Ўзбекистон: Блогер Шабнам Оллошкурова нега яқинлари билан учраштирилмаяпти?

Урганчдаги руҳий шифохонада ушлаб турилган блогер Нафосат (Шабнам) Оллошкурова онаси билан учраштирилмади. Телефонга туширилган видеода блогер ҳорғин ва ранглари оқариб кетган ҳолатда кўринган. Халқаро ташкилот Мирзиёевдан блогерни зудлик билан озод қилишни сўради.

Ҳолжон Давлатованинг қизини кўриш учун 11 октябр куни Тошкентдан Хоразмга йўл босиб борган ҳаракатлари бесамар кетди. Унга руҳий шифохонада Нафосатнинг буйрагини даволашаётганини айтишган.

30 сентябрдан бери Хоразм вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерида мажбуран ушлаб турилган блогер Нафосат (Шабнам) Оллошкурова яқинлари билан нега учраштирилмаётгани сабаблари маълум эмас.

"Бордим, мени кўриб касалхона бош врачи қочиб кетди. Қизимни иккинчи қаватдаги асаб касалликлари бўлимида, панжара ортида сақлашаётган экан. Бўлим бошлиғи аёл киши қизимни кўрсатолмаслигини айтди", дейди Ҳолжон Давлатова.

У Нафосатга бериш учун егуликлар олиб борган. Давлатованинг Би-би-сига айтишича, бўлим бошлиғи агар унга қизини кўрсатса ишдан бўшатишларини айтиб йиғлаган.

"Қизимни кўрсатинг, деб мени қийнаманг. Кейин менга қийин бўлади. Учраштирсам ишдан бўшатишади, деб йиғлади. Кейин мен берган нарсаларни олиб ичкарига кириб кетди ва қизимни телефонига видеога олиб чиқиб кўрсатди", дейди у.

Кетинг...

Ҳолжон Давлатованинг айтишича, ўша вақти олинган видеода қизи жуда ҳорғин, ранглари сўлғин ва оқариб кетган ҳолда кўринган.

"Қизим руҳий синган эди. Юзлари оқариб кетганди. Камерага "отамга қаранг, бу ердан кетинг", деб айтди", дейди Давлатова.

Шифохона мутасаддилари нега блогерни онаси билан учраштира олмаслик сабабларини айтишмаган.

Давлатова бошқа беморлар яқинлари билан шифохонада бемалол учрашаётганига гувоҳ бўлган.

Шифокор Нафосат Оллошкурованинг асаб касалликлари бўлимида буйрагини даволашаётгани ва унга осма уколлар қилишаётганини айтган. Бироқ қандай дорилар билан даволашаётгани ҳақида маълумот бермаган.

"Қизимнинг буйраги касал эмас эди. Нега буйрагини даволайди? Уни калтаклаб энди даволаётган бўлиши мумкин деган хаёлларга боряпман. У ерда қизимни наркоман қилиб чиқаришларидан қўрқиб, хавотирланяпман", - дейди у.

Нафосат (Шабнам) Оллошкурова билан кўриша олмаган она Тошкентга қайтишга мажбур бўлган.

Шабнам Оллошкурова номи билан ёзадиган Нафосат асли ўқитувчи ва у ўзининг Facebook даги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан машҳур бўлган.

Оллошкурова Facebookдаги саҳифаси орқали 22 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиқган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.

Шундан сўнг Хоразмда «Эрк» партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди.

3 октябр куни Маҳмуд Ражаб жазосини ўтаб бўлганидан сўнг очиқликка чиқарилди.

5 октябр куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов xabar.uz сайтига Нафосат Оллошкурованинг руҳий шифохонага мажбуран ётқизилганини тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, 26 сентябр куни қамоқ жазосини ўтаётган Оллошкурова руҳий ҳолатида ўзгаришлар сезилган.

Тез ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетишган.

"Вилоят руҳий асаб касалликлар диспансери томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилиб, фуқаро Н.Оллашукурова руҳиятида ўзгаришлар содир бўлаётганлигини, унда «Психоподобний синдром, поронаяльный синдром» касаллиги аломатлари кузатилганлиги, ўзи ёки атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши, унинг ночорлиги, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсизлиги сабабли, психиатрия муассасасига жойлаштиришни сўраган", дейилади хабарда.

Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 30 сентябрда ҳал қилув қарорига асосан, Нафосат Оллашкурова ғайриихтиёрий тартибда Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган.

Хабарда блогерга қандай дорилар берилаётгани айтилмаган. У нима сабабдан яқинлари билан эркин ҳолатда эмас, балки ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари назоратида кўриштирилганига изоҳ берилмаган.

Блогернинг яқинлари Бош прокуратура изоҳига ишонмаяпти.

Уларга кўра, Шабнам (Нафосат) Оллошкурова блогерлик фаолияти учунгина руҳий шифохонага ётқизилган.

Нафосатнинг руҳий ҳолати яқинларида ҳеч қачон шубҳа уйғотмаган.

Би-би-си манбасининг айтишича, Бош прокуратура хабарида айтилган 26 сентябр куни Шабнам (Нафосат) Оллошкурованинг руҳий ҳолати ва соғлиғи жойида бўлган.

У гўёки тез тиббий ёрдам машинаси билан шифонага олиб кетилгани айтилаётган 26 сентябр куни тушдан сўнг телефон орқали адвокати билан гаплашган.

"Нафосат адвокатга унга нисбатан жиноий иш очишлари мумкинлигини, шундай бўлса ҳимоя қила олиш ёки олмаслигини сўраган. Қамоқ жазосини ўтаётган вақти Нафосатдан Наманганда снос масаласи бўйича ёритган ишларини батафсил сўрашган. У телефон орқали адвокати билан ҳазил-ҳузул қилиб, кўтаринки руҳда гаплашган", дейди Би-би-си манбаси.

Халқаро хавотирлар

Блогернинг мажбуран руҳий шифохонага ётқизилиш ва унинг ҳолати борасидаги маълумотлар сир сақланиши ижтимоий тармоқ ва халқаро ҳамжамиятда хавотир уйғотди.

Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 октябр куни Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат билан чиқди.

Унда Нафосат Оллошкуровани зудлик билан озод қилиш сўралади.

"Агар Ўзбекистон дунё унинг ислоҳотлари жиддий эканлигига ишонишни истаса, у (ҳукумат, таҳ) журналистларни руҳий шифохонага мажбурлаб тиқиш каби тоталитар давлатларнинг амалиётини қўлламаслиги керак", дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича раҳбари Гулноза Саид.

Жазолаш психиатрияси

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Шабнам Оллошкуровани озод қилишга чақириқлар кучайган.

Facebookда БМТ олий комиссари, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, АҚШ Бош котиби, Amnesty international, Human rights watch каби халқаро ташкилотлар номига Шабнамни озод қилиш ҳақида ёзилган мурожаатга 300 яқин инсон имзо чеккан.

Улар Президент Шавкат Мирзиёевдан Нафосат Оллошкуровани озод қилишни талаб қилишга чақирган.

Ўтган сешанба куни Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори ва таниқли блогер Азиза Умарова Оллошкуровани озод қилиш чақириқларига қўшилган

"Нафосатни озод қилинг: Озод давлатда жазолаш психиатрияси нима учун керак?" деб ёзган Азиза Умарова Фэйсбукдаги постида.

"ОАВнинг ёзишича, Хоразмдаги юришни ёритган блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллшкуровани руҳий шифохонага тиқишибди. Юришдан мақсад ИИВ вазири билан учрашиш ва милициянинг ўзбошимчалигидан шикоят қилиш эди. Кекса отасининг айтишича, қизи мутлақ соғлом, муолажага муҳтож эмас, уйида уни 3 яшар эгизак қизлари кутишмоқда".

Азиза Умарованинг қайд этишича, Нафосат Оллошкурова билан бўлган ҳодиса "жазолаш психиатрияси деб номланади вал СССРда жуда кенг тарқалганди".

Муаллиф ўз постига ушбу усул собиқ шўролар мамлакатида сиёсий мухолифлар ва ўзгача фикрловчиларга қарши ишлатилгани таъкидланган маълумотни илова қилган.

Мирзиёев даврида биринчи

Facebook да Шабнам номи билан танилган хоразмлик Нафосат Оллошкурова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён мажбуран руҳий шифохонага ётқизилган биринчи фаол ва умуман, Ўзбекистоннинг янги тарихида руҳий диспансерга жойлаштирилган биринчи блогер бўлган.

Бунга қадар таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева, марҳум Ислом Каримов даврида бир неча марта руҳий шифохонага мажбуран ётқизилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek