни сабр-тоқатли бўлишга даъват қилади.
"Худо ҳаммамизга синов берибди. Сал сабр қилайлик, ҳаммаси яхши бўлиб кетади".
Йиғилганларнинг норозилиги, баҳслар кучаяди.
Бу мунозара бир неча соат давом этиб, умидсиз одамлар тарқалишади.
Бу элчихона олдидаги бир неча соатлик кўринишдан бир лавҳа, холос.
Бу каби воқеалар карантин бошланганидан буён деярли ҳар куни такрорланиб келмоқда.
Ўхшаш ҳолатлар ҳали яна қанча давом этади - номаълум.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek