Ўзбекистон: Коронавирус юқтирмай десангиз, соқолни қиртишлаб олиш керак - O`zbekiston Хитой

Агар соқолингиз бўлса ва коронавирусни юқтирган бўлсангиз, сиз соқол устидан ниқоб таққанингиз билан, барибир, атрофдаги яқинларингизни вирус хавфи остига ташлайсиз.

Тошкентда гапирган халқаро эксперт ўзбекистонликларга худди шундай маслаҳат берди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташкил этган матубот анжуманида гапирган халқаро Михаил Фаворов, аслида ниқоб соғлом одамни касалликдан тўла ҳимоя қилишини шубҳа остига олди.

Унинг айтишича, тиббий ниқоб соғлом инсонларни вирусдан ҳимоялаш учун эмас, балки вирусни юқтириб олганларнинг уни атрофдагиларга тарқатиши олдини олиш йўлида кўпроқ самара бериши мумкин.

"Уйингизда кимдир касалланса, унга дарҳол ниқоб тақиб қўйинг" - тавсия қилди эксперт Фаворов.

Бироқ ниқобдан фойда бўлиши учун, соқол қиртишлаб олинган бўлиши керак, деб эслатди мутахассис.

У соқол устидан тақилган ниқобнинг самарадорлиги деярли бўлмаслигини таъкидлайди.

"Менинг ниқоб тақишимдан маъно йўқ. Соқолим ўсган. [Ниқоб иш бериши учун] соқолимни қиртишлаб ташлашим керак - билдирди Фаворов.

Ниқоб фақат 20 дақиқа иш беради

Михаил Фаворов тиббий ҳимоя ниқобларининг кишини инфекциядан сақлашдаги давомий самарадорлиги 20 дақиқа эканини ҳам тилга олади.

"Баъзи маълумотларга кўра, ниқоб 20 дақиқа, бошқа маълумотларга кўра, 3 соатга қадар иш бериши мумкин".

"Лекин ўзим 20 дақиқа, деб ҳисоблайман. Буни сил касаллиги ҳолатларида ўзим кўрганман. 20 дақиқадан сўнг шундай катта бактерия ниқобдан ўтиб кетган. Чунки нафас олиш-чиқариш туфайли ниқоб намланиб қолади" - маълум қилди мутахассис.

Ўзбекистонда, асосан, икки хил соқол қўйишади. Биттаси Исломий, иккинчиси янгича урфдаги соқоллар.

Коронавирус тарқалиши энди соқолли ўзбекистонликларни танлов олдига қўйиши мумкин.

Ўзбекистонга ёрдамга келган эксперт

Алоқадор мавзулар:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида келтирилган маълумотларга таянилса, таниқли халқаро эксперт, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов мамлакатда коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда ёрдамлашмоқда.

Вазирлик сайтида таъкидланишича, Михаил Фаворов Халқаро вакцина институти бош директорининг ўринбосари сифатида дунёда турли юқумли касалликлар, жумладан, папиллома вируси, вабо, грипп, пневмококк ва менингокок каби қатор оғир турдаги юқумли инфекцияларнинг олдини олиш, профилактикаси, ташхиси ва уни замонавий даволаш усулларини қўллаш борасида катта тажрибага эга таниқли мутахассисдир.

Шунингдек, у жаҳонда эмлаш дастурлариниҳам ҳаётга самарали тадбиқ этган олим сифатида кўрсатилади.

"Михаил Фаворов Америка микробиология уюшмаси аъзоси, Соғлиқни сақлаш ва эпидемиология бўйича халқаро эксперт бўлиб, 40 йиллик умрини дунёнинг турли ҳудудларида юқумли касалликларни ўрганиш ва олдини олиш соҳасига бағишлаган. 100 дан ортиқ долзарб илмий ишларнинг муаллифидир".

У бугун халқаро мустақил мутахассис сифатида Ўзбекистон тиббиёт масъулларига маслаҳат ёрдами бермоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek