Тошкентдаги Хитой элчихонаси АҚШ давлат котибини фитнада айблади - Ўзбекистон O'zbekiston

Президент Мирзиёев ва Майк Помпео учрашуви

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев ва Майк Помпео учрашуви

АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Тошкентда ўтказган матбуот анжумани ортидан Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мисли кўрилмаган равишда кескин баёнот билан чиқди. Рус тилида элчихона сайтида чоп қилинган баёнотда Помпео Хитойга қарши фитна ва туҳмат тарқатишда айбланади. Мазкур баёнот расмий Пекиндан эмас, Тошкентда чоп қилингани кўплар томонидан ғайриоддий дея кўрилмоқда.

Қуйида баёнот таржимасининг тўла матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Бугун ўзбекистонлик ҳамкасби билан қўшма матбуот анжуманида Майкл Помпео Хитойнинг ички ишларини Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан муҳокама қилиш ниятида эканлигини эълон қилди. Унинг ёлғонни уйдириш «маҳорати» ва ҳар қандай ҳодисаларни Хитойни қоралаш учун ишлатиши бизни ажаблантирмайди. Ушбу мавзу муҳокама қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъий назар, биз барча томонлар Помпеонинг хатти-ҳаракати ва шантажидан қаттиқ нафратланишига ишонамиз.

Помпеонинг Евросиё мамлакатларига уюштирган ушбу сафари бадният фитна ва туҳмат билан тўлиб-тошган, унинг Хитойга қарши душманлиги ва олдиндан шаклланган фикрини бутунлай фош қилди. Помпео амалда дунёдаги муаммоларнинг ташаббускори эканлигини яна бир бор исботлади.

Минг марта такрорланган бўлса ҳам, ёлғон ҳеч қачон ҳақиқат бўлмайди. Хитойга туҳмат қилиш, ҳамда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона муносабатларни бузиш учун қилинган ҳар қандай уринишлар барбод бўлади. Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси. 2020 йил 3 февраль»

Screenshot/Embassy website

Сурат манбаси, Screenshot/Embassy website

Тошкентда 3 февраль куни ўтган матбуот анжуманида хорижий журналист Помпеога савол берар экан, унинг Марказий Осиё бўйлаб сафари чоғида бу ҳудуддаги Хитой инвестициялари ва таъсирини тез-тез тилга олгани, хусусан Huawei 5G технологияларини тадбиқ қилиш ҳаракатларидан хавотир билдирганини эслатди.

АҚШ давлат котиби ўз жавобида бевосита Хитойни тилга олмади, аммо Хитойга билвосита ишора қилди.

Помпео Тошкентда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари иштирокида С5+1 форматидаги учрашувда ҳам қатнашади

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Помпео Тошкентда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари иштирокида С5+1 форматидаги учрашувда ҳам қатнашади

«Биз аминмизки, Америка компаниялари Ўзбекистондек ерларга келишганида, биз маҳаллий одамлар учун иш ўринларини яратамиз, биз маҳаллий қонунларга бўйсунамиз, атроф-муҳитни булғамаймиз. Биз яхши фуқаролармиз, яхши қўшнимиз», - деди у.

Помпео, шунингдек, АҚШ дунёнинг ҳар қандай бурчагида рақобатни қўллаб-қувватлаши, бошқа давлатлар ҳам шаффофлик ва очиқлик қоидаларига риоя қилишларини исташи, ҳукумат ҳомийлик қиладиган сиёсий мақсадли эмас балки ҳақиқий бозор келишувларини тузишини исташини билдирди.

Кейинроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтган учрашувида икки томон Савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий, аграр, энергетик, таълим, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаяётганини муҳокама қилишган. Президент матбуот хабарида Хитой тилга олингани борасида маълумот йўқ.

Ўзбекистонга келишидан аввал Қозоғистонда бўлган Майк Помпео Хитойнинг мусулмонларга қарши тазйиқларидан қочиб келган шинжонлик қозоқлар билан учрашган ва уларни қўллаб-қувватлашини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek