You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Омбудсман кўчада қолди
Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Tashkent City қурилиши муносабати билан биносиз қолиб кетганидан шикоят қилган.
Газета.уз нашри Улуғбек Муҳаммадиевнинг 1 март куни мамлакат парламентининг ялпи мажлисидаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
Омбудсманнинг Сенатга айтишича, у бино йўқлиги сабаб "ходимларни штатга қабул қила олмаяпти".
Маълум бўлишича, Tashkent City қурилиши муносабати билан "Тошкент метрополитени" биноси бузилиб, метрополитенга Шайхонтоҳур тумани Ислом Каримов кўчасидаги омбудсман котибияти жойлашган бино берилган.
"Айни вақтда вакил котибияти жойлашган бино бошқа ташкилотга берилган. Шу сабабли янги ходимларни қабул қилиш ва уларни жойлаштириш муаммоси бор. Ўйлайманки, 2019 йилда мазкур муаммога ечим топилади", - дея омбудсманнинг сўзларидан иқтибос келтирган Газета.уз.
Улуғбек Муҳаммадиевнинг айтишича, президентнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисидаги фармонида омбудсман штати саккиз кишига кенгайтирилган, бироқ уларни жойлаштириш билан боғлиқ муаммо сабабли янги ходимларни ёллашнинг имконияти бўлмаган.
Айни мажлисда Тошкент ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев нима учун омбудсман биноси олиб қўйилгани сабабини "Тошкент метрополитени"нинг стратегик муҳим иншоот экани билан изоҳлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳокимият омбудсманга Чилонзор тумани Бешёғоч кўчасидаги бинодан зарур майдон таклиф қилмоқда.
Пойтахт ҳокими агар таклиф қабул қилинса, ҳокимнинг тегишли қарори чиқарилишини айтган.
'Бефойда'
Ўтган йили Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини расман нишонлаган.
Президентнинг бу ҳақдаги фармони мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари борасида дунёдаги имиджини яхшилаш йўлида қўйилган қадамлардан бири сифатида кўрилган.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистон дунёда инсон ҳуқуқларининг аҳволи энг аянчли бўлган диктаторлик тузуми деб таърифланган.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили амалда вазиятни ўнглаш учун ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган ва номига ташкил этилган идора сифатида кўрилади.
Ўтган йилларда расмийлар ҳуқуқ бузилишларига асосан фуқароларнинг ҳуқуқий саводсизлиги сабаб эканини рўкач қилиб келишган.
Аммо Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида Адлия вазири Русланбек Давлатов биринчи марта ушбу расмий важни йўққа чиқарган.
Вазирга кўра, агар жамиятда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳақиқий аҳвол ўзгармаса, ҳеч қандай ҳуқуқий тарғибот фойда бермайди.
"Хорижий давлатларда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги жуда ҳам баланд, деб айтиб бўлмайди. Улар қонунларни ўқиб, адолатга эришмайди. Уларда давлат идоралари фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Тизим шундай ташкил этилган", - дея Русланбек Давлетовнинг сўзларидан иқтибос келтирган Газета.уз нашри.
2017 йил мартидаги ҳисоботида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад ал-Ҳусайн мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланаётганини эътироф этган.
Шу билан бирга, у Ўзбекистондан қийноқлар, ноинсоний муносабат, асоссиз ҳибсга олишлар, сўз эркинлигининг йўқлиги, жамоат фаоллари, журналистлар ва мухолифатга нисбатан таъқиблар борасида хабарлар келишда давом этаётганини ҳам айтган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek