Ўзбекистон: Блогер ИИВ ва ҳокимиятни танқид қилгани учун 12 суткага қамалдими?

Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органи ходимлари ва ҳокимиятни танқид қилган блогер Мавлонбек Аббосовнинг қамалгани ҳақида хабарлар чиқди. ИИВ блогернинг "ҳокимият идоралари ходимларининг ҳақоратомуз тасвирларини тарқатгани учун" 12 суткага қамалганини тасдиқлади.

Аббосов 10 октябр куни иш жойи бўлмиш Тошкент вилояти Бектемир туманидан Наманганга олиб кетилган.

ИИВ матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, 11 октябр куни Маъмурий ишлар бўйича Косонсой туман суди уни 12 суткалик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилган.

"Аббосов Мавлон ўзининг ижтимоий саҳифаларида бир неча маротаба , ёлғонлигини била туриб, бошқа шахсларни шарманда қилувчи турли маълумотларни, ҳокимият идоралари ходимларини ҳақоратомуз тасвирларини тарқатгани учун Косонсой тумани маъмурий суди томонидан МЖтКнинг 40,41 моддалари ҳамда ИИО ходимлари томонидан вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида текшириш ишларини амалга оширишларига қаршилик кўрсатгани учун 195-модда билан маъмурий жавобгарликка тортилган", - дейилади хабарда.

Яқинларининг айтишича блогер 5 кундан бери уларга кўрсатилмаяпти.

Мавлонбек Аббасов Facebook саҳифасида Ички ишлар органи ходимлари ва тизимни танқид қилиб постлар қўйган.

Яқинларининг Би-би-сига айтишича, уни маъмурий судда судлашган ва 12 суткага қамашган. Бироқ уларни суд жараёнидан хабардор қилишмаган.

"Косонсойда сақланаётган вақтим борганимда, ички ишлар органи ходими Мавлонни ижтимоий тармоқда Ўзбекистон ва ички ишлар ходимларини ёмонлагани учун қамадик, дейишди. Лекин қўлимизга бирорта ҳужжат бермади. Қандай қилиб бизни чақирмасдан ўзидан ўзи 12 сутка бериб юборади? Мен шунга хайрон бўляпман", дейди қариндошларидан бири.

Унинг айтишича, Ички ишлар органи ходимлари Мавлон Аббасовни кўриш учун суддан қоғоз олиб келинглар, деган.

Бироқ унинг таъкидлашича, қоғоз олиб борилганда ҳам кўрсатишмаган.

"Қандай суд қилишди, адвокати бормиди, расман нимада айблашяпти, ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ. Суддан қоғоз олиб келсанг кўрсатамиз, дейишган. Қоғоз олиб борса ҳам кўрсатмаган. Жигаримизни кўришга 100 фоиз ҳаққим бор", - дейди у.

Блогерни қандай ушлаб кетишганди?

Аббосовнинг тадбиркор шериги Баҳриддин Сиддиқов Би-би-сига, уларнинг ишхонасига келган Ички ишлар ходимларини ўзларини таништирмагани ва ордерсиз тинтув ўтказиб, бир телефон ва ноутбукни олиб кетишганини айтди.

"Бектемир туман ИИБ жиноят қидирув бўлимидан йўқотган телефонингни топдик, ҳозир олиб борамиз, деб ишхонага 3 милиция ходими келди. Кейин мени Мавлон деб ўйлаб, нарироқда турган Нексия машинасига олиб боришди. Ичкарига киришим билан бир одам "менинг кимлигимни биласанми", деб дўқ уриб кетди", дейди Баҳриддин Сиддиқов.

Унинг айтишича, машина ичидаги формасиз милиция ходими унга мактабга бориб жанжал қилгани ва ЙПХ ходимини "шантаж" қилгани учун ичкарига олиб кириб қамаб қўйиш билан таҳдид қилган.

"Кейин ташқари қолган Бектемир милиция ходимлари, бу Мавлон эмас экан, деб мени машинадан чиқариб, Мавлонни олиб киришди. Кейин келиб ордерсиз биз дам оладиган хонага киришди ва нарсаларимизни титиб, ноутбук ва менга тегишли бўлган телефонни олиб чиқишди"

Сиддиқовнинг айтишича, унга телефон ва ноутбукни машинага олиб беришни, ичида текширишларини айтишган.

"Машинага олиб бориб берсам, машинага солиб олиб кетиб қолишди. Мавлонни ҳам чиқаришмади машинадан, туфлисини олиб бориб бердим. Косонсойга олиб борамиз, савол-жавоб қиламиз эртага соат саккизгача чиқади, телефонингни Мавлондан оласан, деб кетишди", дейди Баҳриддин Сиддиқов.

Унинг айтишича, Мавлон Аббосовнинг олиб кетилгани ҳақида ҳеч кимга хабар бермасликни, акс ҳолда уни ҳам ушлашлари мумкинлигини айтиб таҳдид қилган.

Баҳриддин Сиддиқов бу ҳақда орадан 5 кун ўтиб Facebookда ёзганидан сўнг унга нисбатан кўринмас рақам ва аноним аккаунтлар орқали постни ўчириш ҳақида таҳдидлар бўлган.

"Хурматли Бахриддин Сидиков сизни расмий огохлантирамиз сиз уйлаган ишла бомаган кейин троллар деб кимни этвос бу нотугри фикр фикрингиззи йозганизда уйлаб йозинг илтимос сиздан. Хар битта йозган сузизга жавоб берасиз ака сиз узингизга бошкаларни кизикишини орттирман вакт берамиз балки адашгандирсиз кечирим суранг илтимос сиздан. Бу вактла олтинга тенг сиз учун ака", деб ёзди Asal Dustmatova.

Asal Dustmatova ўз саҳифасига блогерларга қарши, деб ёзиб қўйган. Ўзи ҳақидаги маълумотда шундай ёзувни ўқиш мумкин: "SWR 001 (PROTIV BLOGGERI)"

Сиддиқов дўсти ушлангани ҳақида хабар бергани учун уни ҳам ҳозир излаб юрган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Бироқ ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Баҳриддин Сиддиқовнинг қидирилаётганини рад қилди.

Ғиёсов ИИО ходимлари томонидан олинган телефон ва ноутбук экспертиза ўтказиш учун олингани ва шахс жазосини ўтаб бўлганидан кейин қайтариб берилишини маълум қилди.

ИИВ матбуот котибининг таъкидлашича, Сиддиқов ва Аббасовларнинг телефони ва ноутбукини олиш учун ордер талаб қилинмайди.

"Бундай ҳолатда ордер талаб этилмайди, шахсий тинтув жараёнида телефони ва ноутбуки ҳуқуқбузарлик қуроли сифатида текширишга олиниши мумкин. Бу ҳолатда ИИО ходимлари қоидани бузмаган, нафақат техник нарсалар балки бошқа ёнидан чиққан нарсаларни текшириш учун олиш мумкин. Кейин кимдан олинган бўлса шу шахсга қайтариб берилади", дейди у.

Ғиёсов Косонсой тумани суди рухсати билан Мавлон Аббасовнинг яқинларига кўрсатилмасликка ИИО ходимларининг ҳаққи йўқлигини айтди.

"Косон(сой, таҳ.) туман судига мурожаат қилишсин, ҳаммаси ойдинлашади. Бунинг барчаси тартибга солинган. Кўрсатмасликнинг иложи йўқ... Тартибга риоя этишлари шарт", дейди ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.

Блогер Ички ишлар органлари ва ҳокимият тўғрисида нималар деганди?

Блогер ва тадбиркор Аббосов Facebookда танқидий фикрлари билан ажралиб турганини кўриш мумкин.

ИИВ Аббосов айнан қайси постлари учун 12 суткага қамалганига ойдинлик киритмади.

"Ҳокимият ходимларини уятномуз тасвирларини ясаб тарқатиб юборган", дейди ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.

Бироқ Би-би-си 15 октябр куни Мавлон Аббосов Facebookдаги саҳифасига жойлаган суратлар ичидан ҳокимият ходимларининг уятли тасвирларини топа олмади.

15 август куни Аббосов Ички ишлар ходимлари керакми, дея савол ташлаган.

"Бизга ички ишлар ходимлари керагми? Бизни уйимизга бостириб кириб тинчлигимизни бузадиган ички ишлар ходимлари бизга керагми? Журналистни ҳаёти хавф остида қолганда, томошабин бўлган, ички ишлар ходимлари бизга керагми? Уйи бузилган мазлумларни қамаш билан тахдид қилган ички ишлар бизга керагми? Болаларимизни, масжидлардан маърифатдан эзгуликдан тўсган ички ишлар бизга керагми? Ички ишлар ўзи нима учун кераг?".

У яна ҳокимият органларининг фаолиятини ҳам савол остига олган.

"Давлат, мен ҳақимда қайғуради деб ўйлайсизми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги, мени саломатлигим ҳақида қайғуради деб ўйлайсизми? Ҳуқуқ тартибот органлари мени хавфсизлигим ва ҳуқуқимни ҳимоя қилиш ҳақида қайғуради деб ўйлайсизми? Ооо йўўўқ бунчаларам содда бўлмасангиз! Улар бюджетдан, навбатдаги халқ фаровонлиги хавфсизлиги тўғрисида сафсата тўқиб кўпроқ улуш олишни, ўзларини янаям хавфсизроқ ҳис қилиб халқдан ҳимояланган ҳолда кўришни жону дилдан хоҳлашига нима дейсиз?", деб ёзган Мавлонбек Аббосов 24 сентябр куни.

У 2 октябр куни Ички ишлар органи ходимларининг пахтага чиқмаймиз, деб тарқатган видеосига шундай изоҳ қолдирган.

«ИИБ ходимларини, Фермерларга разнорабочий қилиб бўлиб бериш вақти келмадими? 28 йилдан бери, буларни халқ текинга боқиябди. ИИБ ходимлари, пахтага олиб кетишаётганидан нолиб давлатдан норози бўлибдилар. Булар давлатга хиёнатни очиқчасини бошладими дейман? Булар нима қўзғолон кўтармоқчими?", деган у.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда блогерларни 10-15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилиш ёки руҳий хастахона ётқизиш ҳолатлари учраб турибди.

Блогер Нодирбек Ҳожиматов (Nodirbek Xojimatov) Facebook саҳифасида "сўконғичлиги ва қўли остидагиларга қўпол муомаласи ҳамда кўзбўямачилиги билан танилган ҳокимлар мукофотга лойиқ эмас"деган изоҳи учун 12 сентябр куни 10 суткага қамалган деб ишонилади.

Бироқ Андион вилоят ИИБ блогер Facebookда Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновга туҳмат қилгани ва уни қасддан камситгани учун қамалганини айтди.

Журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари томонидан Хоразмдан Тошкентга пиёда юришни ёритган блогер Нафосат (Шабнам) Оллошкурова 22 сентябр куни 10 суткага қамалди.

Қамоқ жазосини ўтаётган блогер суд қарори билан мажбурий равишда Хоразм вилоят руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий тартибда ётқизилди.

Блогер ҳамон яқинлари билан кўриштирилмаяпти.

Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳукуматдан блогерлар Нафосат Оллошкурова ва Нодирбек Ҳожиматовларни зудлик билан озод қилишга чақирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek