Ўзбекистон: Самарқанд "Шарқ тароналари"га қандай тайёрланмоқда

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Самарқанднинг Регистон майдонига оқшом чўкмоқда. Ҳар куни бу ерга Шаҳарнинг турли кўчаларидан юзлаб сайёҳлар оқиб келади. Худди қадимги Рим сингари Самарқанднинг ҳам барча асосий кўчалари Регистонга олиб чиқади.

19-аср охирларида Самарқандга сафар қилган, кейинчалик Англиянинг ташқи ишлар вазири Лорд Керзон 1889 йилда Лондонда чоп этилган китобида Регистонни "дунёнинг энг муҳташам майдони" деб атаганди.

Регистон асрлар бўйи Самарқанднинг юраги, ижтимоий ҳаёт қайнаган маркази бўлган. Бу ерда подшоҳларнинг фармойишлари ўқилган, қатл фармонлари ижро этилган, узоқ ҳарбий сафар тадоригидаги қўшинлар худди шу майдонда саф тортган. Бир вақтнинг ўзида Хитойдан Ўрта ер денгизига узанган Ипак йўлидаги савдо карвонларининг қўнғироқлари эшитилиб турган.

Бошқа оқшомлар Регистондан асрлар қаъридан келаётган ажиб бир сукунат қўшиғи таралади.

Аммо бугун эмас. Бугун бу ерда "Шарқ тароналари" 12 - анъанавий халқаро мусиқа фестивалига тайёргарликлар ниҳоясига етмоқда.

Майдондаги саҳнада дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан келган санъаткорлар миллий мусиқа ва қўшиқларни ижро этишади.

2016 йил сентябрида ўзбекистонликлар Шарқ тароналарига асос солган биринчи президент Ислом Каримовни айни шу майдондан сўнгги манзилга кузатган эдилар.

Ўтган вақт мобайнида мустақиллик ва наврўз байрамлари доҳил, Каримовдан меърос қолган кўпгина байрамларни нишонлаш тарзи ўзгарди.

Аммо "Шарқ тароналари" ташқаридан қараганда ўзгаришсиз қолаётган мусиқа байрамидир.

Президент Шавкат Мирзиёев учун бу Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар борасида дунёга кўпроқ мужда йўллаш учун яна бир фурсат ҳамдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek