You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, коронавирус: Россия, мигрантлар: ўзбекистонликларнинг жасадлари қандай етказилаяпти?
Россияда вафот этган ўзбекистонликларнинг жасадлари ватанига қуруқлик орқали етказила бошланди. "200-юк" ортилган биринчи машина Россиядан Ўзбекистонга 15 апрел куни жўнатилган ва 5 кунда Тошкентга етиб борган.
20 апрел куни турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида Россияда вафот этган 17 нафар ўзбекистонликнинг жасади ватанига олиб борилган. Марҳумларнинг жасадларини Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказилиши Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан амалга оширилган.
Бу хабарни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг матбуот котиби Телеграм-канали орқали эълон қилди ва орадан бир неча соат ўтиб, маълумот ўчирилди. Аммо бу маълумотга асосланган хабарлар ОАВларда тарқалиб улгурди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котибининг маълум қилишича, ўзбекистонликларнинг жасадлари Россия - Қозоғистон - Ўзбекистон йўналиши бўйича автомобил транспорти орқали олиб келинган. Майитлар Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда чегара постидан олиб ўтилиб, яшаш манзиллари бўйича жўнатилган.
Хабарда Россияда вафот этганларнинг бирортаси коронавирус касаллигига чалинмагани таъкидланган.
Бундан олдин Россия ОАВларида "Уральские авиалинии" авиакомпанияси 152 нафар ўзбекистонликни Тошкентга олиб олиб боргани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Йўловчилар Екатеринбургдаги хорижликларни вақтинча сақлаш марказида тутиб турилган меҳнат муҳожирлари бўлганлиги айтилган.
Авиакомпания матбуот хизмати аввалдан режаланмаган мазкур рейс 15 апрел куни россиялик ва ўзбекистонлик расмийларнинг фаол иштирокида амалга оширилганини билдирган.
"200-юк" юбориш қийин экан"
Мазкур хабар эълон қилиниши ортидан бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири шу рейсда Челябинскда автоҳалокат оқибатида вафот этган танишининг жасадини юборишганлигини маълум қилди.
- Биринчи марта бундай вазиятга тўқнаш келдим, қийин экан. Югур-югурлардан ташқари, дорилаш, музлатиш, самолёт ва бошқа харажатлар учун 90 минг рублга яқин маблағ кетди, юртдошлар пул йиғиб тўпладик, - дейди Би-би-си билан суҳбатда муҳожир.
Марҳумнинг яқинлари Екатеринбургдаги консулликка ёрдам сўраб боришгани ва "пул йўқ, кутиш керак" деган жавобни олишганини билдиришди.
"Ҳеч қачон пул йўқ, демаймиз"
Би-би-си Ўзбек хизмати Екатеринбургдаги консулликка қўнғироқ қилиб, консулнинг биринчи котиби Бекжон Қувонов билан гаплашди.
- Ўрнатилган тартиб бўйича юборилади, - дея Москвадаги консулликка қўнғироқ қилишимизни тавсия қилди консуллик ходими.
Мурожаатлар айнан Екатеринбургдан бўлгани, консуллик ходимлари ёрдам беришни рад этишганини билдирдик.
- Ёлғон маълумот беришибди. Биз ҳеч қачон "пул йўқ" деб айтмаймиз. - деди Бекжон Қувонов.
Биз муҳожирлар айнан консулликка боришгани, консуллик эшиги олдидан олинган рўйхати суратини тасвирлаб бердик. Консул котиби биз суҳбатлашган муҳожирнинг унга қўнғироқ қилишини айтди. Аммо муҳожир ҳамюртининг жасадини юбориб бўлган эди.
- Ўртада пул йиғиб, дафн хизмати идорасига мурожаат қилдик. Коронавирусга чалинмаганлигини тасдиқловчи маълумотнома ҳам керак бўлди. Ҳамма ҳужжатларни йиғдик, ўша кунлар "спецприёмник"дагиларни Ўзбекистонга юборадиган рейс ташкиллаштирилаётган экан. Шу рейсга илиндик, майит аллақачон манзилига борган, - деди муҳожир.
Екатеринбургдаги консулликка айнан "200-юк" юбориш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган бошқа бир муҳожир аёл ҳам консуллик ходимлари ёрдам беришни рад этганини билдирди.
- Жиянимнинг жасади бир ҳафта ўликхонада қолиб кетди. Уни оиласига юбориш учун анча қийналдим, жами 150 минг рубл сарфладим. Енгил машинада Қозоғистон орқали етиб борди, - дейди мигрант аёл.
Муҳожир божхоналар енгил машинада олиб борилган жасадни кузатиб борувчи киши билан чегарадан ўтишига рухсат беришганини билдирди.
Жасадларни Россия қолишини исташмайди
Пандемия хавфи туфайли Россия-Ўзбекистон авиақатновларининг вақтинчалик тўхтатилиши Россияда турли сабабларга кўра қурбон бўлаётган меҳнат муҳожирларининг майитларини ватанга қайтарилишида мушкулликларни юзага келтирди.
Марҳум мигрантларнинг яқинлари жасадларнинг Россияда қолиши, яъни дафн этилишини исташмайди. Шу сабабли марҳумларни Ўзбекистонга жўнатишда қуруқлик орқали, яъни автомашиналардан фойдаланишга тўғри келаяпти.
Мигрантлар билан ишлайдиган юристлар бу борада мурожаатлар тинимсиз бўлиб турганини айтишмоқда.
Жасадни ўликхонада сақлаш Россиядаги маълум тартибларга кўра, етти кун давомида бепул сақланади. Агар экспертизани кутиш ёки қариндошлар қидирилаётган каби зарурий ҳолларда бу муддат 14 кунгача чўзилиши белгиланган.
Россияда ўзбекистонлик мигрантларнинг вафоти бўйича аниқ маълумотлар ҳанузгача эълон қилинмаган, аммо кейинги йилларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Ўзбекистонга жўнатилаётган жасадлар бўйича ҳисоботлар юритиб борилмоқда.
Мустақил равишда, марҳумнинг ҳамкасблари ёки яқинлари томонидан юборилган "200-юк"лар эса бу ҳисоботга киритилмайди. Шу боис, ҳамон Россияда қурбон бўлаётган ўзбекистонликлар сони мавҳумлигича қолмоқда.
Коронавируснинг тасдиқланмаган қурбонлари
Норасмий маълумотларга кўра, Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига ҳар йили 8000 га яқин меҳнат муҳожирларининг жасадлари юборилади. Таҳлилчилар Россиядаги меҳнат муҳожирларининг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этишини ҳисобга олиб, бу рақамнинг кўп фоизи ўзбекистонлик муҳожирлар бўлишини билдиришган.
Ўтган йили июн ойида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россияда ҳалок бўлган меҳнат мигрантларини олиб келиш харажатлари давлат бюджетидан қопланишини маълум қилган эди.
Ўзбекистон ҳукумати Россия Федерациясида турли сабабларга кўра ҳалок бўлган ватандошларнинг жасадини олиб келиш бўйича харажатларни қоплашни йўлга қўйган. Бу ишлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистонга 2019 йилда 308 кишининг жасади етказилганини маълум қилган.
Бу борада жорий йилдаги аниқ рақамлар маълум эмас. Россия матбуоти коронавирусдан вафот этганлар орасида Марказий осиёлик муҳожирлар борлиги ҳақида маълум қилди. Аммо бу каби маълумотларнинг ўзбекистонликларга алоқадорлари Ўзбекистон томонидан ҳали расман тасдиқлангани йўқ.
Мигрантлар ҳамон ҳуқуқсиз
Ўзбекистонликлар Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар орасида сон жиҳатдан етакчилардан бўлиб қолмоқда. Расмий рақамларда уларнинг сони 2 миллионга яқин экани билдирилади. Таҳлилчилар эса нолегал мигрантлар ҳисобига бу кўрсаткич икки баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтишади.
Муҳожирликдаги ўзбекистонликларнинг 70 фоизини 18-45 ёшли эркаклар ташкил этади. Улар асосан қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кунига 12 соатлаб оғир шарт-шароитларда меҳнат қилишади. Аксар ҳолларда айнан шу қийин шароитлар мигрантлар орасида ўлим ҳолларининг содир бўлишига олиб келади.
Кейинги йилларда миграция борасида Россия ва Ўзбекистон орасидаги қатор келишувлар ўзбекистонликларнинг оғир вазиятга тушиб қолганда ва вафот этганда жасадларини ватанга бепул қайтарилиши борасидаги муаммоларини енгиллаштирди. Асосий муаммо - ўзбекистонликларнинг меҳнат, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳақлари топталиши масаласи ҳамон долзарб қолмоқда.
- Россия, мигрантлар, коронавирус: Москвадаги ўзбекистонликларга ёрдам маркази очилди
- Россия, коронавирус: Мигрантлар учун 5 та муҳим саволга ҳуқуқшунос жавоблари
- Россия, мигрантлар: 15 июнга қадар патент тўлови бекор қилинди
- Президент Мирзиёев: Карантин чораларини ақл ва илм билан юмшатиш йўлларини кўрамиз
- Россия: Ўзбек мигрантлари аҳволи тобора ёмонлашмоқда
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek