Ўзбекистон ва Америка: Ўзбеклар нима қилишаяпти?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Америка Қўшма Штатлари мисли кўрилмаган қаҳратон совуқдан зиён чекмоқда.
Аномал совуқ аллақачон ўндан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган.
Америка дунёнинг энг катта сондаги ўзбеклар истиқомат қилувчи учта давлатидан биттаси бўлади.
Чорак миллиондан ортиқ америкалик эса, мисли кўрилмаган бу табиий офатдан зиён чекишган.
Жабр кўрганларнинг аксарияти Шимолий Дакота, Висконсин, Айова, Миннесота, Мичиган ва Иллинойс штатларига тўғри келган.
Агар, Вашингтондан журналист суҳбатдошимиз Навбаҳор Имамованинг сўзларига таянилса, ўзбеклар Америка Қўшма Штатларининг айни шу штатларида кўпроқ истиқомат қилишади.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.
Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.
Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг ўтган йилги сўрови Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.
АҚШ ва аномал совуқ

Сурат манбаси, Getty Images
Ғайриодатий ва кутилмаган совуқдан энг кўп шимолий-ғарбий штатлар зиён чекишган.
Хабарларга кўра, у ерларда ҳаёт деярли тўхтаб қолган.
Айрим ҳудудларда, жумладан, Миннесотада ҳаво ҳарорати -51-55 даражага тушиб кетган.
Чикагода ҳаво ҳароратининг ҳатто -53 даража совиб кетиши ҳам тахмин қилинган.
Бу каби совуқ эса, одатда, Арктика каби Шимолий Қутбга хос ҳудудларга нисбат бериб келинган.
Айтилишича, бунга ўхшаш ҳолат Америка Қўшма Штатлари тарихида камдан-кам кузатилади.
"Биз гаплашган ўзбекларга кўра, ораларида аномал совуқдан ундай бир қаттиқ зарар кўрганлари йўқ", - дейди журналист.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, бунга Америка Қўшма Штатларидаги ўзбеклар ижтимоий тармоқларда бўлишаётган ва ўз ҳаётлари, таассуротлари акс этган суратлар, видеотасвирлар ҳам мисол бўла олади.
Маълум бўлишича, мазкур штатларда яшаётган ўзбеклар аксарият ҳолларда совуқ ҳаво, қишнинг қаҳратонига мослашиб кетишган.
Ҳатто, шу қадар кўникишганки, маҳаллий америкаликларнинг совуқ ҳавога муносабатлари бугун уларни ҳайратга солиш даражасига борган.
Улар, "Америкаликлар дарров совуқдан, қордан ваҳима қилишади", - дейдиган ҳам бўлишган.
Вазият

Сурат манбаси, AFP
Америка Қўшма Штларидан олинган хабарларга кўра, қалин қор ва қаҳратон совуқ туфайли аксарият шаҳарларда мактаблар, давлат идоралари ва музейлар ёпилган.
Айова штати масъуллари орада аҳолини жуда зарур бўлмаса, кўчага чиқмасликлари билан огоҳлантиришган.
Баъзи бир штатларда эса, ҳатто, одамларга қандай нафас олиш-олмаслик, иложи бўлса, камроқ гапиришларигача айтилган, қатъий маслаҳат берилган.
Совуқнинг қанчалик аномал экани айрим америкаликларнинг ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган ҳазил-ҳузулларидан ҳам кўринган.
Улар очиқ ҳавога қўйган кийим-кечак, тухум, учирган совун пуфаклари шу туришича музлаб, қотиб қолган.
Американинг йирик ҳаво ширкатлари икки мингга яқин парвозни бекор қилишган.
Об-ҳаво мутахассисларига кўра, бу каби табиий офатга Арктикадан кириб келган ўта совуқ ҳаво оқими сабаб бўлган.
Олимлар эса, Америка Қўшма Штатларидаги мисли кўрилмаган совуқни глобал иқлим ўзгариши билан боғлашмоқда.
Глобал иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган халқаро миқёсдаги турли битим ва келишувларга ўзининг кескин қарши мавқеи билан танилган АҚШ Президенти Дональд Трамп бу гал ҳам олимларнинг фаразларини очиқчасига савол остига олган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












