You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Сардоба фожиаси айбдорлари жазоланадими? - янгиликлар O'zbekiston
Мамлакатдаги асосий эътибор Сардоба фожиасига қаратилган бир пайтда Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси ҳануз давом этмоқда.
4 май соат 12:00 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 2160 нафарга етган.
Бир сутка ичида аниқланган касаллик ҳолатлари 33 тага кўпайган.
Айни вақтда касалликдан буткул соғайганлар сони 1319 нафарни ташкил этганча қолмоқда. Шу вақтга қадар 10 та ўлим ҳолати қайд этилган.
ССВ ҳозирги вақтда коронавирусдан даволанаётган ўзбекистонликлар сони 820 нафар эканини хабар қилган.
"Карантин босқичма-босқич бекор қилинади"
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков жорий этилган карантин чоралари қай тартибда бекор қилинишига изоҳ берган.
Унинг сўзларига кўра, инфекция тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус касаллиги тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича Республика мувофиқлаштириш комиссиясининг махсус қарори билан жорий этилган чекловлар босқичма-босқич бекор қилинади.
"Албатта, бунинг учун алоҳида талаблари, босқичлари акс этган карантинни ечиш бўйича ҳужжат ишлаб чиқилади. Лекин расман, карантин бекор қилинганлиги расман эълон қилинмагунча карантин вақти учун белгиланган санитария-гигиена қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлар талабларига тўлиқ риоя этилиши талаб қилинади", қўшимча қилган Отабеков.
"Ҳали буни кўп таҳлил қиламиз"
Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни сув тошқини юз берган Сирдарёга яна бориб, фожиадан зарар кўрган маҳаллий аҳоли билан учрашган.
Давлат телеканали орқали узатилган президентнинг одамлар билан мулоқоти тасвирланган лавҳада Мирзиёев Сардоба фожиаси айбдорлари жазога тортилишига ишора қилган.
"Бир неча кундан бери ҳаммамиз безовталикка тушиб қолдик. Бошимизга катта кулфат келди. Албатта, буни ҳали кўп-кўп таҳлил қиламиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз гапларини айтади, ҳамма чора-тадбирларимизни қиламиз", деган президент.
1 май тонгида Сирдарё вилоятида жойлашган сув омбори девори ўпирилиб кетиб, яқин атрофдаги аҳоли масканлари сув остида қолган эди.
Оқибатда, камида, 70 минг инсон вақтинча бошпанасиз қолган, аҳолининг турар-жойларига қаттиқ зарар етган.
Давлат телеканаллари, аввалига, фожиага кучли шамол ва ёмғир сабаб бўлгани айтилган хабарни ўқиб эшиттирган.
Аммо кўпчилик ўзбекистонликлар бу талқинга нисбатан ишончсизлик билан қараган.
Ниҳоят, сув омборидаги ўпирилиш ҳолати бўйича Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми «б» бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишининг "Мансабга совуққонлик билан қараш", "Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш" билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Ҳозирча, жиноят иши доирасида терговга тортилган мансабдорлар ёки компаниялар номи очиқланмаган.
Қозоғистонлик ҳоким Сирдарёга келди
Аввалроқ бузилган Сардоба сув омборидан чиққан сув Қозоғистоннинг бир неча қишлоқларини ҳам ювиб кетгани хабар қилинган эди.
Маҳаллий Kun.uz нашрининг ёзишича, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев бу масала бўйича музокара ўтказиш учун Сирдарё вилоятига келган.
"Махсус гуруҳ Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Сирдарё вилояти раҳбарияти билан музокаралар ўтказади. Умуман олганда, ушбу ҳолат икки мамлакат ҳукумати билан биргаликда муҳокама қилинади ва ҳал этилади. Сўнгги маълумотларга кўра, минтақага 300 миллион кубометр сув кириб келган. Бундай йирик ҳажмлар биринчи марта қайд этилмоқда. Ҳеч қандай хавф йўқ, деб айтишга жуда эрта. Ўзбекистон томонидан сув оқими қайси йўналишда келиши ҳозирча номаълум, чунки қўшни давлат билан ҳозирги вазият ҳақида маълумот алмашиш тизимлаштирилмаган. Ушбу учрашув натижалари тўғрисида қўшимча равишда маълумот берамиз", дея Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Калькамановдан иқтибосан ёзади Kun.uz.
Ўзбекистон иқтисодиёти кескин қисқариши кутилмоқда
Ўзбекистон Марказий Банки 2020 йилда мамлакатда иқтисодий ривожланишнинг аввал башорат қилинганидан сезиларли қисқариши кутилаётганини маълум қилган.
"Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиш суръати 1,5-2,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда", дейилади Марказий Банк ҳисоботида.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 2019 йилда 5,6 фоизни ташкил қилган бўлса, 2020 йил учун бу кўрсаткич 5,2-5,5 фоиз бўлиши башорат қилинган.
Марказий Банк туризм, меҳмонхона бизнеси, халқаро транспорт, кўнгил очар соҳалар, спорт, эксклюзив хизматлар ва бошқа соҳаларда ўсиш суръатларининг сезиларли даражада пасайиши кутилаётганини қўшимча қилган.