You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Диний блогерлар иши - Рустам Каримга қамоқ, Тўлқин Астановга уй ҳибси жазолари
Тошкент шаҳар суди диний айбловлар билан маҳкамага тортилган блогерлар Рустам Карим ва Тўлқин Астановлар устидан суд ҳукмини эълон қилган.
43 ёшли Рустам Карим уч йилу бир ойлик қамоқ, 48 яшар Тўлқин Астанов эса икки йиллик уй ҳибсига маҳкум этилган.
Ҳар икки блогер жамоат хавфсизлигига таҳдид солишда айбдор, деб топилган.
Суд ўн нафар фарзанднинг отаси бўлган Тўлқин Астановга 5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаб, фарзандлари ва биринчи марта қамалишини инобатга олган ҳолда дастлабки жазони икки йиллик ҳибсга алмаштиргани айтилмоқда.
Судланувчи уй қамоғи шартларини бузгани тақдирда 5 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси кучга кириши ҳақида огоҳлантирилган.
Жорий йилнинг 8 апрель куни Facebook орқали Тўлқин Астанов билан бирга жонли эфирга чиққан Рустам Карим айрим диний масалалар бўйича шикоят қилиб Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига боргани ва у ерда идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур билан ҳалол сертификати, ўқув юртларида ҳижоб ўраш мавзуларида самимий суҳбат қургани ҳамда Абдулазиз Мансур унга китоб ҳадя этганини билдирган эди.
Ўша куннинг ўзида блогерлар ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилгани тўғрисида хабарлар тарқалган.
2019 йил 24 апрель куни икковлоннинг иши ДХХ (Давлат хавфсизлик хизмати) ихтиёрига ўтказилгани маълум бўлган.
Рустам Карим судгача ДХХ ҳибсхонасида сақлаб келинган.
'Томоша'
Тўлқин Астановнинг аёли Муҳайё Астанова Би-би-си билан суҳбатда суд жараёнини "бошдан оёқ театр томошаси" деб атади.
"Ҳамма нарсани театр томоша қилгандек кўриб турдим" деб айтди у 18 октябр кунги суд жараёни ҳақида.
Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғининг Фэйсбукда эълон қилган милодий янги йилни кутиш борасидаги исломий ҳукм билан боғлиқ пости "ақидапаратслик" деб баҳоланган.
"Турмуш ўртоғим бу ҳақдаги ҳадисни келтирганлар, холос. Ислом академиясини битирган экспертлар эса, ўз хулосаларини "менимча" деган сўз билан бошлашди. Агар бу экспертиза хулосаси бўлса, қандай қилиб уни "менимча" деган гап билан асослаш мумкин? " , - дейди у.
Олий маълумотли врач-реаниматолог бўлган Муҳайё Астанова бу борадаги эътирозларини суд раисига билдиргани, аммо жўяли жавоб ололмаганини айтди.
Унинг фикрича, блогерлар устидан қаттиқ ҳукм чиқариш билан суд "бошқаларни ҳам қўрқитиб қўймоқчи".
Би-би-си билан қисқа суҳбатда Тўлқин Астановнинг ўзи суд ҳукмида "юз фоиз норози" экани ва шикоят қилишини билдирди.
Унинг айтишича, айбнома бўйича ёзган 57 саҳифадан иборат раддияси инобатга олинмаган.
Тўлқин Астановга қарши илгари сурилган айбловда унинг Facebook тармоғидаги "Astanov Tulkun" профили орқали «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатларга путур етказиш мақсадида» Сурияга тааллуқли Пайғамбар ҳадислари, Ҳизб ут-Таҳрир диний-экстремистик ташкилоти атрибути туширилган материал, Наврўз ва Янги Йил байрамларини нишонлаш мусулмонлар учун ҳаромлиги ҳамда ҳижобга тўсқинлик қилувчи шахслар тўғрисидаги фикрлар, видеоларни тарқатганлиги айтилади.
Сўз эркинлиги
Маҳкамада президент, Бош прокурор, ДХХ раиси, Олий суд раиси, Олий Мажлис Сенати раиси номига йўллаган шикоят хатидан парчалар ўқиб берган Астановнинг иддаосига кўра, унга нисбатан қўйилаётган айбловлар асоссиздир ва Конституция ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканини кафолатлаб қўйган.
«Қуръон асосида тузилган ҳадислар, маърузалар ва чоп этилган адабиётларни тақиқлаш - Қуръонни тақиқлаш демакдир… Ҳозирча Қуръонни тақиқлаш ваколати ҳеч кимга берилмаган,» дейди судьянинг саволларига жавоб берган Астанов.
Шунингдек, Тўлқин Астанов ўзига нисбатан босимлар 2018 йилнинг август ойида бошлангани ва ўшанда унга нисбатан «Жамоат жойида диний либосда юриш» айби қўйилганини билдиради.
Икки блогер иши юзасидан тайёрланган айблов хулосасида уларнинг «телефон аппаратлари хотирасида мавжуд бўлган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга хизмат қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида сақлаб келган»и таъкидланади.
Айбномада 2019 йил 8 апрель куни соат 11.00 да Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида «майда безорилик содир этган» ва ички ишлар ходимларининг «қонуний талабларини бажармасликда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган» Рустам Каримга нисбатан «қонуний чора кўриш жараёнида» унинг ёнидан телефон аппарати олиб қўйилгани ва кўздан кечирилгани баён этилади.
Хусусан, Рустам Каримга тегишли "Huawei P8 русумли телефон аппарати хотирасида фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган Ироқ ва Шом ислом давлати террорчи ташкилотига тегишли рамзий белги - байроқ аниқланган"и айтилади.
Ҳар икки айбланувчи байроқдан ҳам, унинг мазмунидан бехабар бўлганликларини айтишган.
Суд мажлисида сўз олган Рустам Каримнинг таъкидлашича, байроқ суратини телефонини тортиб олиб қўйган ходимлар ташлаб қўйган бўлиши мумкин.
«Ҳақиқатни очиқ айтганим, блогерлик фаолиятимни давом эттиришимни истамаганликлари учун ҳам мени шундай туҳматлар билан қаматиб юборишмоқчи,» деган у дастлабки суд мажлисида.
Рустам Карим тергов давомида ўзига нисбатан жисмоний қийноқ қўлланмаган бўлсада, 20 нафар ходим бирин-кетин сўроққа тутгани, сўроқлар давомида ходимлар томонидан турли руҳий босимларга учраганини айтади.
Расмийлар Тўлқин Астановдан ҳам блогерлик фаолиятини тўхтатишни талаб қилгани айтилган.
Блогерлар кимлар?
Рустамбек Каримов. Ижтимоий тармоқларда Рустам Карим тахаллуси билан таниш. У яқинда Европадан Ўзбекистонга қайтарилганди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси хабарномасида у ҳақида "43 ёшли муқаддам бир неча бор судланган (шулар қаторида фирибгарлик учун ҳам)" деб таърифланган.
Тўлқин Астанов. Диний ҳуқуқлар, хусусан, ҳижоб ўраш эркинлиги хусусида ҳам ёзиб келган.
У ўтган йили август ойида аксар диний мавзуларда ёзувчи бир неча блоггерлар қаторида қўлга олинганди.
Шайхонтоҳур туман суди томонидан уни "майда безорилик" ва "милицияга бўйсунмаслик" айби билан 10 кунга қамоққа ҳукм этган.
Озод этилгач, унга Facebook ижтимоий тармоғига кирмаслик ҳақида айтилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek